muslim.uz

muslim.uz

Вторник, 08 Август 2017 00:00

“Ғурбатда ғариб...”

 

Сатр қатидаги хазина

 

                 Ғурбатда ғариб шодмон бўлмас эмиш,

                 Эл анга шафиқу меҳрибон бўлмас эмиш.

                 Олтун қафас ичра гар қизил гул бутса,

                 Булбулға тикандек ошён бўлмас эмиш.

Устозларимиз ўгит берганидек, ҳар қандай бадиий асарни тадқиқ қилишдан олдин асар муаллифи, яъни ижодкорнинг тафаккур олами, дунёқараши, эътиқоди ва ўзига хос табиатини ўрганиш орқали унинг ижодини имкон даражасида  холис баҳолаш мумкин экан. Шу маънода кўп йиллик илмий изланишлардан кейин улуғ бобокалонимиз Алишер Навоийнинг ихчамгина бир асарини тадқиқ ва таҳлил этишга журъат этдик. Кўпчилик деярли ёд биладиган ва айрим анжуман-тадбирларда такрор-такрор ўқиладиган “Ғурбатда ғариб шодмон бўлмас эмиш” деб бошланадиган машҳур рубоийга илмий тадқиқотлар ва ўқув дарсликларда шарҳлар берилиб, унинг яратилиш тарихига тўхтаб ўтилган ва моҳиятини очиб беришга ҳаракат қилинган. Уларда асосан рубоийнинг зоҳирий маъноси билан кифояланиш натижасида юзаки ҳамда бирёқлама хулоса чиқарилиб, шоир назарда тутган асл мақсад очилмай қолавергандек, назаримда.

Мактаб ёшидан биламизки, Ҳусайн Бойқаро билан Алишер Навоий қадрдон дўст бўлишган ва устозлари Абулқосим Бобур ҳузурида таҳсил олишган. Ҳусайн Бойқаро Хуросон тахтини эгаллагандан кейин Алишер Навоийнинг нуфузи ва обрў-эътибори янада ошиб, саройда вазир ва муҳрдор лавозимларида ишлайди. Манбаларда айтилишича, айрим “реакцион гуруҳ”ларнинг ҳасад ва адовати туфайли Навоий саройдан четлатилиб, Хуросоннинг чекка вилояти – Астрободга сургун қилинган. Шу воқеа сабаб устоз ва ёру дўстларидан узоқда яшаб турган шоир мазкур рубоийни битганига ҳужжат-далил келтирилади. Бир жиҳатдан қаралса, бу фикрда ҳам асос йўқ эмасдек. Дастлаб саройда нуфузли лавозимларда ишлаб, шоҳ назаридан қолиб, Астрободга сургун қилинса, бу ҳол ижодкор руҳиятига таъсир ўтказмаслиги мумкин эмас. Навоийдек нозиктаъб шоир дўсти билан ораси бузилгани туфайли сарой мансабидан маҳрум этилишига бефарқ қарамагандир. Шу боис ўз вақтида мазкур рубоийда шахс эрки, Ватан муҳаббати, ватанпарварлик ва эрксеварлик ғоялари акс эттирилганига кўп урғу берилган. Навоийшунос Иброҳим Ҳаққул бир ўринда рубоийни бундай йўсинда талқин қилиш нотўғрилигини пайқаб,  уни жуда жўн ва юзаки тушунтириш муддаони ҳал этмаслигини, эскича, яъни шўро мафкураси ва сиёсати талаблари асосида талқин қилиш мутлақо яроқсизлигини таъкидлайди. Аслида ҳам, оддий ва соддадек кўринган рубоий матни ва моҳиятини тўғри тушуниш учун гапни узоқроқдан бошлашга тўғри келади. Қолаверса, Навоийдек улкан қалб эгаси кимларгадир тиш қайраб, аламзадалик билан рубоий битганида ушбу рубоий ўз асридан нарига  ўтмаслиги мумкин эди.

Дастлаб мазкур рубоийдаги ғурбат ва ғариб истилоҳларининг маъно-моҳиятига теранроқ назар солинса, муддаога етиш осонлашади. Чунки рубоийнинг бутун моҳияти ва ғоявий мазмуни шу икки истилоҳ асосига қурилган десак муболаға бўлмайди.  Шоирлар султони, дея улуғланган Алишер Навоий ҳар бир сўзни ўз ўрнида ва исроф қилмасдан қўллаши шубҳа туғдирмайди, шунингдек, ҳар бир сўзни назм ипига дурдек тизиб, ортиқча мулоҳазага ўрин ҳам қолдирмайди. Бу хусусда навоийшунос олимлар ўз тадқиқот ишларида кўп ёзганлар. Мумтоз адабиётимизда соқий, май, майхона, харобот, юз, кўз, ораз ва бошқа шу каби сўзлар луғавий маъносидан ташқари рамзий-тимсолий истилоҳ сифатида қўлланган. Шундан келиб чиққан ҳолда айтиш мумкинки, мазкур рубоийдаги  ғурбат, ғариб, эл, қафас, булбул ва гул каби сўзларнинг зоҳирий  маъноси билан чекланилса, асл мақсад очилмайди ва нотўғри хулоса чиқариб қўйиш мумкин.

 “Навоий асарлари луғати”да ғариб сўзи  икки маъноли бўлиб, бири мусофир, бошқа жойдан келган, кимсасиз, иккинчиси ажойиб, қизиқ, камёб маъноларини билдиради. Ғурбат сўзининг ғариблик, кимсасизлик, мусофирлик ва ўз ватанидан узоқда қолиш каби маънолари мавжудлиги келтирилган. Дастлаб шу икки истилоҳнинг қайси маънода қўллангани аниқлаб олинса, рубоийда ифодаланган маъно қатламига кириш ўқувчига машаққат туғдирмайди. Луғатда келтирилган ғариб ва ғурбат истилоҳини бир юртдан бошқа юртга бориб, яшаётган мусофир ва бегона маъносида тушуниш тўғри эмас. Демак, ғариб сўзининг юзаки, яъни луғавий маъноси билан чекланилса, шоир томонидан санъаткорона тарзда устига парда тортилган маъно дурини қўлга киритиб бўлмайди. 

“Маҳбуб ул қулуб” асаридаги бир танбеҳда яхшилик ва ёмонлик ҳақида сўз борганда:“ Одам била шайтон мухолифатин унутма. Ота душманин ўзунгга дўст тутма. Отангни биҳиштдек маъманидин жало қилди ва йиллар хокдон ғарибистонида залил ва мубтало қилди. Ва отанг авлодидин баъзи анга интиқом туздилар ва хору забун қилиб жафолар кўргуздилар. Нафсни чу тақво риёзати била зеридаст қилдилар – шайтонни залиллиқ била ерга паст қилдилар. Сизнинг адоватингиз ҳаргиз адам бўлмас. Бу душманлиқ орангиздан ҳаргиз кам бўлмас. Бу ғолиб душмандин бир дам ғофил қолма, ўчиролмас исён ўтин ўз хирманингға урма”, дея одам фарзандлари огоҳлантирилган. Мазкур танбеҳдаги “одам” ва “ота” ким ва нега шайтон билан душман тутинади, деган саволга жавоб бериш учун диний-тасаввуфий манбаларга мурожаат қилишга тўғри келади. Одам аслида Одам Ота бўлиб, унинг жаннатдан ер – хокдон ғарибистонига бадарға бўлиб, меҳнат-машаққат, хорликка мубтало этилиши  бу дунё яралиши ва унинг ибтидосига бориб тақалади. Одам ато беҳиштдек маъман - роҳат-фароғат, омонлик-тинч макондан бу дунёга қувғин қилинган “Ғурбатда ғариб...” рубоийсининг етакчи мотиви, инсонга бу фоний оламга бошқа оламдан келган мусофир ва ғариб деб қаралади. Жаннат - асл ватан, хокдон ғарибистон – ер юзи, яъни фоний макон. “Фарҳод ва Ширин” достонида:” Муни маъман дема, дегил харобе, муни маскан дема, дегил ҳубобе”, дейилганида айнан ер юзи назарда тутилган. Одам Отанинг Парвардигори олам назаридан қолиб, беҳиштдаги нозу неъмат ва хотиржам ҳаётдан бу дунёга тушиши бир ғариб кимсанинг ғурбатхонага келиб қолишини эслатади. Мазкур рубоийда одамзот тарихининг ибтидо ва интиҳоси, бу дунёнинг роҳат-фароғати ва завқ-шавқи муваққатлиги учун уни ғурбатхона, ўзини эса ғариб деб аташига ишора қилинмоқда ва ғурбатда шодмон бўлмасликнинг асл сабаби ҳам шу. Фарҳод ўз тилида “ Менинг ишқ эрмиш аввалдин сариштим, яна ғурбатда ўлмак сарнавиштим”, деганида шунга уйқаш маънони тушунилади. Сарнавишт олдиндан белгиланган, тақдир маъносини берса, сарришта ипнинг учи, баҳона ва сабабчи маъносида. Мўътабар манбаларда  Одам Ота ва Момо Ҳаво ман этилган жаннат дарахти мевасидан олиб еганлари учун қувғинга учраб, ер юзида яшайдиган илк ғариб инсонга айланишади. Қолаверса, бу ғурбат жой  биргина Одам Отага эмас, балки унинг авлодларига ҳам мерос бўлиб ўтади. То қиёматга қадар Одам Ота ва Момо Ҳаводан тарқалган авлодлар ер юзи – хокдон ғарибистонни манзил тутиб, дунёга келган ҳар бир инсон ғарибликда ғурбат аччиғини тотиши, азоб-уқубатини чекиши тақдирга битилган. Аммо яна аслий ватанга бориш учун шайтони лаъинни душман тутиб, унинг ҳийла-найрангига алданмасдан ҳаёт кечириш керак экан. Бу дунё қўналға, мусофирхона, ғурбатхона дея қаралгани сабаб одамзот унда абадий яшаб қололмаслиги ва албатта бу дунё сафари бир кун ниҳоя топишини билдиради. Алишер Навоий бир ғазалида:

Ғурбат ичра йиғлар эрдим истабон ёру диёр,

Чунки топтим истамак ғурбат эрур беҳад ғариб, –

деганида ҳам бир ўқишда ватанидан қувғинга учраб, қаттиқ қайғуга ботган кимсанинг ҳолати тушунилиши табиий. Аммо ундаги ғурбат, ёру диёр ва ғариб маъноларига юзаки ёндашилса, байтнинг моҳиятини англаб бўлмайди. Дин тарихида пайғамбарлар, валий ва аллома зотлар бу дунёнинг ўткинчи эканини, унга кўнгил боғлаб бўлмаслигини ҳамда бир зумда елдек ўтиб кетишини таъкидлаб, ундан ўзларини тортганлар. Оддий қилиб айтадиган бўлсак, нотинч ва уруш-жанжал кўпайган жойни халқимиз ғурбатхона дейди. Бировнинг уйида ҳар куни нотинчлик бўлиб, уруш-жанжал, тўс-тўполон бўлаверса, ғурбатхона бўлибди, у ерга борма, деб айтишади. Навоий бу дунёни ғурбат деб атаганида оддий халқ тилидаги шу маънони ҳам эътибордан соқит қилмаган. Жалолиддин Румийнинг “Маънавийи маснавий” муқаддимасида найнинг қамишзордан кесиб олинганидан кейин оҳу нола чекишига ўз оламидан жудо бўлиб, ғарибга айланиши сабаб сифатида кўрсатилади. Шу боис най ўз ватанидан айрилиб, дунё ғурбатхонасига тушганига оҳу фиғон тортади, қалбларга ғам-қайғу улашади. Най инсон руҳи, уни руҳлар оламидан бу дунёга келтирилди, у яна ўша оламга қайтиб бориши даркор. Найнинг ғариблик ҳолати билан таҳлил этилаётган рубоийдаги ғариблик муштарак маъно касб этади.

“Маҳбуб ул қулуб” асаридаги яна бир танбеҳда: “Ҳар ким адам ниҳонхонасидин вужуд анжуманиға қадам урубтур ва бу бақосиз оромгоҳда бир нафас ўлтурубтур, яна қайтиб асли ватаниға азм этмак керак ва қайдин келибдур яна ул ён кетмак керак”, дейилганида бақосиз оромгоҳ билан олдинроқ келтирилган танбеҳдаги хокдон ғарибистон бир маънони беради, асл ватан эса яна Одам Ота ва Момо Ҳаво маскан тутган, бир муддат яшаган жаннатдир. Рубоийда келтирилган ғурбат — бу дунё, унга келган одам ғариб ҳисобланса, бу ғурбатда ғарибликни ҳис этган киши шод-хуррам бўлолмаслиги аниқ, қолаверса, эл – олам аҳли ҳам бир-бирига адоватда яшайди, низолашади, ҳақни талашади-тортишади. Инсоният тарихида Одам Ота бу дунёга келган илк ғариб инсондир. Одам фарзандларига ғариблик Одам Отадан мерос, меҳнат-машаққат, дард-оғриқ, жабру ситам чекиладиган жой ғурбат. Аммо шу ғурбат жойда азалий меросни унутиб, беш кунлик дунё, яъни ғурбатни ўзига шод-хуррамлик макони деб билган киши адашади. Рубоийда келтирилган ғурбатдаги ғариб кишининг шодмон бўлолмаслиги дарсликларда  айтилганидек, эрк туйғуси ва ватанидан узоқда бўлиш, бегона элда  шод-хуррам бўлолмаслиги эмас, ғайб оламидан ерга туширилган одамзот қавмини билдиради. Яна мазкур рубоийнниг охирги радифи “эмиш” билан тугалланганига аҳамият берилса, “экан” дегандан “эмиш” сўзи бу дунё ибтидоси ва интиҳоси чексиз эканлиги боис рубоийни “эмиш” радифи билан тугаллаш шу маънода бу жараёнга  афсонавий тус берилиб, фикр қамровига оғир эканлигига ишорадир. Қолаверса, бу ғурбат жойда неча минг йиллардан бери нафси учун қон тўкиб, разолат ва қабоҳат ботқоғига ботганлар аслида ўзлиги, асл ватани, яъни қаердан келганини унутиб яшаётган “эл” дир. Олам аҳли бу дунёда ғариб эканини ҳис этмаса, вақтинча яшаб турган жойини ғурбат деб билмаса, бир-бирларига озор етказади, бир-бирининг ҳақини ейди, ҳасад ва душманлик қилиб, бир-бирига мушфиқ ва меҳрибон бўлолмайди. Бу дунё ҳаёти ўткинчи, бири кетса, ўрнига яна бошқаси келаверади. Шу тариқа ҳаёт давом этиб, ҳеч қачон интиҳоси йўқдек таассурот қолдиради. Бироқ озгина яшаб, ўлим аччиғини тотадиган киши бу дунё ҳаёти абадий эканига ишонадими? Шуни англаб яшаган киши, албатта бу дунёда ўзини ғариб ва бегона ҳис этади, ҳаёт ва ўлим моҳиятини англаб етади, бу дунёнинг ўткинчи матоҳи ва орзу-ҳавасларига қул бўлмайди. Шу боис Фарҳод ва Мажнун ўзини бу дунёда ғариб ва танҳо деб билади, ўзини тутшунмайдиган “эл”дан узоқлашишга мажбур бўлади, ҳайвонлар билан улфат тутинади. Фарҳод бир ўринда ўзини заиф, нотавон, ғариб, ошиқ, бухонумон, дея атагани ҳам бежиз эмас. Навоий рубоийда ғурбат ва ғариблик деганда бу дунёнинг муваққат, ғурбат жойда қолиш, хурсандлик унга татимаслиги ва бу олам завқ-шавқидан ортиқча хурсанд бўлолмаслигини оддий ва содда тарзда тушунтирмоқда. Чунки  бу дунёда муҳайё этилган лаззат ва роҳатлардан тотган инсон, бу роҳат ва лаззатларнинг бир кун бориб тугашини кўз олдига келтириши билан ҳафсаласи пир бўлади.

 Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, рубоийнинг олдинги икки байти билан кейинги икки байти ўртасида мантиқий боғланиш бузилгандек кўринса-да, аммо унинг маъно-моҳиятига етиб бориш орқали шоир маҳорати юксак эканига амин бўламиз. Мумтоз адабиётимизда булбул ва гул ошиқ билан  маъшуқа тимсоли сифатида оддий ҳамда кўчма маънода қўлланиши кўп учрайди. Гул маъшуқа маъносини беришдан ташқари роҳат, май қуйиб берувчи, дунё ва моддий лаззат, баҳор, жон, май, тахт деган бир қанча маъноларда ҳам истеъмол этилади. Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ: ”Бу жасадлар қушларнинг қафасидир, ҳайвонларга ноғорадир. Нафсинг ҳақида тафаккур қил. Эй сен кимса, агар улуғ қушлардан бўлсанг, ноғора садосин эшитган заҳоти Роббингга қайт”, деган. Навоий қафас, булбул ва гул истилоҳларини келтириш орқали ғариблик мақомида туриш ҳолатини чизиб кўрсатмоқда. Чунки қафасга тушган булбул қандай қилиб чшнаб-очилиб ўзига жалб этиб турганига қарамасдан бир куни сўлиб, заволга учрайдиган гулга кўнгил боғлайди? Бу дунё бебақо бўлсаю ундаги гулга муҳаббат изҳор этиши ва унинг муҳаббатига маҳлиё бўлиши мумкинми? Бу дунё қанча безатиб-зийнатлаб кўрсатилмасин, барибир асл ватан — жаннатнинг оддий тиканига ҳам арзимайди.

Айтишларича, булбул кундузи гулзорда очилган гулга парвона бўлиб, унинг ишқида куйиб-ёнади, хониш этади. Кеч тушган заҳоти тиканзордаги чакалакка бориб, инида тонг оттирар экан. Айнан биз тилга олган мавзуда Фариддин Атторнинг “Мантиқут тайр” достонида булбул гулнинг ишқи менга кифоя этади, дейилади. Ҳудҳуд уни суратга бандиликда айблайди. Гул ушбу ўринда дунё тимсоли маъносида келтирилган. Рўзбеҳон Буҳлий Шерозийнинг “Шарҳи шатаҳиёт” асарида руҳ булбул тимсоли, Саййид Жаъфар Сажжодийнинг “Фаранги истилоҳоти ирфоний”да қафасни инсон жасади, нафси аммора ва дунё тимсоли, деб келтиради. Хожа Абдуллоҳ Ансорий “Кашфул асрор”ида қафас – жисм, омонат – жон, қуш унинг қанотидир. Гул соликнинг кўнгли, маърифат олами сари очилишидир. Соликка Ҳақ таоло иноятининг тавфиқи берилиши тимсолидир, дейди. Мавлоно Хароботий: ”Умрни билғил ғанимат ҳар нафас, Руҳ бир қушдирки, тан гўё қафас”, деганида ҳам биз назарда тутган маъно очиқ-равшан баён этилган.

 Умуман олганда, Алишер Навоий ўз асарларида муайян шахс ва замондан шикоятини ўз ижодининг асосий ғоясига айлантирганида асарлари ўша даврдан узоқларга парвоз қила олмасди. Кўпроқ инсоният тақдири ва қисматига битилган оғриқ-азобларни ўйлаб, изтироб чеккани боис шоир асарларидаги ғоя ва қарашлар умумбашарий маъно-мазмун касб этиб, асрлар оша яшаб келмоқда, улуғ ва юксак қарашлар билан суғорилганидан уларни тушунишда мураккаблик юзага келиши табиий.

 

Бобомурод Эрали

Вторник, 08 Август 2017 00:00

Муслима

Немис журналисти Карима Жордан Жанубий Кореяга боргани ва у ердаги мусулмонлар ҳаёти билан қандай танишганини қуйидагича ҳикоя қилади. 

 Мен Корейс халқи ва маданияти билан танишишга жуда қизиққан эдим. Жанубий Корея ярим оролида жуда кам мусулмон аҳоли борлиги ҳам менинг бу мамлакатга бўлган қизиқишимни пасайтира олмас эди. Қулоқларим корейча сўзларни эшитган ва кўзларим корейсларнинг ёзув тизими – хангилни кўрганидан бошлаб ана шу мамлакат аҳолиси гаплашадиган тилда гаплашишни орзу қилар эдим...

Ўзимни бу тилда гаплашиш борасида ҳаваскор ҳисобласам-да, аммо ханбок (корейсларнинг одмигина кийими) кийиб олган аёлнинг менга ҳайратланиб ва севиниб қараб турганидан хурсанд бўлиб кетдим.  Мен ундан корейс тилида халқаро аэропортга олиб борадиган поездга қаердан ўтиришим мумкинлигини сўраган эдим. Унинг менинг ҳолатимни тушунгани кўнглимнинг тубидан жой олди.  Шунингдек, маҳаллий аҳоли ҳам мен билан самимий муносабатда бўлди ва уларнинг хайрихоҳлиги туфайли ярим тунда Сеулдаги унчалик қиммат бўлмаган меҳмонхонани топиб жойлашиб олдим.

Сеулда тахминан  150 000 мусулмон яшайди ва уларнинг деярли учдан бири – маҳаллий кореслардир. Бу ерда 1976 йилда қурилган Сеулнинг Марказий масжиди бор. Шунинг билан бирга, кўплаб ҳалол ресторанлар ҳам мавжуд. Хусусан, ажойиб мусулмон корейс оиласи юритадиган Eid Halal Restaurant ресторани ҳам шулар жумласидан.

Кореянинг Марказий масжиди Кореядаги ўн бешта масжиднинг бири саналади. Улардан ташқари аэропорт, университет ва савдо марказларида 60 дан ортиқ намозхоналар ҳам бор. Шуниси ажабланарлики, бу мамлакатдаги масжидлар мусулмонлар ва номусулмонларни бирлаштирувчи маскан вазифасини ўтамоқда.

Бунга араб тилидан дарс берадиган ва Ислом динига қизиққан кишилар берган саволларга билими  етганча жавоб берадиган Бора Сонгни мисол қилиб келтириш мумкин. Менинг у билан масжидда бўлган учрашувим корейс мусулмонлари билан анжуманлар залида учрашишга тайёргарлик кўраётган чоғимда бор-йўғи бир неча дақиқа давом этди.  Аммо айнан шу фурсатда маданиялар қанчалик фарқ қилмасин Ислом ўз хусусиятини сақлаб қолишини англадим.  

У кореялик муслима эди. Буни ўқиган кўпчилик киши бошида ажабланиши мумкин. Бироқ мен корейс халқининг анъанавий либоси – ханбокни кўргандан кейин бу ҳолга ажабланмадим.  Эҳтимол, ханбок муслима аёлларнинг одмигина либосига ўхшагани учун шундай бўлгандир.  

Яқинда ёшгина бир корейс аёли телевизорга чиқиб унинг учун ханбокни кийиб юриш бурч эканини айтди. У ханбокни кийганда ўзини енгил ва қулай ҳис қилар экан. Ханбок муслима аёлларнинг камтарона кийимига ўхшайди. Айрим корейс аёлларининг европа услубида тикилган кийимларни афзал кўришига қарамасдан, корейс бичувчилари ханбокни янада такомиллаштириш ва арзонлаштириш устида иш олиб бораётир. 

Оммавий ахборот воситаларида Ислом ва мусулмонлар аксар ҳолларда салбий тасвирланаётган бўлса-да, кореслар фаоллик билан Ислом динига кирмоқда.  Мен ҳозирги вақтда Бирлашган Араб Амирликларида яшаб ижод қилаётган, ўзининг бадиий маҳоратидан Ислом дини ва унинг анъаналари корейс халқига қанчалик яқин ва тушунарли эканини англатиш йўлида фойдаланаётган кореялик муслима рассом Муну Бэни жуда ҳам яхши кўраман.

Ислом ва она ватани ўртасидаги муносабатлар унинг ҳаётининг маъносига айланган. Ислом динига кирган дастлабки кезларда у ўзини ҳар тарафи ўралгандек ҳис қилган эди. “”Аммо суннатни ўрганиб, ҳадиси шарифларни ўқий бошлаганимдан кейин Исломий билимим бойиб борди. Бу таълимотлар менга болалигимда ота-онам берган тарбияга жуда ҳам ўхшаш эди”, дейди у. 

Кореяда Ислом бу – нисбатан ёш дин, Лекин корейс мусулмонлари тарихи кўрсатишича, Ислом дини таълимоти умумэътирофга молик тушунча. У сайёрамиздаги барча инсонларга, барча ирқларга ва барча миллатларга – эркаку аёл, ёшу қари, бадавлату камбағал, бемору соғломларга бирдек тўғри келади.

Мамлакати ва маданияти, яшаш жойи ва ижтимоий аҳволига қарамасдан ҳар бир инсон Ислом динидан ўзига  фойда олади, қалби хотиржамлик топади ва  Аллоҳ таоло, одамлар ва ўзи билан ўзи ўртасидаги уйғунликни ҳис қилади. 

Корейс мусулмонлари исломий тамойилларга асосланиб ҳаёт кечирмоқда. Шунинг билан бирга, улар диний анъаналарни ўзларининг миллий урф-одатларига  уйғун деб ҳисоблайди.

Робия ЖЎРАҚУЛОВА таржима қилди.

 

Вторник, 08 Август 2017 00:00

Бир ҳадис ҳақиқати

Тавба сурасининг 75–77 оятларида, ваъда бериб, сўнг уни бажармайдиган мунофиқлар васф қилиниб, шундай дейилади:

«Улар орасида: Агарда бизга (Аллоҳ) фазли (бойлиги)дан берса, албатта, садақа қилурмиз ва солиҳ (киши)лардан бўлурмиз”, – деб Аллоҳ билан аҳдлашадиганлар ҳам бор.

Аллоҳ уларга фазлидан берганда эса, (улар) унга бахиллик қилдилар ва юз ўгириб кетдилар. Аллоҳга берган ваъдаларига хилоф қилганлари ва ёлғончилик қилганлари сабабли уларга, то Уни учратадиган кунлари (қиёмат)гача дилларида мунофиқлик бўлишини қисмат қилиб қўйди».

Кўплаб тафсир китобларида ушбу оят Саълаба ибн Ҳотиб (розияллоҳу анҳу) сабаб нозил бўлган дейишади. Ваҳоланки, бу саҳобий Бадр қатнашчиси бўлган ансорлардан ҳисобланади. Тафсир ва ишончли манбаларда у киши ҳақида бу мазмундаги оят нозил бўлиши мумкин эмаслиги, балки бу маълумот ўта заиф ва нотўғри экани айтилади. Жумладан, Маҳмуд ибн Абулҳасан Найсобурий ал-Ғазнавий “Ийжозул баён ъан маъонил Қуръон” китобида қуйидагича келтиради: “Дарҳақиқат Саълаба ибн Ҳотиб, Аллоҳ таолонинг: «Улардан: «... “Агарда бизга (Аллоҳ) фазли (бойлиги)дан берса, албатта, садақа қилурмиз ва солиҳ (киши)лардан бўлурмиз”, – деб Аллоҳ билан аҳдлашадиганлар ҳам бор”» (Тавба, 75), ояти нозил бўлиши сабабчиси, дейилган. Лекин, оятда зикр қилинган шахс, Саълаба ибн Ҳотиб ансорийдан бошқа кишидир”.

Ибн Ҳажар Асқалоний “Ал Исоба фи тамйизус саҳоба” китобида, Саълаба ибн Ҳотиб (розияллоҳу анҳу)нинг таржимаи ҳолида бу қиссани келтирмаган. Аксинча, бу саҳобийни бадр қатнашчиси дея ҳимоя қилган. Мазкур қиссани эса зирор масжидини қуришда қатнашган мунофиқ Саълаба ибн Ҳотиб ёки Абу Ҳотибга нисбат берган. Олим, Саълаба ибн Ҳотиб (розияллоҳу анҳу) ҳақидаги сўзларни келтиргач, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг қуйидаги: “Бадр ва Уҳудда қатнашган бирор кимса дўзахга кирмайди”, деган лафзларини эслатади.

Айрим мўътабар манбаларда исмлар бир-бирига ўхшаш бўлгани учун улуғ саҳобийга нисбатан нотўғри нисбат берилган бўлиши мумкин. Бу ҳадис нотўғри талқин орқали одамлар орасида кенг тарқалиб кетган.

Аслида, воқеълик қуйидагича бўлган: “Саълаба ибн Хотиб ансорий, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг хузурларига келиб: “Эй, Аллоҳнинг расули! Аллоҳдан менга мол-дунё беришини сўраб дуо қилинг” деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳолинга вой бўлсин! Эй Саълаба! Шукрини адо қилган оз нарсанг, сен тоқат қила олмайдиган кўп нарсадан кўра яхшироқдир” – дедилар. Саълаба яна мурожаат қилиб: “Эй, Аллоҳнинг расули! Аллоҳдан менга мол-дунё беришини сўраб дуо қилинг” деди. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй, Саълаба! Мендан ибрат олсанг бўлмайдими? Аллоҳга қасамки, агар мен Аллоҳдан тоғни тилло ва кумушга айлантириб беришини сўрасам, албатта уларни тилло ва кумушга айлантириб беради. Лекин мен сўрамадимку, шундан ибрат олсангчи?” – дедилар.

Саълаба яна келиб: “Эй, Аллоҳнинг расули! Аллоҳдан менга мол-дунё беришини сўраб дуо қилинг. Агар Аллоҳ менга мол-дунё берса, ҳар бир ҳақдорни ҳаққини адо этардим” – деди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳим Саълабани мол-мулк билан ризқлантиргин” – деб дуо қилдилар.У қўй олди. Қўй худди қурт сингари ўсиб кўпая бошлади. У пешин ва аср намозини Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бирга ва қолган намозларини қўйлари ёнида ўқирди. Қўйлар шу даражада кўпайиб, энди унга Мадина ўтлоқлари торлик қилиб қолди. У қўйларини олиб Мадинанинг атрофига олиб чиқиб кетди. Энди у беш вақт намоз у ёқда турсин, жума намозини ҳам Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бирга адо этолмади. Жумани ҳам, жамоатни ҳам тарк қилди.

Кунларнинг бирида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Саълабага нима бўлди?”, деб сўраб қолдилар. Қўйлари кўпайиб, водийга сиғмасдан, улар билан бирга Мадинанинг ташқарисига чиқиб кетгани айтилди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Саълабанинг ҳолига вой! Саълабанинг ҳолига вой! Саълабанинг ҳолига вой!” – дедилар. Аллоҳ таоло тавба сурасидаги қуйидаги:

«Мол-мулкларидан уларни у сабабли поклашингиз ва тозалашингиз учун садақа олинг ва улар (ҳаққи)га дуо қилинг! Албатта, дуоингиз уларга таскин (тасалли)дир. Аллоҳ эшитувчи ва билувчидир» (Тавба, 103) оятини нозил қилгач, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ансор ва Бани Сулайм қабиласидан икки кишини садақа иши билан шуғулланишга тайинладилар. Уларга садақа ҳақидаги кўрсатмаларини ёзма тарзда бериб, одамлардан садақа йиғмоққа амр қилдилар.

Улар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг мактубларини олиб Саълаба ҳузурига боришди ва унга мактубни ўқиб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг закот ҳақидаги буйруқларини етказишди.

Шунда Саълаба: “Бу жизя ёки унинг ўхшашидир. Ундан бошқа нарса эмас. Сизлар бораверинглар мен ўйлаб кўрай, кейин келасизлар.” – деди.

Улар унинг ҳузуридан чиқиб Сулманинг хузурига боришди. Сулма эса закотга ўзининг мол-қўйлари ичидан энг яхшиларини чиқариб берди. Улар яна Саълаба ҳузурига қайтганларида, у олдинги сўзларини такрорлаб, у икковини қайтариб юборди.

Улар йўлда келишар экан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га рўбару бўлишди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) улардан сўрашларидан олдин: “Саълабанинг ҳолига вой!”, дедилар ва Сулманинг ҳақига ҳайрли дуо қилдилар.

Шунда Аллоҳ таоло қуйидаги оятларни нозил қилди:

«Улар орасида: «Агарда бизга (Аллоҳ) фазли (бойлиги)дан берса, албатта, садақа қилурмиз ва солиҳ (киши)лардан бўлурмиз», – деб Аллоҳ билан аҳдлашадиганлар ҳам бор. (Аллоҳ) уларга фазлидан берганда эса, (улар) унга бахиллик қилдилар ва юз ўгириб кетдилар. Аллоҳга берган ваъдаларига хилоф қилганлари ва ёлғончилик қилганлари сабабли уларга, то Уни учратадиган кунлари (қиёмат)гача дилларида мунофиқлик бўлишини қисмат қилиб қўйди» (Тавба, 75–77).

Шундан сўнг Саълабанинг қариндошларидан бири унинг олдига бориб: “Сен ҳақингда оят нозил бўлди” – деди. Саълаба дархол Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг хузурларига келиб, ундан садақасини қабул қилишларини сўради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эса: “Аллоҳ таоло менга сенинг садақангни қабул этмаслигимни буюрди. Бу сенинг менга итоатсизлигинг оқибатидир”, – дедилар. Саълаба бошига тупроқ сочганига надомат чекиб қолди.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафот этиб, Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) халифа бўлганларида, Саълаба садақотларини кўтариб унинг хузурига келди. Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) ундан қабул қилмадилар. Умар ва Усмон (розияллоҳу анҳумо) халифа бўлганларида, уларга ҳам садақасини қабул этишларини сўраб ёлворди, аммо, улар ҳам қабул қилмадилар. Саълаба Усмон (розиаллоҳу анҳу) халифалиги даврида вафот этди”.

Бу воқеъа баъзи муфассирлар наздида қанчалик машҳур бўлмасин, у икки  жиҳатдан ҳақиқатга тўғри келмайди. Биринчидан, Қуръон ва Суннатда келган “тавба қилувчининг тавбасини қабул бўлиши” ҳақидаги хабарга зид экани, иккинчидан, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг “Закотни ман қилувчилар” ҳадисларига зиддир. Унда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) закотни ман қилувчига нисбатан қилинадиган муомала ҳақида сўз борган.

Ундан ташқари бу маълумотнинг нотўғри экани, қуйидаги манбаларда келтирилган маълумотларда ҳам ўз ифодасини топган:

  1. Имом Қуртубийнинг “Ал жомеъ лиаҳкамил Қуръон” китобида шундай дейилади: “Саълаба, Аллоҳ ва Расули унинг имонига гувоҳлик берган, Бадр қатнашчиси, ансорий саҳобадир. У ҳақида ривоят қилинган нарса тўғри эмас”.

Абу Умар: “Закотни ман қилувчилар ояти Саълаба хусусида нозил бўлди” деган сўз тўғри эмас”.

  1. Мунавий “Файзул Қодийр”да шундай дейди: “Байҳақий: “Гарчи у муфассирлар наздида машҳур бўлса ҳам, бу ҳадиснинг иснодида назар (яъни унга назар солиб, таҳқиқ қилишга эҳтиёж) бор”.
  2. Зайниддин Абулфозил Абдураҳим ибн Ҳасан ал-Ироқий шундай дейди: “Табароний у ҳадисни заиф санад билан келтирган”.
  3. Муҳаммад ибн Тоҳир: “Тазниратул мавзуот” китобида ушбу ривоятни заиф деган.
  4. Ибн Ҳажар Асқалоний “Кашшоф” китобида бу ҳадисни “жуда заиф” деган.
  5. Имом Заҳабий “Мийзонул эътидол” китобида, Имом Суютий “Асбобул нузул” китобида бу қиссани заиф санашган.
  6. Имом Байҳақий ва Ҳайсамийлар ҳам заиф дейишган.

Хулоса қилиб айтганда, аксар олимлар ушбу қиссанинг заиф эканига иттифоқ қилишган. Аллоҳ таоло барча саҳобалардан рози бўлсин.

 

Олимхон ЮСУПОВ,

Имом Бухорий халқаро маркази “Манбашунослик” бўлим бошлиғи

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким бир мўминдан бу дунё машаққатларидан бир машаққатни аритса, Аллоҳ таоло ундан қиёмат куни машаққатларидан бирини аритади», дедилар”.

Бу дунёда одамларнинг бошига тез-тез турли ғам-ғусса, қийинчилик ва машаққатлар тушиб туради. Бошига машаққат тушган одам дарҳол ўз яқинларидан ёрдам кутади. Чунки банданинг бир ўзи машаққатга қарши туриши осон эмас. Шунинг учун ҳам динимиз инсонларни бир-биримизга кўмакчи бўлиб яшашга чақиради. 

Лекин баъзида бировларнинг бошига машаққат тушиб қолса, одамлар ундан ўзини олиб қочади, унга ёрдамчи бўлишни хоҳламайди. Аксинча, амалдор одам атрофида ўралашади. Бу – беш кунлик дунёнинг матоҳига учган кимсаларнинг ишидир. .Ҳақиқий мўмин биродарининг бошига тушган машаққатни аритишга ҳаракат қилади. Шу билан бирга қиёмат куни ўз бошига тушадиган бир машаққатни аритган бўлади.

Халққа яхшилик қилишимиз,нафақат улар учун фойда, балки ўзимизнинг икки дунё саодатига эришишимизга восита бўлади.

 

Х.ХОЛБОЕВ,

Бекобод туманидаги  “Улуғбек” жоме масжиди имом-хатиби 

Вторник, 08 Август 2017 00:00

Қайнота – оила бошидир

Ҳар бир жамоанинг раҳбари бўлади. “Раҳбаримиз йўқ”, деган жамоаларнинг ҳам раҳбари бор. Буни эл “Ҳар тўдага бир бошчи” деб атайди. Қайсики жамоанинг раҳбари бўлмаса, ишининг ҳам тайини бўлмайди, ўша жамоада тартиб-интизом, тинчлик-омонлик, хайр-барака ҳам бўлмайди. Ислом таълимоти бўйича оила энг муҳим жамоа бўлиб жамиятнинг пойдевори ҳисобланади. Пойдевори маҳкам иморат мустаҳкам бўлганидек, оила мустаҳкам бўлса жамият ҳам бақувват бўлади.

Ҳозирги иқтисодий шароитда аёллар фаоллашиб, баъзи оилаларда устуворликга ҳам эришганлар. Шундай оилалар борки, аёлларнинг иқтисодий ва ижтимоий устуворлиги эркакларнинг ҳамиятига ҳам тегмай қўйган. Лекин бу ҳолат аёлни эркак, эркакни аёлга айлантирмайди.

Қуръони каримда бундай дейилган:  “Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир*. (Аёллар ичида) солиҳалари – бу (Аллоҳга ва эрига) итоатли, ғойибга Аллоҳ сақлаганича ҳимоятли (яъни, эрларининг сирлари, мулклари ва обрўларини сақловчи)лардир” (Нисо сурасининг 34-ояти).

Афсуски, ҳозирда кўплаб оилавий ажримларнинг сабаблардан бири оила бошлиғи (қайнота) ўзини четга олиши оқибатида қайноналар «хўжайин» бўлиб қолаётганидир. Ҳали оила борасида тажрибага эга бўлмаган ёш келинга панду-насиҳат қилиб унга билмаганларини ўргатиш ўрнига арзимаган мол-мулкни баҳона қилиб, келинга тоқатидан ортиқ вазифаларни юклаб, зулм қилиб, охир-оқибат ажралиб кетишига сабаб бўлаётган қайноналар билсинларки, қиёмат кунида қилган зулмлари ўзларининг бошларига зулмат бўлиб келади. Аллоҳ таоло эркакларни жисмонан қувватли, иродали, вазмин, мулоҳазали ва бошқа жиҳатлари билан устун этиб, оилани сақлаш ва бу йулдаги сарф-харажатларни зиммасига олишга қодир қилиб яратган.

Шу боисдан тўйдан кейин келиннинг қайнона ва қайнопа-сингилларга хизматкордек бўлиб қолишига йўл қўймаслик учун қайноталар бир оз эътиборли бўлмоғи лозим. Бундай вазиятда келин ўзини ёлғиз ва ҳимоясиз ҳис қилиб довдираб қолгани оқибатида янги оилага меҳр қўйиб кетолмайди. Қайнота келинни едириб- ичириш, уй-жой, кийим-кечак билан таъминлаш, оиланинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида ҳақ-ҳуқуқларидан фойдаланиш – дам олиш, ибодат қилиш, бола тарбияси билан шуғулланиш каби ишларга ҳам шароит яратиб бериш масалалари эрнинг зиммасидаги мажбурияти эканини ўғлига тушунтирмоғи зарур. Келиннинг ҳам зиммасида оилада ўзига муносиб мажбуриятлари мавжуд бўлиб, янги хонадонга келишдан аввал зарурий таълимотларни ўз ота-онасидан олган бўлиши шарт. Айниқса, сабру қаноат, шукру итоат каби фазилатларни ўзига касб қилган бўлиши, янги оила аъзолари билан одоб-ахлоқ ва иззат-ҳурмат меъёрларига қатъий риоя қилган муомлада бўлиши даркор.

Аллоҳ барчамизнинг оилаларимизни тинч ва осойишта бўлмоғини насиб айлаб, юртимизни обод айлаб, халқимизнинг фаровонлигини янада зиёда қилсин.

  

Х.ХОЛБОЕВ,

Бекобод туманидаги “Улуғбек” жоме масжиди имом-хатиби

Страница 95 из 264

Янгиликлар

Top