muslim.uz

muslim.uz

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси маслаҳатчиси, устоз Салоҳиддин домла Шарипов бугун пешин намозида Шайхонтоҳур туманидаги “Хўжа Аламбардор” жоме масжидига ташриф буюрдилар.

Намоздан сўнг устоз йиғилганларга шукрона ва Ватанга муҳаббат ҳақида жуда таъсирчан маъруза қилиб бердилар.

Шундан кейин “Камолон” маҳаласидаги бемор фарзанди бор оила ҳолидан хабар олиниб, у оилага “Вақф” хайрия жамоат фонидан ажратилган пул ҳамда совғалар топширилди.

ЎМИ матбуот хизмати

Бугун, 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан ўтказилган “Йилнинг энг фаол журналисти” танлови ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда мамлакатимиз ОАВ вакиллари, фахрий журналистлар ва талаба-ёшлар иштирок этди.

Мазкур танлов Ўзбекистон журналистлар ижодий уюшмаси томонидан ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинади. Ушбу Республика танловида журналистиканинг барча – матбуот, телевидение, радио, интернет ва фотожурналистика йўналишларидаги журналистларнинг ижодий иши сараланади. 2021 йилги танловда 180 нафарга яқин журналистдан 2000 дан зиёд ижодий ишлар топширилди. Улар орасидан 30 нафар ғолиб ва совриндорлар аниқланди.

Танлов ғолиблари сафида Muslim.uz сайти мухбири Баҳриддин Хушбоқов ҳам “Йилнинг энг фаол журналисти” деб эътироф этилди.

Аллоҳ таоло танловнинг барча ғолиблари қатори ҳамкасбимизга ҳам мукофот ва эътирофни муборак қилсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Аввал, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчиликларидаги бир гуруҳ уламолар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига ташрифлари давом этаётгани ҳақида хабар берган эдик.
Ўтган куни муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчиликларидаги уламолар Тошкент шаҳридаги “Олтинтепа” жоме масжидига мўмин-мусулмонлар билан бирга-бирга пешин намозини адо этиш учун ташриф буюрдилар.
“Олтинтепа” жоме масжиди имоми Исломиддин домла Зуҳриддинов қавмга чиройли суҳбат ва дуолар қилиб бериш учун муфтий ҳазратлари ташриф буюрганларини билдириб, сўзни у кишига берди.
Муфтий ҳазратлари ўз мавъизаларида бугунги кунда мўмин-мусулмонларга муҳтарам Президентимиз раҳнамоликларида жуда катта имкониятлар берилаётгани, шароитлар ҳозирланаётгани ҳақида гапириб, диний-маърифий соҳада қилинаётган ўзгаришлар, янгиланишлар ва хушхабарлар ҳақида сўзлаб бердилар.
Файзли мавъизада муфтий ҳазратлари намозхонларга бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган муборак динимиз тараққиёти йўлидаги хайрли ишлар, янги-янги ижроотлар, хушхабарлар ва бундай неъматларга ҳар бир киши туну кун Парвардигорга шукрона қилиши лозимлигини айтиб, Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. У – хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик”, мазмунидаги ҳадиси шарифларини изоҳлаб бердилар.
Айни кунларда бутун дунёга катта ташвиш бўлиб турган коронавирус пандемияси даврида инсон саломатлик ва хотиржамлик неъматини янада теранроқ англашини муфтий ҳазратлари билдирдилар. Бу ҳам бўлса, Аллоҳ таолонинг синови экани, инсон тинчлик ва саломатликни қадрига доимо етиши зарурлигини ўқтирдилар.
Муфтий ҳазратлари сўзларида давом этиб, Тошкент шаҳридаги 120 дан зиёд жоме масжидлар кундан-кунга обод бўлиб бораётгани, хусусан, “Сирож Солиҳ”, “Сузук ота”, “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф”, “Имом Термизий” каби жоме масжидлар янгидан қурилганини сўзлаб бердилар.
Муфтий ҳазратлари Давлатимиз Раҳбари раҳнамоликларида диний соҳадаги ўзгаришлар, янгиланишлар ҳақида сўз юритиб, хусусан, Мир Араб мадрасасининг дунёдаги нуфузини инобатга олган ҳолда олий мақомга кўтарилгани, 500 йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик кўрилаётгани, Халқаро Ислом академияси, Ҳадис илми олий мактаби, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, илмий мактаблар ўз фаолиятлари йўлга қўйилгани, яқинда ташкил этилган Имом Термизий ўрта-махсус ислом билим юрти тўрт йилдан кейин олий бўлиши, Имом Бухорий ҳазратларига мос шаклда мажмуа қайта бунёд этилаётгани, Етти Пир обод қилинаётгани ҳақида сўз қилиб бердилар. Мана шундай ўзгаришларни кенг халқимиз, айниқса, ёшларимизга етказиш зарурлиги тўғрисида гапирдилар. Ёшларимиз фақат имом-хатибларга эргашишларини алоҳида таъкидладилар.
“Олтинтепа” жоме масжидига жамланган намозхонлар муфтий ҳазратларидан дилни қувонтирадиган янгиликлар ва имону ихлосни бойитадиган сўзларни тинглаб, ўз миннатдорликларини изҳор этдилар.

 

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Воскресенье, 27 Июнь 2021 00:00

“Тараққий” газетаси

 

Ўзбекистон мустақилликка эришгач, миллий тарихимизни ўрганишга бўлган эътибор ортиб борди. Жумладан, ўзбек матбуотининг тарихи кенг ўрганила борди. Бундай тадқиқотлар натижасида биринчи миллий газетамиз “Тараққий” газетаси ташкил топган кун 1995 йил 27-июндан “Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни” деб эълон қилинди.

Чунки Туркистон жадид зиёлилари миллий газета чиқариш йўлида ҳаракатлари самараси сифатида 1906-йил 27-июнида Тошкент шаҳрида “Тараққий” номли газета чиқаришга эришдилар.

“Тараққий” таҳририяти ўша вақт Тошкент шаҳар Ўратепа кўчаси 97-уйда жойлашган. Газета баҳоси бир йиллига 5 сўм, олти ойлиги 2 сўм 50 тийин, 3 ойлиги 1 сўм 50 тийин, бир ойлиги 50 тийин бўлиб, бир донаси 5 тийиндан сотилган.

Жадидларимизнинг илк нашрида эълонлар ҳам босилиб, биринчи саҳифада 40 тийиндан, охирги саҳифада эса 20 тийиндан тўланган.

“Тараққий” газетаси шиори: “Нажот: маслакда сабот; тўғрилиқна ижобат” деб номланган. Фаолияти “илмий, адабий,сиёсий, фажий, тижорий газета” бўлган. Исмоил Обидий ушбу газета муҳаррири бўлган. Унга Мунаввар Қори Абдурашидхонов энг яқин ёрдамчи бўлган.                               

“Тараққий” фаолияти узоққа чўзилмади. Атига 20 сонигина дунё юзини кўрди. Аммо илк миллий-тараққийпарвар газетамиз мана шу оз вақт давомида катта ютуқларга эриша олган. Энг муҳим миллий журналистикамизга тамал тошини қўйиб, унинг давомийлигини таминлаган.

 Аслида газета катта мақсадларни ўз олдига қўйган. Жумладан: “биз бир монеъ сабабидан газетамиз бир оз вақтгача қадимий тараққий исми ила таслим қилинуб нашр этулса ҳам иншоллоҳ тез фурсатда “Шарқ” исми ила тасмиҳ қилинур” - деб “Тараққий” газетасининг илк сонида маълум қилган эди.  Газетани “Тараққий” газетаси ҳақида тадқиқот олиб борган Чўлпон, Авлоний, Зиё Саидлар бир овоздан ҳукумат томонидан ёпилганини ёзади. Ҳақиқатдан озодлик, эркинлик ғоялари яширинган ҳур фикрли мақолалар мустабид тузум амалдорларига ёқмаслиги аниқ эди.       

 “Тараққий” газетасида Исмоил Обидий ва Мунаввар Қори Абдурашидхонов билан бирга Шокир Мухторий, Исмоил Алиев, Малзу ал Фиқор, “Қаламкаш” каби публицистлар ўз мақолалари билан иштирок этиб туришган.

Ушбу газета фаолияти тўхтатилгандан кейин тараққийпарвар зиёлиларнинг журналистик ишлари тўхтаб қолмади, аксинча ривожланиб борди ва кўплаб газета ҳамда журналлар дунё юзини кўрди.

Тошкент ислом институти

“Ижтимоий фанлар” кафедраси

мудири О.Э. Тангиров

 

 

 

Яратган Парвардигоримизга беадад шукрлар бўлсин, бугунги кунимиз кечагидан, эртамиз бугунимиздан кўра фаровон, турмушимиз янада маъмур бўлиб боряпти. Бунинг тасдиғини ҳар қадамда учратиш мумкин. Албатта, бундай муваффақиятлар замирида муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан узоқни кўзлаб олиб борилаётган хайрли ишлар мужассам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчилигидаги бир гуруҳ таниқли уламолар бугун пойтахтимизнинг Олмазор, Шайхонтоҳур, Миробод, Мирзо Улуғбек, Яккасарой, Янгиҳаёт ва Сергели туманларига ташриф буюришди.

Ташриф давомида маънавий-маърифий учрашувлар, ҳудудлардаги аҳоли вакиллари билан юзма-юз мулоқотлар, таниқли уламолар иштирокида жоме масжидларда суҳбатлар ўтказилиши ва эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиш каби хайрли ишларни амалга оширилди.

Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ҳамда Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Абдуқаҳҳор домла Юнусов Мирзо Улуғбек туманидаги “Олтинтепа” жоме масжидига ташриф буюриб, намозхонлар биан учрашди, уларга сўнгги йилларда юртимизда амалга оширилаётган, диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар ҳақида сўзлаб берди:

  • Бугун юртдошларимиз, мўмин-мусулмонларимиз ҳар қачонгидан ҳам кўра кўпроқ шукр қилишлари керак, – дейди муфтий ҳазратлари. – Чунончи, ҳаётимиз чек-чегарасиз моддий-маънавий неъматлар билан тўла. Илм-маърифат, соғлик, мол-давлат, фарзанд, қадр-қиммат сингари инъомлар билан сийланганмиз. Буларнинг барчаси тафаккур ва тадаббур қилишга ундайди. Неъмат етганда унинг шукрини унутиш, мусибат етганда эса умидсизликка учраб, туғёнга кетиш заиф ва иродасиз кишилар ишидир.

Суҳайб розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Мўминнинг иши ажойиб. Унинг барча иши яхшиликдир. Бу фақат мўмин учунгина хосдир. Агар унга хурсандчилик етса, шукр қилади, бунинг учун унга яхшилик бўлади. Агар унга зарар етса, сабр қилади, бунинг учун унга яхшилик етади(Имом Муслим ривояти), деб марҳамат қилганлар.

Шундан келиб чиқиб, ҳар биримиз бугун шукрни янада кўпайтиришимиз керак. Зеро, кўп шукр нематларнинг зиёда бўлиши омилидир.

* * *

Шунингдек, бугун пешин намозига Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон қори Ишматбеков “Коҳ ота бузруг”, Жалолиддин домла Ҳамроқулов “Усмон ибн Мазъун”, Шукрулло домла Эгамбердиев “Минор” ва Аброр Мухтор Али “Имом ат-Термизий” жоме масжидларига ташриф буюриб, мўмин-мусулмонларга “Шукрнинг фазилати ва юртимизда диний-маърифий соҳаларда амалга оширилаёган ислоҳотлар” мавзусида чиройли маърузалар қилиб беришди.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси бош директори ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари бугун пешин намозида Яккасарой туманидаги “Яккасарой” жоме масжидига ташриф буюриб, ҳудуддаги “Яккасарой”, “Тўқимачи” ва “Мерос” маҳалла фуқаролар йиғинлари аҳолисига “Шукрнинг фазилати ҳамда юртимизда диний-маърифий соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти” мавзусида маъруза қилиб бердилар.

Иброҳимжон домла Иномов, устоз Салоҳиддин домла Шарипов ва  бир гуруҳ уламолар Тошкент шаҳрининг “Қўйлиқ ота”, ва “Валихўжа ўғли Норхўжа” масжидларига бориб, мўмин-мусулмонлар билан дилдан суҳбатлашди.

Уламоларнинг ташрифидан хабар топган мухлис мўмин-мусулмонлар масжидларни тўлдиришди. Маърузалар сўнгида намозхонлар олимлардан ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олишди.

* * *

Ҳар бир кишининг ўзига яраша ташвиши, муаммоси бўлади. Ана шундай кишиларга кўмаклашиш динимиз амридир. Зеро, ҳадиси шарифда: “Ким бу дунёда бир мусулмоннинг ташвишини аритса, Аллоҳ таоло охиратда унинг ташвишларини аритади”, дейилган (Имом Табароний ривояти).

Таниқли уламолар Олмазор туманидаги “Эски шаҳар”, “Умид” ва “Шодиёна” маҳаллалари аҳолиси билан учрашиб, уларни қийнаётган муаммоларнинг бартараф этилишига кўмаклашди.

* * *

Пойтахтимиз маҳалларига ташриф жараёнида аёллар, отинойилар ҳамда Тарғибот  гуруҳлари аъзолари ҳам фаол иштирок этмоқда.

Бугунги ташриф асносида Дин ишлари бўйича қўмита масъул ходими Омила Арипова, Ўзбекистон мусулмонлари  идораси маъсул ходими Марямхон Абдуллаева Сергели, Янгиҳаёт ва Олмазор туманлари маҳаллаларида бўлишди.

Улар Тарғибот гуруҳлари раҳбарлари, ҳудудларга бириктирилган отинойилар ҳамда маҳалла фаоллари билан биргаликда Сергели туманидаги “Соҳибқирон” маҳалласида, Янгиҳаёт туманидаги 285-мактабда хотин-қизлар билан учрашувлар ўтказишди.

Олмазор туманидаги “Эски шаҳар”, “Умид” ва “Шодиёна” маҳаллаларида яшовчи оилаларга кириб, улар билан мулоқот қилиб, дилдан суҳбатлар уюштиришди.

Аҳолига юртимизда инсон манфаатларини кўзлаб амалга оширилаётган ислоҳотлар, хотин-қизларга қаратилаётган эътибор ҳақида сўзлаб беришди.

* * *

Ташрифлар давомида “Вақф” хайрия жамоат фондига моддий ёрдам сўраб мурожаат қилган ҳеч бир оила эътибордан четда қолмади. Бундай оилаларнинг ҳар бирига фонд томонидан ажратилган пул маблағлари ҳамда совға томонидан саломлар етказиб берилди.

* * *

Бир кунлик ташрифлар фақат ана шу хайрли ишлар билангина чекланиб қолмади. Яна қанчадан-қанча одамларнинг кўнглига илиқлик кирди, маҳаллалар аҳолисининг, мўмин-мусулмонларнинг маънавияти, маърифати юксалди. Энг муҳими, уламоларнинг ибратли маърузалари, савол-жавоблар барчага бирдек манзур бўлганини уларнинг: “Яна тез-тез келиб туринглар”, деганидан ҳам билиш мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, бундай хайрли ташрифлар ҳазрат Алишер Навоийнинг “Одамий эрсанг, демагил одами, ониким, йўқ халқ ғамидин ғами” деган ҳикматининг ҳамда Заҳириддин Муҳаммад “Бори элга яхшилиғ қилғилки, мундин яхши йўқ”, деган сўзларининг амалдаги инъикосидир. Зеро, халққа, юртдошларимизга хизмат қилиш инсонийликнинг олий мезонидир.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Тошкент шаҳар вакиллиги

Матбуот хизмати

Янгиликлар

Top