www.muslimuz

www.muslimuz

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.

Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту саломлар бўлсин.

 

Бутун дунёда Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топган Рабиъул аввал ойи бошланди. Жоме масжидларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари тараннум этилмоқда, қориларнинг Қуръон тиловатлари-ю нашидалари янграмоқда ва мавлиди шарифлар ўқилмоқда. Бундай файзиёб кунлар мусулмон умматига катта қувонч бағишламоқда...

Айни шу кунларда aйрим босма нашрларда, турли интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқ сафиҳаларида Пайғамбар алайҳиссаломга нисбатан номуносиб, ҳақоратомуз карикатура чоп этилиши ва унинг ортидан келиб чиққан турли кўнгилсиз ҳолатлар айрим баҳс-мунозаралар, ихтилоф ва тушунмовчиликлар ҳамда нотўғри хатти-ҳаракатларга сабаб бўлмоқда.

Ўз навбатида, Ўзбекистон мусулмонлари идораси мўмин-мусулмонларнинг ҳиссиётини қўзғаш, фитна чиқариш ва диний қадриятлар, муқаддасотларга нисбатан ҳақоратни ифодаловчи ҳар қандай ҳолатни жиддий қоралашини ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шаънлари мўмин-мусулмонлар учун энг олий қадрият эканини қатъий таъкидлайди.

Шунингдек, бу каби муносабатлар халқлар ўртасидаги ўзаро тотувликни бузишга қаратилган фитна ҳамда одамларнинг диний эътиқоди билан боғлиқ ҳис-туйғуларини ҳақоратлаш, диний қадриятларни оёқ ости қилиш, миллатлараро ва динлараро адоват уйғотиш, деб баҳолайди.

Таъкидлаш керакки, ким бўлишидан қатъий назар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳар қанча камситишга уринмасин ёки мусулмонлар ё Ислом динига тош отмасин бу билан динимизга ёки мусулмонларга заррача ҳам зиён етказа олмайди.

Кези келганда айтиб ўтамизки, ушбу ҳолатга нисбатан юртдошларимиз турли муносабат билдираётганларини кузатяпмиз. Бу ҳолатдан уларнинг имон-эътиқодлари жўш ургани, ўй-кечинмалари тинчлик бермаётгани ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатлари туғён қилаётганини гувоҳи бўлмоқдамиз. Энди бир фараз қилиб кўрайлик, мана шундай ҳолатга Набий алайҳиссалом қандай йўл тутар эдилар..? Албатта, сийрат ва тафсир китобларида бундай ҳолатларнинг батафсил баёни келган, аксариятимиз уларни мутолаа қилганмиз.

Бу борада Пайғамбар алайҳиссалом бутун умматга ибратдирлар. Бир жоҳил киши «Менга ўлжа бермадинг», деб ёқаларидан олиб бўғганида ҳам, бир аёл заҳарли гўшт берганида ҳам у зот уларни сўкмаганлар ёки дуоибад қилмаганлар, балки Аллоҳдан уларга инсоф ва ҳидоят сўраганлар. Ислом дини ҳатто лаънатланган шайтонни ҳам сўкишдан қайтарган, сўкиш ўрнига унинг ёмонлигидан паноҳ сўраб, Аллоҳга ёлборишга буюрган. Чунки уни сўкиш ожизликдан, Аллоҳдан паноҳ сўраш эса имон мустаҳкамлигидандир. Шундай ибратли сўз бор: «Қоронғуликни сўкиб ўтирмай, шамни ёқақолсанг-чи...». Ҳақиқатан, қоронғуликни қанча сўкмайлик, у барибир ўзгармайди, ёришиб қолмайди. Сўкиш ўрнига уни ёритиш йўлини ахтарганимиз маъқул ва авлодир.

Мўътабар тафсир китобларида, дин душманларига қўпол муомалада бўлиб, уларнинг «илоҳ»лари ва пешволарини сўкишдан қайтарилгани баён этилган. Агар ҳақоратга биз ҳам ҳақорат билан жавоб қайтарсак, бундай жирканч ишнинг иккинчи тўлқинига сабаб бўлиш эҳтимоли жуда катта. Бу фойдадан кўра, кўпроқ зарар келтиради. Қуръони каримдаги қуйидаги ояти каримани эслатиб ўтамиз: «Уларнинг Аллоҳдан ўзга ибодат қиладиганларини сўкмангиз. Бас, билмасдан зулм ила Аллоҳни сўкиб юрмасинлар. Шундай қилиб, ҳар бир умматга амалини зийнатлаб қўйдик. Сўнгра эса, қайтиб борадиган жойлари Роббиларигадир. Бас, У, қилиб юрган ишларининг хабарини берур», (Анъом сураси, 108-оят).

Эътибор берилса, ушбу ояти каримада мушрикларнинг бутларини ҳақорат қилмаслик буюрилмоқда. Зеро, мусулмон киши мушрикнинг санамини сўкса, бундан ғазабланган мушрикнинг ҳам бунга жавобан Аллоҳ таолони ҳақорат қилишига сабабчи бўлиб қолади. Демак, биз ҳам мўмин-мусулмонлар Муҳаммад алайҳиссаломни ҳақорат қилишга сабаб бўладиган ҳар қандай ишдан ҳазар қилмоғимиз керак.

Фазилатли Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ушбу ояти кариманинг «Шундай қилиб, ҳар бир умматга амалини зийнатлаб қўйдик», деган қисмига “Тафсири Ҳилол” китобларига шундай изоҳ берганлар: – “Инсон табиати шундай. Қилаётган амали ўзига гўзал ва зийнатли кўринаверади. Ҳатто бутун инсоният қабоҳат деб иттифоқ қилган ишни мақташга сўз топади. Шунингдек, мушрикларга ҳам ширклари жуда ҳам зийнатли бўлиб туюлади. Ана шу эътибордан, уларнинг бутлари ҳақоратланган чоғда ғазабланишлари мумкин. Мусулмон одам одобли бўлгани учун ҳам бу ишни қилмаслиги керак. Аллоҳга ҳавола қилиб қўяверса, у ёғини Аллоҳнинг Ўзи билади”.

Аслида, бу каби фитналар мусулмонларни ёмонотлиқ қилиш ёки бир юртда турли дин вакилларининг эмин-эркинликда, ўз динларига бемалол амал қилиб, тинч ва осойишталикда, ўзаро бағрикенгликда яшаётганини кўра олмаётган ғаразли кучлар томонидан уюштирилаётганини ёддан чиқармаслик зарур.

Шу ўринда Ислом динини террор билан ёнма-ён қўядиган айрим кимсаларга Миср бош имоми, ал-Азҳар мажмуаси шайхи Аҳмад Муҳаммад Тоййиб ҳазратларининг қуйидаги сўзларини келтирамиз: “Исломни терроризм деб аташ ушбу соф дин ҳақида ҳеч нарса билмасликни англатади. Яна бу иш ўзгалар эътиқодига ҳурматсизликни ифодаловчи мулоҳазасизликдир. Адоват ва зўравонликка очиқ чақирув, ўрта асрлар ваҳшийлигига қайтиш ва икки миллиардга яқин мусулмонларнинг туйғуларини қўзғатувчи фитнадир”.

Ушбу ҳолатлар ҳақида кенг фикр қилиб, чуқур мушоҳада юритишимиз керак. Биз ҳам мўмин-мусулмонларни ҳиссиёт билан эмас, тафаккур ила иш тутишга чақирамиз. Дин душманлари фитнасига замин яратиб, вазият янада кескин тус олишига сабабчи бўлиб қолмайлик. Бу бўлаётган ишлар ҳаммаси фитна, ғанимлар томонидан режали амалга оширилмоқда, бундай вазиятда ўйлаб иш тутиш керак. Ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни ардоқлаш тажовузкорона хатти-ҳаракатлар билан эмас, балки ақл ила бўлади.

Яна бир муҳим масалани айтмоқчимизки, ғанимлар мусулмонларга бўлган фитналарини айнан жума, ҳайит кунлари ёки Рамазон ойи ё айни кунимиздаги каби мавлид ойида амалга оширишни зимдан режа қилганлари аниқ. Шундай экан, муборак мавлид ойининг ҳақиқий завқи – сийратни тараннум этиш, салавот айтиш, мавлиди шариф ўқиш, Қуръони карим тиловат қилиш ва зикруллоҳ билан онгу шуурларимизни банд қилайлик, улуғ ойнинг илоҳий файзидан насибадор бўлишга интилайлик. Севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларига бағишланган суҳбатлар орқали Расулимизни яхшироқ танишга ошиқайлик.

Азиз диндошим, барчамизнинг Расулимизга муҳаббатимиз чексиз, жонимиз фидо. Шундай экан, файзли кунларни беҳуда ўтказиб юборманг, сийрат китобларини мутолаа қилиб, “Аллоҳумма солли аъла саййидини Муҳаммад” каби салавотларни кўп айтинг, ушбу калималар ила ҳеч ким ёрдам беролмайдиган Қиёмат кунида шафоатга эришинг!

Хулоса, мусулмон киши ҳадисларда келтирилганидек, доимо ҳушёр, зийрак бўлиши, атрофда содир бўлаётган ҳар хил фитна ва қалтис жараёнларга теран назар ила боқиши лозим. Таъкидлаганимиздек, бундай ҳаракатларга нисбатан тажовузкорона эмас, балки Пайғамбар алайҳиссаломга хос босиқлик ва зукколик билан муносабат билдиришимиз керак.

Аллоҳ таоло барчага инсофу тавфиқ берсин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шафоатларини насиб этсин.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Понедельник, 26 Октябрь 2020 00:00

2. БАҚАРА СУРАСИ, 170–171 ОЯТЛАР

 وَإِذَا قِيلَ لَهُمُ ٱتَّبِعُواْ مَآ أَنزَلَ ٱللَّهُ قَالُواْ بَلۡ نَتَّبِعُ مَآ أَلۡفَيۡنَا عَلَيۡهِ ءَابَآءَنَآۚ أَوَلَوۡ كَانَ ءَابَآؤُهُمۡ لَا يَعۡقِلُونَ شَيۡ‍ٔٗا وَلَايَهۡتَدُونَ١٧٠

170. Уларга: "Аллоҳ туширган нарсаларга эргашинглар" дейилса, "Йўқ, ота-бобларимиз қилганларига эргашамиз", дейишади. Ота-боболари ҳеч нарсани тушунмаган ва тўғри йўлда юрмаган бўлса-чи?!

Ўтган барча пайғамбарлар ўз қавмларини Аллоҳ тавҳидига даъват қилишди, Унинг ваҳийларига итоат этишга чақиришди, Парвардигор кўрсатган йўлда юришни насиҳат қилишди. Аммо гумроҳ қавмлар кўп ҳолларда осийлик ва исёнга бориб, "Биз ота-боболаримизнинг йўлидан бошқасини тан олмаймиз" дея саркашлик қилишди. Ота-боболари Аллоҳнинг динидан ҳеч нарсани тушунмай ўтишган бўлса-чи?! Улар тўғри йўлни аниқлай олмай, залолат ва жаҳолатда юришган бўлса-чи?! Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу шундай ривоят қилади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: "Банда Парвардигорига юзма-юз қилинади. Аллоҳ таоло бандасига бундай дейди: "Сени махлуқотнинг энг азиз-мукаррами ва саййиди қилмаганмидим? Сени жуфти ҳалолингга қўшмаганмидим? От, туяларни сенга бўйсундирмаганмидим?". "Ҳа, шундай қилгандинг", дейди банда. "Менга албатта юзма-юз бўлишингни ўйлаганмидинг?" деб сўрайди Аллоҳ. "Йўқ", дейди бандаси. Шунда Аллоҳ таоло бандага: "Мени унутганинг каби Мен ҳам сени унутдим", дейди" (Муслим ривояти)

وَمَثَلُ ٱلَّذِينَ كَفَرُواْ كَمَثَلِ ٱلَّذِي يَنۡعِقُ بِمَا لَا يَسۡمَعُ إِلَّا دُعَآءٗ وَنِدَآءٗۚ صُمُّۢ بُكۡمٌ عُمۡيٞ فَهُمۡ لَا يَعۡقِلُونَ١٧١

171. Кофирлар худди бақир-чақир қилаётган чўпондан бошқанинг овозини эшитмайдиган ҳайвонларга ўхшайди: улар кар, соқов ва кўрдирлар, тушунишмайди ҳам.

Саркаш кофирларни тўғри йўлга даъват қилиш худди чўпоннинг ҳайвонлар подасини чақиргани кабидир, улар овозни эшитса-да, аммо ҳеч нарсани тушунмай тураверади. Кофирлар Ҳақни эшитишдан кар, Ҳақни сўзлашдан гунг ва Ҳақни кўришдан бенасибдирлар. Бу уч неъматдан маҳрум қавмдан ҳидоят умид қилиб бўлармикин?! Ўзи билмайдиган, билганларнинг сўзига эса кирмайдиган кимсаларнинг ҳоли ҳам худди шундайдир. Аллоҳ таоло кофирларнинг саркашлиги, ҳамма нарсани кўриб-билиб турса ҳам инкор қилишини қулоғи том битган, кўзи кўрмайдиган, тили йўқ, ўзи ҳеч нарсани тушунмайдиган ҳайвонлар кабидир, дея тавсифламоқда. Бошқа бир ояти каримада бундай марҳамат қилинади: "Жаҳаннам учун жинлар ва инсонларнинг кўпчилигини яратганмиз. Уларда қалб бор, (лекин) улар билан "кўришмайди". Уларда қулоқ бор, (лекин) улар билан "эшитишмайди". Ана ўшалар ҳайвон кабидирлар, балки бундан ҳам баттарроқдирлар. Айнан ўшалар ғофилдирлар" (Аъроф, 179). Ҳозирги пайтда ҳам айрим инсонларга Аллоҳнинг ваҳдонияти, Унинг ҳақ дини ҳақида гапиргудай бўлсангиз, худди эшитишни хоҳламаган каби қулоғини бекитиб, кўзларини юмиб, дилини маҳкам қулфлаб олади. Бундайлар ҳақиқий жоҳил, гумроҳ, икки дунёсини бой берган бебахт кимсалардир.

ҲИЖРИЙ ТЎҚҚИЗИНЧИ ЙИЛДАГИ МУҲИМ ҲОДИСАЛАР

ТАБУК ҒАЗОТИ

Арабистон яриморолида Ислом давлати пайдо бўлганини эшитган румликлар ўзларининг форслар билан давом этиб келаётган душманликларини унутишди ва зудлик билан мусулмонларга қарши лашкар тўплай бошлашди.

Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Бусродаги Рум ҳокимига юборган элчилари Ҳорис ибн Умайр Аздийни ўлдиришди.

Ҳижрий саккизинчи йилнинг жумодул аввал ойида улар мусулмонларнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан юборилган уч мингга яқин аскари билан Муътада тўқнаш келишди.

Кўриниб турибдики, насоролар Ислом ва мусулмонлар учун жиддий хавфга айланишган эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга румликларнинг яна катта лашкар тўплаётгани ҳақида хабар келди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларни Румга қарши ғазотга тайёргарлик кўришга буюрдилар.

Бу давр ниҳоятда қийинчилик вақти бўлиб, жуда иссиқ эди. Мевалар пишган, одамлар мевалардан баҳраманд бўлиб, соя-салқинда дам олишни хоҳлайдиган вақт эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, одатда, бирор ғазотга чиқадиган бўлсалар, очиқ айтмас, бошқа томонга бормоқчи эканларини айтиб туриб, кейин мақсад қилинган тарафга юрар эдилар. Аммо Табук ғазотида бундай қилмадилар. Машаққатли, узоқ ва шиддатли пайтда душманнинг кўплигини эътиборга олиб одамлар ўзига яраша тайёргарликларини кўрсинлар деб очиқ айтдилар. Одамларни тайёргарлик кўришга буюрар эканлар, Рум билан уруш қилиш ниятида эканларини билдирдилар.

Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жиддийлик билан сафарга отландилар. Одамларни керакли нарсаларни олиб, шошилишга амр қилдилар.

Бой кишиларни хайр-эҳсон қилишга, улови йўқ мужоҳидларга улов олиб беришга қизиқтирдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жумодул аввал ойида ўттиз мингга яқин киши билан йўлга чиқдилар.

Бир гуруҳ мусулмонлар ҳеч шак-шубҳалари бўлмаса ҳам, ўзларича «Қолса бўлаверса керак», деган ният билан ғазотдан қолишди. Уларнинг ичида Каъб ибн Молик, Мурора ибн Рабийъ, Ҳилол ибн Умайя, Абу Хайсама, Умайр ибн Ваҳб ва бошқа саҳобалар бор эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Санийятул вадоъ номли жойга лашкаргоҳ қурдилар. Мунофиқларнинг бошлиғи Ибн Салул эса ундан пастрокда алоҳида лашкаргоҳ қурди. Кейинроқ одамларини олиб йўлдан қайтди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Табукда йигирма кун турдилар. Ўртада уруш бўлмади. Сўнг ортга қайтдилар. Ана шундай қийинчиликларга Аллоҳнинг розилигини деб чидаганлари учун Аллоҳ Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам, муҳожирлар ва ансорларнинг тавбасини қабул қилди.

Табук ғазоти Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларидаги охирги ғазот эди. Ундан кейин у зотнинг ҳаётларининг охиригача ғазот бўлмади.

 

ҒАЗОТ ВА САРИЙЯЛАР ҲАҚИДА

Биз Исломдаги ғазот ва сарийяларга алоҳида бир назар ташлаб чиқишимиз лозим. Бу масалада тўғри англашимиз зарур бўлган нуқталар мавжуд. Агар сийрат китобларини яхшилаб ўрганадиган бўлсак, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умрлари фақат ғазотларда ўтганга ўхшаб кўринади. Сийрат китобларимизнинг кўп саҳифалари айнан ғазот ва сарийяларга бағишланган. Бунинг устига, «Китобул мағозий» – «Ғазотлар китоби» номли алоҳида китоблар борлигини, барча ҳадис китобларимизда ҳам худди шу номли китоблар (боблар) борлигини эътиборга олсак, юқоридаги фикр яна ҳам кучаяди. Лекин бир ўйлаб кўрайликчи, ҳақиқатан ҳам, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умрлари ғазотларда ўтганми? Ҳақиқатан ҳам у зот ва саҳобалар жанг ишқибозлари бўлганмилар?

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қирқ ёшларигача, яъни пайғамбар бўлгунларича тинч-осойишта ҳаёт ке чирдилар. Пайғамбар бўлганларидан кейин ҳам Ислом даъватининг салкам ўн уч йиллик Макка босқичида бировга қўл кўтариш на у зотнинг ва на саҳобаларнинг хаёлларига ҳам келмади. Балки улар доимий равишда мушрикларнинг зулми остида эзилиб яшадилар. Фақатгина ҳижратнинг биринчи йилида Қуръони Карим таъбири билан айтилганда

«Ўзларига қарши уруш очилганларга зулм қилингани учун уларга (уруш учун) изн берилди» (Ҳаж сураси, 39-оят).

Ҳа, мусулмонлар ўзларига кофирлар томонидан бўлаётган зулмни қайтариш учунгина урушишга мажбур бўлдилар. Уша пайтдаги мусулмонлар икки умумий қоидага асосланиб уруш қилишлари мумкин эди, холос.

Биринчиси: «Фитна қатлдан ёмонроқдир» (Бақара сураси, 191-оят) оятига асосланган қоида. Бунда мусулмонларга қарши фитна қўзиб, уларни динларидан қайтаришга уринганларга қарши уришилди.

Иккинчиси: «Қасос олишда сизларга ҳаёт бор, эй ақл эгалари!» (Бақара сураси, 179-оят) оятига асосланган қоида. Бунда мусулмонларни ўлдирганлардан қасос олиш учун жанг қилинди.

Уламоларимиз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари шахсан иштирок этган ҳарбий юришни «ғазот» деб атайдилар. У юришда жанг бўлганми, бўлмаганми, фарқи йўқ.

Қамровлироқ таъриф: ғазот – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага кибор саҳобалардан бирини ўринбосар қилиб қолдирганларидан сўнг ўзлари ҳарбий қўшинга бош бўлиб, бирор ерга бир мақсад билан боришларидир (унда жанг бўлган-бўлмаганидан қатъи назар).

Худди ана шу эътибордан тарихчиларимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида (Ҳудайбия сулҳи ва қазо умра сафарларини ҳам қўшиб ҳисоблаганда) йигирма саккизта ғазот бўлганини таъкидлайдилар.

Келинг, ўша ғазотларнинг рўйхатини бўлиб ўтган йили тартиби асосида кўриб чиқайлик. Ғазотларнинг 9 тасида жанг бўлган, уларга ишора қилиб ўтамиз.

  1. Ваддон (Абво) ғазоти.
  2. Бувот ғазоти.
  3. Сафавон (биринчи Бадр) ғазоти.
  4. Зул ушайра ғазоти.
  5. Катта Бадр ғазоти (жанг бўлган).
  6. Кудрдаги Бану Сулайм ғазоти.
  7. Бану Қайнуқоъ ғазоти.
  8. Савиқ ғазоти.
  9. Зу амарр ғазоти.
  10. Буҳрон ғазоти.
  11. Уҳуд ғазоти (жанг бўлган).
  12. Ҳамроул асад ғазоти.
  13. Бану Назир ғазоти.
  14. Охирги (учинчи) Бадр ғазоти.
  15. Давматул жандал ғазоти.
  16. Хандақ (Аҳзоб) ғазоти (эканг бўлган).
  17. Бану Қурайза ғазоти (жанг бўлган).
  18. Бану Лиҳён ғазоти.
  19. Бану Мусталиқ (Мурайсиъ) ғазоти (жанг бўлган).
  20. Ҳудайбия ғазоти.
  21. Ғоба (Зу қарад) ғазоти.
  22. Хайбар ғазоти (жаиг бўлган).
  23. Зотур-риқоъ ғазоти.
  24. Қазо умра ғазоти.
  25. Макка фатҳи ғазоти (жанг бўлган).
  26. Ҳунайн ғазоти (жанг бўлган).
  27. Тоиф ғазоти (жанг бўлган).

Рўйхатдан яққол кўриниб турибдики, фақат тўққизта ғазотдагина жанг бўлган. Қолганлари эса жангсиз, ҳарбий юришдан иборат бўлган, холос. Энди жанг бўлган ғазотлар бўйича баъзи маълумотларни ўрганиб чиқайлик.

Ғазот

Сана

Мусулмонлар

Душман

Лашкар сони

Йўқотиш-лар

Лашкар сони

Йўқотишлар

1

Бадр

Ҳижрий 2 йил 17 рамазон

(мил. 624 йил 12 март)

313-317

14 шаҳид

950

70 киши

2

Уҳуд

Ҳижрий 3 йил 7 шаввол, шанба

(мил. 625 йил 22 март)

700

70 шаҳид

3000

37 киши

3

Хандақ

Ҳижрий 5 йил шаввол

(мил. 627 йил март)

3000

6 шаҳид

10000

10 киши

4

Бану Қурайза

Ҳижрий 5 йил зулқаъда

(мил. 627 йил апрель)

3000

2 шаҳид

Барча аҳоли

 

5

Бану Мусталиқ

Ҳижрий 6 йил шаъбон

(мил. 627 йил декабрь)

-

-

-

-

6

Хайбар

Ҳижрий 7 йил муҳаррам

(мил. 628 йил май-июнь)

1400-1500

23 шаҳид

Барча аҳоли

93 киши

7

Макка фатҳи

Ҳижрий 8 йил 17 рамазон, сешанба

(мил. 630 йил январь)

10000

2

 

12

8

Ҳунайн

Ҳижрий 8 йил 10 шаввол, чоршанба

(мил. 630 йил январь охири)

12000

4 шаҳид

24000-25000

70 кишидан кўпроқ

9

Тоиф

Ҳижрий 8 йил шаввол

(мил. 630 йил февраль)

12000

12 шаҳид

Барча аҳоли

 

 

Уламоларимиз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари шахсан иштирок этмаган ҳарбий юришларни “сарийя” деб атайдилар.

Қамровлироқ таъриф: сарийя – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор мақсадни кўзлаб, бир саҳоба бошчилигида юборган махфий жанговар гуруҳдир (унда жанг бўлган-бўлмаганидан қатъи назар).

Муҳаққиқ уламоларимиз ана шундай сарийялар ўттиз саккизта бўлгани ҳақида маълумот берадилар. Уларнинг кўпчилиги ё сарийя бошлиғининг исми, ёки қаерга юборилган бўлса, ўша ернинг номи билан аталади. Асосан сарийялар душмандан хабар олиш ёки устидан ўлим ҳукми чиққан жиноятчини жазолаш учун бўлган. Баъзан икки тараф тўқнашиб, жанг бўлган ҳолатлар ҳам бор.

Яна муҳаққи уламоларимизнинг таъкидлашларича, ушба ғазот ва сарийяларда икки томондан ҳаммаси бўлиб минг кишидан кўпроқ одам ҳалок бўлган. Агар бу ҳисобни озирги кунимиз ҳисоблари билан солиштириб кўрадиган бўлсак, ҳеч нарса эмас. Тасаввур ҳосил қилиш учун иккинчи аҳон урушида 70 миллион кишининг ёстиғи қуриганини слашнинг ўзи кифоя бўлса керак. Пайғамбар соллаллоҳу айҳи васаллам даврларидаги урушлардаги йўқотишлар озирги кундаги баъзи футбол ишқибозлари орасида келиб иққан тўқнашувлардақи йўқотишларга тўғри келади десак, муболаға қилмаган бўламиз.

Энди сийрат китобларининг кўп қисмини ғазот ва сарийялар ҳақидаги хабарлар эгаллагани ҳақида фикр юритайлик.

Ўйлаб кўрадиган бўлсак, уруш ўз номи билан уруш. У барча жамиятларда алоҳида эътиборни тортиб келган. Ҳозирги унда ҳам қаерда салгина жанжал чиқса, дунёнинг барча ахборот воситалари эътиборни ўша ерга қаратишади. Эҳтимол, ўша жанжал урушга айланмай тинчиб кетар. Аммо барибир кишилар эътиборини тортади, ўзига қаратади. Инсон табиати ўзи шундай. Тинч нарсага эмас, нотинч нарсага алоҳида эътибор беради. Илмий марказда тер тўкиб, оламшумул кашфиётлар қилаётган минглаб олимлар ҳақида биров ўйлаб ҳам қўймайди. Аммо кўчага чиқиб, намойиш қилган уч-тўрт кишига бутун дунё алоҳида эътибор, қизиқиш билан қарайди. Ўша даврда ҳам ҳар бир ғазот, ҳар бир сарийя катта эътибор билан кузатилган. Араблар авваллари ҳам бунга ўхшаш ҳарбий ҳаракатларни яхши ўрганиб, авлоддан авлодга айтиб қолдириб келишган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларидаги ғазот ва сарийялардан нафақат уруш, балки кўпгина тинч мақсадлар кўзланган. Уларда кишиларни синаш, Ислом таълимотларини ҳаётга татбиқ қилиш ҳам ўша ҳаракатлар орқали амалга ошган. Мана шунга ўхшаш сабаблар сийрат китобларимизда ғазот ва сарийялар ҳақида кўплаб саҳифалар битилишига олиб келган. Биз эса бу нарсага тўғри кўз билан қарашимиз, ҳамма вақт ғазот билан ўтган экан, деган нотўғри тушунчага бориб қолмаслигимиз керак.

Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асосий фаолиятлари инсониятни зулматдан нурга, бебахтликдан бахтга, илмсизликдан илмга, зулмдан адолатга, ҳаромдан ҳалолга, одобсизликдан одобга, ахлоқсизликдан олий ахлоққа, қолоқликдан тараққиётга, душманликдан дўстликка, хиёнатдан садоқатга, ширкдан тавҳидга, гапнинг қисқаси, барчани икки дунёнинг бахтига, саодатига сазовор қилишдан иборат бўлган.

 

БИРИНЧИ ИСЛОМИЙ ҲАЖ

Ҳаж ибодати Иброҳим алайҳиссалом даврларидан буён амалга ошириб келинар эди. Ҳижрий тўққизинчи йил зулқаъда ойининг охирларида Аллоҳ таоло «Одамлардан йўлга қодир бўлганларига Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилмоқ бурчдир» (Оли Имрон сураси, 97-оят) ояти ила мусулмонларга ҳам ҳаж ибодатини фарз қилди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вақт зиқлиги ва мушриклар Байтуллоҳни тавоф қилишлари, ораларида яланғоч тавоф этувчилар ҳам бўлишини ҳисобга олиб, бу йил ҳажга ният қилмадилар. Балки Абу Бакр розияллоҳу анҳуни ҳаж амири қилиб Маккага жўнатдилар. У киши мусулмонларнинг ҳаж ишларини бошқаришлари керак эди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳаж қилишни истаган уч юз киши билан ҳажга жўнаб кетдилар.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўз шериклари билан ҳажга жўнаб кетгандан кейин Бароат (Тавба) сурасининг аввалида келадиган ояти карималар нозил бўлди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуни чақириб: «Бароатнинг аввалидаги бу қисса ила чиқ, қурбонлик куни одамлар ичида эълрн қил: кофир жаннатга кирмас. Бу йилдан кейин мушрик ҳаж қилмас. Байтуллоҳ яланғоч тавоф қилинмас. Кимнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида ахди бўлса, у ўз муддатига етказилур», дедилар.

Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Азбо номли туяларини миниб, йўлга тушдилар ва йўл давомида Абу Бакр розияллоҳу анҳута етиб олдилар.

 

ЭЛЧИЛАР ЙИЛИ

Ҳижрий тўққизинчи йил «элчилар йили» номини олган, чунки асосан шу йили турли қабилаларнинг элчилари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, ўз қабилалари номидан Исломни қабул қилганларини эълон қилиб, байъат қилишган.

Бу вақтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам атрофдаги подшоҳ ва амирларга ўз мактубларини юборган, Макка фатҳини тамомлаган ва Табукдан қайтиб келган эдилар.

Аллоҳ таоло Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга Маккани фатҳ қилиб берганидан сўнг энг ашаддий душман – Қурайш қабиласи Исломга киргач, Ислом қаршисидаги асосий тўсиқ олиб ташланди. Энди ҳамма гуруҳ-гуруҳ бўлиб Исломга кира бошлади.

Табук ғазоти ҳам Исломнинг кучи нақадар ўсганини яна бир бор ҳаммага яққол кўрсатди. Бу омил ҳам иккиланиб турганларнинг Исломга киришлари учун катта туртки бўлди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг подшоҳларга ва амирларга юборган мактублари ҳам ўзига яраша таъсир ўтказган эди.

Шундай қилиб Аллоҳ таолонинг инояти ила ҳижрий тўққизинчи йили Мадинаи мунаввара томон турли элчилар оқиб кела бошлади...

 

ҲИЖРИЙ ЎНИНЧИ ЙИЛДАГИ МУҲИМ ҲОДИСАЛАР

ВИДОЛАШУВ ҲАЖИ

Ҳижрий ўнинчи йил зулҳижжа ойида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг Исломдаги биринчи ва охирги ҳажларини қилдилар. У зот мазкур ҳаждаги хатти-ҳаракатлари ва айтган сўзлари билан бу ҳаж видолашув ҳажи эканини билдирдилар. Шунинг учун ҳам ушбу ҳаж тарихда «Видолашув ҳажи» номи билан қолган.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга видолашув ҳажида юз мингдан ортиқ киши иштирок этган. Бу ўша вақтлар ўлчовида мисли кўрилмаган иш эди. Ана шу одамларнинг ҳаммаси мазкур тарихий воқеанинг жонли гувоҳи бўлганлар.

Биз видолашув ҳажи борасидаги ривоятлар ичидан Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг ривоятларини ихтиёр қилдик. У киши видолашув ҳажига бориб келгунча Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туяларини етакловчи бўлганлар. Шунинг учун ҳам ҳар бир нарсани тартиб билан ёдлаб олиб, айтиб берганлар. Ушбу ҳадис Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳажларини тўлиқ васф қилувчи ҳадисдир.

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳажлари ҳақида гапириб беришни сўрашганида, бунга жавобан тўққизта бармоқларини юмиб кўрсатиб туриб, қуйидагиларни айтганлар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тўққиз йил ҳаж қилмай турдилар. Сўнг ўнинчи йили одамлар ичида «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаж қилурлар» деб эълон қилдирдилар. Мадинага жуда кўп одамлар етиб келишди. Уларнинг барчаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга иқтидо қшципни, у зотнинг амалларига ўхшаш амал қилишни хоҳлар эди.

У зот билан чиқиб, Зулҳулайфага етиб келдик. Шу ерда Асмо бинт Умайс розияллоҳу анҳо Муҳаммад ибн Абу Бакрни туғди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайхи васалламга «Қандай қилай?» деб одам юборди. У зот: «Ғусл қил, бирор мато билан қонни тўс ва эҳромга кир», дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда на-моз ўқидилар. Сўнг Қасвога миндилар. Туялари у зотни кў-тариб, Байдода турганида қарасам, у зотнинг қаршиларида охирини кўз илғамайдиган даражада кўп уловли ва пиёда одам кетмоқда. Унг томонларида ҳам, чап томонларида ҳам, орқа томонларида ҳам худди шундай.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам орамизда кетмоқдалар. У зотга Қуръон нозил бўлмоқда ва унинг таъвилини билиб турибдилар. У зот нима амал қилсалар, биз ҳам қилиб турибмиз. У зот: «Лаббайкаллоҳумма лаббайк, лаббайка лаа шарийка лака лаббайк, иннал ҳамда, ван-ниъмата лака вал-мулк. Лаа шарийка лак», деб тавҳид талбиясини айтдилар.

Одамлар ҳам ўзлари айтиб юрган талбияни айтдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан бирор нарсани рад қилмадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам талбияларида давом этдилар».

Жобир розияллоҳу анҳу сўзларида давом этиб, яна шуларни айтадилар:

«Ҳаждан бошқа нарсани ният қилмаган эдик. Умрани билмас эдик. Токи у зот билан Байтуллоҳга етиб борганимизда рукнни истилом қилдилар. Уч марта рамл (полвон юриш), тўрт марта оддий юриш билан тавоф қилдилар. Сўнг Иброҳим алайҳиссаломнинг мақомларига бордилар. «Иброҳимнинг мақомини намозгоҳ тутинг» оятини қироат қилдилар. Кейин мақомни ўзлари билан Байтуллоҳнинг орасида қилиб икки ракъат намоз ўқидилар ва «Қул йаа айюҳал кафируун» билан «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни қироат қилдилар. Сўнг рукнга қайтиб бориб, уни истилом қилдилар.

Кейин эшикдан Сафо тепалигига чиқдилар. Сафога яқинлашган вақтларида «Сафо ва Марва Аллоҳнинг (ибодати) белгиларидандир» оятини қироат қилдилар. «Аллоҳ бошлаган нарсадан бошланглар», дедилар. Сўнг Сафодан бошладилар. Унинг устига Байтуллоҳни кўрадиган бўлиб чиқдилар. Аллоҳга тавҳид ва такбир айтдилар ва: «Лаа илааҳа иллаллоҳу вахдаҳу лаа шарийка лаҳ, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъалаа кулли шайъин қодийр. Лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳ, анжаза ваъдаҳ ва насоро абдаҳ ва ҳазамал аҳзааба ваҳдаҳ», дедилар. Шу орада дуо ҳам қилдилар. Ушбу нарсани уч марта айтдилар.

Кейин Марва томон юриб кетдилар. Қадамлари водийга тегиши билан тезлаб, шаҳдам саъй қилдилар. Водийдан чиқиб, оддий юриш қилдилар. Марвага келганларида Сафода қилганларидек қилдилар. Саъйлари охирига етиб, Марвада турганларида: «Бундай бўлишини билганимда, қурбонлик ҳайдаб келмас эдим. Умрани ният қилар эдим. Сизлардан кимнинг атаган қурбонлиги бўлмаса, қилганини умрага айлантирсин», дедилар.

Суроқа ибн Молик: «Эй Аллоҳнинг Расули, бу нарса фақат шу йилими ёки абадийми?» деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бармоқларини бир-бирининг ичига киритиб туриб: «Умра ҳажнинг ичига кирди», деб икки марта айтдилар ва: «Йўқ! Абадий! Абадий!» дедилар.

Алий розияллоҳу анҳу Ямандан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туяларини олиб келганларида, Фотима розияллоҳу анҳонинг (умрадан) эҳромдан чиқиб, сурма қўйиб олганларини кўриб, бунга эътироз билдирдилар. Шунда Фотима онамиз: «Буни менга отам амр қилдилар», дедилар.

Алий розияллоҳу анҳу Ироқда юрганларида шундай дедилар: «Ушанда Фотиманинг қилган ишидан аччиқланиб, у айтган ran ҳақида сўраш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бордим ва мен унинг қилган ишидан норози бўлганимни айтдим. Шунда у зот: «Рост айтибди. Рост айтибди. Ҳажни ният қилганингда нима деган эдинг?» дедилар. «Аллоҳим! Расулинг нимани ният қилган бўлса, ўшани ният қилдим», деган эдим», дедим. «Мен қурбонлик атаганман. Аммо сен эҳромдан чиқма», дедилар у зот».

Алий розияллоҳу анҳу Ямандан олиб келган қурбонликлар билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари билан олиб келган қурбонликлар жами бўлиб юзта эди. Одамлар ҳаммалари эҳромдан чиқиб, сочларини қисқартирдилар. Фақат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва қурбонлиги борлар бундай қилмадилар.

Тарвия куни у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Минога юзландилар ва ҳажни ният қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уловга миниб, йўлга тушдилар. Минода пешин, аср, шом, хуфтон ва бомдодни ўқидилар. Сўнг қуёш чиққунча бироз кутиб турдилар. Кейин жун дан бўлган қуббаларини Намирага тикишга амр қилдилар ва юриб кетдилар. Қурайшликлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳам, жоҳилият вақтида Қурайш турганидек, Машъарул ҳаромда вуқуф қилишларига ҳеч шубҳа қилишмас эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса у ердан ўтиб, Арафотга етиб бордилар. Намирага тикиб қўйилган қуббаларини кўриб, ўша ерга тушдилар.

Қуёш қиёмдан оққанда у зот Қасвони олиб келишга амр қилдилар. Унга миниб, водийнинг ўртасига бордилар ва одамларга шундай хутба қилдилар: «Эй инсонлар! Сўзимни диққат билан тингланг! Билмадим, балки шу йилдан кейин бу ерда сиз билан бошқа кўришмасман.

Эй инсонлар! Албатта, қонларингиз ва молларингиз то Аллоҳ билан юзма-юз бўлмагунингизча сизларга мана шу кунингиз, мана шу ойингиз каби ҳаромдир (муқаддас, дахлсиз). Сизлар албатта Роббингизга рўбарў келасиз ва У сизларни қилган ишларингиздан саволга тутади. Мен сизларга етказдим. Кимда бировнинг омонати бўлса, уни эгасига топширсин. Рибонинг ҳар қандай тури бекор қилингандир. Бироқ қарзнинг аслини бериш керак. Зулм ҳам қилманг, зулмга дучор ҳам бўлманг. Аллоҳнинг амри билан рибохўрлик энди тақиқланди. Биринчи бўлиб бекор қилинган рибо амаким Аббос ибн Абдулмутталибнинг рибосидир. Жоҳилият даврида эътиборда бўлган барча қон даъволари ҳам бутунлай бекор қилинди. Сизлардаги биринчи бўлиб мен бекор қилган қон даъвоси эса жияним Ибн Рабийъа ибн Ҳорис ибн Абдулмутталибнинг даъвосидир. У Бану Саъд ибн Лайсга эмизиш учун берилган бола эди, Ҳузайл қабиласи қатл қилди.

Эй инсонлар! Бугун шайтон бу ерларда унга қуллик қи-линишидан абадий умидсиз бўлди. Бироқ бу бекор қилганларимдан бошқа эътиборсиз қараган нарсаларингизда ҳам унга эргашсангиз, бу ҳам уни мамнун этади. Динингизни ҳимоя қилиш учун булардан огоҳ бўлинг!

Эй инсонлар! «Аллоҳ ҳаром қилган нарсанинг ададига мослаш учун уни бир йил ҳалол қилурлар, бир йил ҳаром қилурлар. Натижада Аллоҳ харом қилган нарсани ҳалол қилурлар. Уларга амалларининг ёмонлиги чиройли кўрсатилди. Аллоҳ кофир қавмларни ҳидоят қилмас...» (Тавба сураси, 37-оят). Замон (давр) Аллоҳ осмонлар ва ерни яратган кундаги асл ҳолатига қайтди. «Аллоҳнинг ҳузурида ойларнинг сони осмонлару ерни яратган кунидаги Аллоҳнинг битигида бўлган ўн икки ой бўлиб, улардан тўрттаси ҳаромдир...» (Тавба сураси, Зб-оят). Учтаси кетма-кет: зулқаъда, зулҳижжа ва муҳаррам, тўртинчиси эса жумодул охир ва шаъбон орасидаги ражабдир.

Эй инсонлар! Сизларнинг аёлларингиз устида ҳаққингиз бор, шунингдек, уларнинг ҳам сизнинг устингизда ҳақлари бор. Сизнинг улар устидаги ҳаққингиз уларнинг сиз ёқтирмаган ҳеч кимни уйингизга киритмасликлари ва очиқ-ойдин фаҳш ишга қўл урмасликларидир. Агар улар сиз рози бўлмаган бирон иш қилсалар, Аллоҳ сизларга уларни ётоқларида тарк этишингизга, унчалик оғритмайдиган қилиб уришингизга рухсат беради. Аёлларнинг сизнинг устингиздаги ҳақлари эса уларни озиқ-овқат ва кийим-кечаклар билан етарлича таъминлашингиздир. Аёлларга яхши муомалада бўлинг. Зеро, улар сизнинг измингиздаги ўзлари учун ҳеч нарсага эга бўлмаган асиралардир. Бунинг устига, сизлар уларни Аллоҳнинг омонати сифатида қабул қилиб олдингиз. Уларнинг фаржлари сизларга Аллоҳнинг калимаси билан ҳалол бўлди. Ақлингизни ишлатинг!

Эй инсонлар! Сўзимни яхшилаб тинланг! Зеро, мен етказиб қўйдим. Дарҳақиқат, мен сизларга иккита нарсани ташлаб кетмоқдаман, агар унга қаттиқ ёпишсангиз, асло залолатга кетмай-сиз. Улар Аллоҳнинг Китоби ва Пайғамбарининг суннатидир.

Эй инсонлар! Сўзимни яхшилаб эшитиб, ақлингизга жойлаб олинг! Билингки, ҳар бир мусулмон мусулмонга биродар ва барча мусулмонлар ака-укадирлар. Ҳеч кимга то диндош биродари ўзига тегишли нарсани кўнгли рози бўлиб бермасдан туриб, уни олиш ҳалол бўлмайди. Бундай қилиш билан ўз нафсингизга зулм қилмангиз! Аллоҳим, етказа олдимми?[1] Сизлар мен ҳақимда сўралурсизлар. Хўш, нима дейсизлар?»

«Албатта, етказганингизга, адо этганингизга ва насиҳат қилганингизга гувоҳлик берамиз», дейишди.

Шунда у зот кўрсаткич бармоқларини осмонга кўтариб, кейин одамларга қаратиб тушириб туриб: «Аллоҳим! Узинг гувоҳ бўл!» деб уч марта айтдилар.

Сўнг азон ва иқома айттириб, пешинни, кейин яна иқома айттириб, аср намозини адо этдилар. Иккисининг орасида ҳеч нарса ўқимадилар.

Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улов миниб, мавқифга бордилар. Туялари Қасвонинг қорнини харсангларга (тўғри) қилдилар, пиёдалар оқимига қарши туриб, ўзлари қиблага қарадилар. Шу зайлда қуёш ботгунга қадар турдилар.

Кейин Усомани орқаларига мингаштириб, қайтишни бошладилар. У зот Қасвонинг жиловини қаттиқ тортганларидан унинг боши эгарнинг қошига тегай деб қолди. У зот ўнг қўллари билан ишора қилиб: «Эй одамлар! Сокин бўлинглар! Сокин бўлинглар!» дер эдилар. Қачон қумтепачалардан бирига келганда туя унга чиқиб олиши учун жиловни бироз бўшатар эдилар.

Муздалифага етиб келганларидан кейин шом ва хуфтонни бир азон ва икки иқома билан адо этдилар. Уларнинг орасида ҳеч нарса ўқимадилар.

Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тонг отгунга қадар ёнбошладилар. У зотга субҳ аён бўлгач, азон ва иқома билан бомдодни ўқидилар.

Кейин Қасвога миниб, Машъарул ҳаромга келдилар. Қиблага қараб дуо қилдилар. Такбир, таҳлил ва тавҳид сўзлари айтдилар. Тонг жуда ҳам ёришгунгача шу ҳолда турдилар.

Қуёш чиқмасдан олдин жўнадилар. Фазл ибн Аббосни туяларига мингаштириб олдилар. У гўзал сочли, оппоқ ва чиройли йигит эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам отланганларида аёллар (ҳавдаж-тахтиравонда) тезлаб ўтиб қолишди. Фазл уларга назар сола бошлади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлларини Фазлнинг юзига қўйиб, унинг юзини бошқа томонга бурдилар. У зот Батну Муҳассирга келганларида туяни бироз илдамлатдилар.

Сўнгра Жамратул куброга чиқадиган ўрта йўлга тушдилар. Дарахт олдидаги Жамрага келиб, еттита тошнинг ҳар бирини такбир айтиб отдилар.

Кейин бурилиб, қурбонлик сўядиган жойга бордилар. Олтмиш учтасини ўз қўллари билан, қолганларини эса Алий сўйдилар. У зот уни ўз қурбонликларига шерик қилдилар.

Сўнг марҳамат қилиб, ҳар бир туядан бироздан гўштни қозонга солдириб, пиширтирдилар. Икковлари ундан еб, шўрвасидан ичдилар.

Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (уловга) миниб, ифоза тавофини қилдилар. Маккада пешинни ўқидилар. Замзам тарқатаётган Бану Абдулмутталибнинг ол-дига келиб: «Тортинглар! Эй Бану Абдулмутталиб! Одамлар сиқоянгизни[2] олиб қўйиши мумкин бўлмаганида, мен ҳам сизлар билан бирга сув тортган бўлар эдим», дедилар. Улар бир пақирда сув узатишди. У зот ундан ичдилар».

Имом Муслим ва Абу Довуд ривоят қилишган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳажни тамом қилганларидан кейин Мадинаи мунавварага йўл олдилар.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

ҲИЖРИЙ ЎН БИРИНЧИ ЙИЛДАГИ МУҲИМ ҲОДИСАЛАР

МУҲИМ САНАЛАР

 

[1] Шу жойгача бўлган видолашув ҳажининг тўлиқ матни Ибн Ҳишомнинг «Ас-Сийратун-набавийя» асаридан олинган.

[2] «Сиқоя» сўзи «суғориш» деган маънони билдириб, ҳожиларга Сув етка-зиб беришни англатади. Ҳозирги кунгача ҳам сиқоя билан Аббос ибн Абдул-мутталибнинг авлодлари шуғулланишади.

Воскресенье, 25 Октябрь 2020 00:00

2. БАҚАРА СУРАСИ, 168–169 ОЯТЛАР

يَٰٓأَيُّهَا ٱلنَّاسُ كُلُواْ مِمَّا فِي ٱلۡأَرۡضِ حَلَٰلٗا طَيِّبٗا وَلَا تَتَّبِعُواْ خُطُوَٰتِ ٱلشَّيۡطَٰنِۚ إِنَّهُۥ لَكُمۡ عَدُوّٞ مُّبِينٌ١٦٨

168. Эй инсонлар, Ердаги ҳалол-пок нарсалардан енглар ва шайтонга эргашманглар, чунки у сизларнинг аниқ душманингиздир.

Инсонлар Ер юзидаги ҳалол-пок нарсаларнигина ейишга чорланмоқда. Чунки ҳаром нарсалар Аллоҳ таолонинг чегараларидир. Аллоҳ чегараларини бузиб, нопок нарсаларни ейдиган, ҳаром ишларга қўл урадиган, ҳалол ва ҳаромни ажратмайдиган кимсаларни огоҳлантирган яна бундай оят ҳам бор: "Ким Аллоҳга ҳамда Унинг Пайғамбарига исён ва чегараларига тажовуз қилса, У абадий қолинадиган дўзахига киритади ва унда хорловчи азоблар бордир" (Нисо, 14). Ким шайтонга эргашса, Аллоҳнинг ана шу чегараларини бузиб, ҳаром нарсалардан тап тортмайдиган, гуноҳларни осон санайдиган бўлиб қолади. Чунки шайтон инсонларга очиқ-ойдин, аниқ душмандир.

Аллоҳ таоло рухсат этган нарсалар шариатда "ҳалол" дейилади. Мўмин-мусулмонларга ҳалол ризқ топиш, ҳалол касб билан рўзғор тебратиш, ҳалол таом-ичимликларни истеъмол қилиш буюрилган. Шариатимизда ижозат этилган ҳамма нарса, ейиладиган таомлар ёки қилинадиган ишлар ҳалол саналади. Аллоҳ таоло ҳалол қилган нарсалар инсон учун моддий ва маънавий фойдалардан холи эмас. Аллоҳ таоло ман қилган нарсалар ва ишлар шариатда ҳаром ҳисобланади. Ҳаром ишга ўтиш ёки ҳаром таом ейиш оғир гуноҳ саналади. (Баъзан зарурат туфайли ҳаром ҳалолга айланиши ҳам мумкин, масалан, очдан ўлаётган одам зарур миқдорда ҳаром истеъмол қилиши, душманга нисбатан ёлғон ишлатиш мумкинлиги кабилар.) Ҳаром иш ва нарсалар саноқлидир. Қуйида улардан айримларини келтирамиз: тўнғиз, ваҳший ҳайвонлар, ўзи ўлиб қолган ҳалол ҳайвонларнинг гўштлари, сўйганда чиққан қон, "Бисмиллаҳ..."сиз сўйилган ҳалол ҳайвонларнинг гўшти, динсиз (мажусий)лар сўйган ҳайвон гўшти, маст қилувчи ичимлик ва гиёҳларнинг барча турлари, эркакларга ипак ва тилла ишлатиш, аёлларга эркакча кийиниш, тилла-кумуш идишда овқат ейиш, зинокорлик, судхўрлик, ўғрилик, қароқчилик, ғийбат, туҳмат, бўҳтон, ёлғончилик каби нарсалар мусулмонларга ҳаром қилинган.

إِنَّمَا يَأۡمُرُكُم بِٱلسُّوٓءِ وَٱلۡفَحۡشَآءِ وَأَن تَقُولُواْ عَلَى ٱللَّهِ مَا لَا تَعۡلَمُونَ١٦٩

169. У сизларни фақат ёмонлик ва бузуқликка, Аллоҳ хусусида билмаган нарсаларингизни гапиришга буюради.

Шайтон ва нафс инсон зурриётининг энг катта душманларидир. Айниқса шайтон (шу жумладан одамларнинг шайтонлари ҳам) инсонларни гуноҳ ишлар қилишга, ҳақ йўлдан чекинишга, Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига итоатсизлик кўрсатишга, турли бузуқлик ва шаҳвоний ишларга ҳамиша чорлаб, қизиқтириб туради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Шайтон инсон билан унинг нафси орасига кириб олиб васаваса қилади", деганлар (Ибн Можа ривояти). Масалан, шайтон намозни кутиб ўтирган одамни ҳали намоз вақти кирмасидан ўқиб олишга васваса қилса, намоз вақти ўтиб кетаётганида янада кечиктиришга ундайди. Намоз бошлаган мўминнинг эса хаёлини чалғитишга, хушуъни кетказишга, ҳатто неча ракат ўқиганини унуттиришга уринади. Сахийни садақа бераётганида, обидни Аллоҳни зикр қилаётганида, илм толибини илм олаётганида турли йўллар билан чалғитади. Шайтоннинг одамларни ҳақ йўлдан оздиришга ҳаракати айниқса қаттиқ бўлади. Аллоҳ хусусида билмаган нарсаларини гапиришга буюради. Натижада гумроҳ кишилар "Ҳамма нарсани Аллоҳ яратган бўлса, Унинг Ўзини ким яратган?", "Фаришталар Аллоҳнинг қизларимикин", "Аллоҳнинг фарзанди бормикин", "Аллоҳ қаерда: осмондами ё ердами", "Аллоҳнинг кўриниши қандай" каби бемаъни саволлар тўғрисида бош қотиришга ундайди. Бундай ҳолатларда шайтоннинг таъзирини бериш, васвасасидан қутулиш учун аввало, унинг ёмонлигидан Аллоҳдан паноҳ тилаш лозим, чунки Аллоҳ номи зикр қилинганида шайтон тирақайлаб қочади. Иккинчидан, мияга шайтоний фикрлар келганида дарҳол уни тўхтатиб, зикр, тасбеҳ ёки бошқа раббоний лафзларни айтиш керак. Чунки инсон ақли чегараланган, нафси эса жуда ожиз. Ожизлигини билган инсон илоҳий мадад орқали шайтонга бас кела олади. Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам: "Ҳақиқий мўмин шайтонни худди сизлар сафарда туяларингизни қийнаб юборганингиз каби қийнайди", деганлар (Аҳмад ривояти).

Имоми Аъзам Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит, раҳматуллоҳи алайҳ, ҳижрий 80 йили Куфа шаҳрида дунёга келганлар. Дастлаб ипак ва жун матолар тижорати билан шуғулландилар. Сўнгра Аллоҳ унинг қалбида илмга муҳаббат пайдо қилади. Ўткир заковатли, теран тушунчали, соғлом ва жуда қувватли далиллар топиш қатъияти билан қиёсда, далиллардан янги ҳукмлар чиқаришда тенгсиз даҳо эдилар. У кишининг асл исмлари Нўъмон, оталарининг исми эса Собит, боболарининг исми Зуто бўлган. Зуто Қобул шаҳрида таваллуд топганлар. Қавмиятлари, миллатлари форслардан. Мусулмонлар Қобулни фатҳ этишганида, асир бўлиб Куфа шаҳрига келиб қолганлар. Зуто Ислом динини қабул қилганларидан сўнг, уни қулликдан озод қиладилар. Зутодан Куфада Собит исмли фарзанд дунёга келади. Собитдан эса бизнинг Имомимиз – ҳазрат Нўъмон ибн Собит, кунялари Абу Ҳанифа, унвонлари Имоми Аъзам бўлган зот таваллуд топдилар.

Имоми Аъзам Пайғамбаримизнинг, алайҳиссалом, асри саодатларида Куфада ўсиб-улғайганлар. Шу ердаги энг катта уламолардан дарс олдилар. Устозлари Куфа шаҳрининг фақиҳи, катта муҳаддис олим Ҳаммод ибн Абу Сулаймон деган зот эди. Бу даврда баъзи саҳобалар ҳаёт эдилар. Жумладан, Куфа шаҳрида Имоми Аъзам тўққиз нафар саҳоба билан мулоқотда бўлганлар.

Абу Ҳанифа, рахматуллоҳи алайҳ, ўз мазҳабини Куфада шакллантирдилар. У зот ўз фиқҳ услубини қуйидагича баён қиладилар: «Аввало Қуръони каримга мурожаат қиламан, агар лозим бўлган далилни ундан топа олмасам, Пайғамбаримизнинг, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, ҳадиси шарифларига мурожаат қиламан. Қидирган нарсамни ундан ҳам топа олмасам, саҳобалардан бирининг сўзини далил сифатида оламан, уларнинг сўзини қўйиб, бошқалар айтган сўзни далил ўлароқ қабул қилмайман. Зарур бўлган далилни саҳобаларнинг сўзларидан топа олмасам, бошқа кишиларнинг сўзларига суянмай, ижтиҳод қилган инсонлар каби мен ҳам ижтиҳод қиламан».

Аҳли сунна вал жамоа мазҳаблари уламоларини номма-ном санасак, мазҳаббошимизнинг даражаси яққол аён бўлади.

Имоми Аъзам Абу Ҳанифа, раҳматуллоҳи алайҳ, 80 ҳижрий йилда туғилганлар.

Имом Молик ибн Анас, раҳматуллохи алайҳ, 93-йилда туғилганлар.

Имом Шофеъий, раҳматуллоҳи алайҳ, 150-йилда туғилганлар.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал, раҳматуллоҳи алайҳ, 164-йилда туғилганлар.

Имом Шофеъий шундай эътироф қиладилар: "Одамлар ҳаммалари – барча уламолар Куръону ҳадисни англашда, масала илмида Абу Ҳанифага бола-чақаликка ярайди, холос. Абу Ҳанифа билан рақобат қилиш даражасига чиққан инсон йўқ".

Имом Молик ибн Анас, раҳимаҳуллоҳ, эса: "Мен ҳадис илмини билишда, жаноб Расулуллоҳнинг охирги ҳадисларини етказишда, энг саҳиҳ ҳадисларни англаб етишда Имоми Аъзамга ўхшаган бошқа инсонни учратмадим", дейдилар ва бу зот ҳам доимо Имоми Аъзамни ўзларига устоз санаганлар. Жаноб Расулуллоҳнинг, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, 124 минг ададли саҳобасининг 150 нафари, яна бошқа бир ривоятга кўра, 1500 нафари Куфада яшаганлар. Уларнинг энг улуғларидан Абдуллоҳ ибн Масъуд, розийаллоҳу анҳу, Ҳазрати Али, каррамаллоҳу важҳаҳу, каби улуғ зотлар ҳам Куфада истиқомат қилганлар.

Демак, Имоми Аъзам тарбияланган муҳит – Куфа иқлими ҳадис илмига бой иқлим эди. Шунинг учун Имомимиз ўзлари тақрибан 4000 ҳадис ривоят қилганлар.

Абдуллоҳ ибн Масъуд, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абу Дардо, Убай ибн Каъб, Абу Мусо ал-Ашъарий, розийаллоҳу анҳум, каби саҳобалар мужтаҳидлик мақомига чиққан эдилар. Имомимиз буларнинг ҳаммаларидан ҳадис ривоят қилганлар.

Ҳазрати Усмондан сўнг халифа бўлган ҳазрати Али Куфани Ислом давлатининг пойтахтига айлантирдилар.

Ҳазрати Али халифа сифатида Куфага кириб келган даврда бу ерда тўрт минг нафардан зиёд жуда етук билимли уламо бор эди. Буларнинг барчаси Абдуллоҳ ибн Масъуддан, розийаллоҳу анҳу, таълим олган эдилар.

Имоми Аъзам, раҳматуллоҳи алайҳ, мана шундай иқлимда униб ўсганлар. Ривоятларда келишича, Имоми Аъзамнинг боболари Зуто оталари Собитни гўдаклик чоғида Ҳазрати Алининг олдига олиб бориб, ўғлимнинг ҳаққига дуо қилинг, деб ўтинадилар. Шунда Ҳазрати Али, розийаллоҳу анҳу, «Ўғлига Аллоҳ муборак зурриёт ато қилсин», деб дуо қилган эканлар.

Ҳасан ибн Зиёд: Имоми Аъзам шахсан тўрт минг ҳадис ривоят қилган бўлса, тўрт минг ҳадиснинг тенг ярмини устозлари Ҳаммод ибн Сулаймондан ривоят қилганлар, – дейди.

Уламолардан бири Ҳазрати Имоми Аъзамни, раҳматуллоҳи алайҳ, энг камида саксон уч мингта масала айтганлар, дейди. Бу – то қиёмат сўралиши мумкин ва лозим бўлган ҳамма масалаларга Имоми Аъзам жавоб айтганлар деганидир. Тўрт мазҳаб ичида Имоми Аъзам мазҳаби энг улуғ деб тан олиниши ўша масалаларнинг пухталиги ва Қуръону ҳадисга мувофиқлигидандир. Тарих давомида бутун дунёдаги мусулмонларнинг қарийб ярми Имоми Аьзам мазҳабида бўлганлар. Ҳозир ҳам шундай. Бу Имомимизнинг масалалари нақадар пухта ва тўғрилигига далолатдир.

Имоми Аъзам, раҳматуллоҳи алайҳ, масалаларининг яшовчанлиги шундаки, ҳеч қачон бирон масалани ёлғиз ўзлари айтиб китобларга ёздирмаганлар. Ўзларининг энг пешқадам шогирдларидан муфтийлик мақомидаги 40 кишига ҳавола қилганлар. Улардан ўртага қўйилган масалани асослаб беришни, агар асоси заифроқ бўлса, мазкур масалага қарши бошқа масала қўйишни талаб қилар эканлар. Демак, қирқ нафар муфтийнинг муҳокамасидан ўтган масалагина Имоми Аъзамнинг масаласи сифатида китобларга киритилар экан. Шу боис ҳам мазҳабимизни маслаҳат мазҳаби, шўро мазҳаби ҳам деб атайдилар. Шунинг учун ҳам бизнинг мазҳабдаги фиққ китобларига мурожаат қилсак, айрим ҳолларда Имоми Аъзам айтган бир гап айтилиб туриб, ёнида шогирдларидан бирининг гаплари ҳам айтилади. Имомимиз қайси олимнинг ҳужжати қувватлироқ бўлса, ўшани китобга туширишга буюрар эканлар. Ўзларининг фикрларини ҳам хато дейишиб, исботлаб берсалар, қабул қиларканлар. Мана шу туфайли ҳам бу мазҳаб дунёнинг, Ислом оламининг кўп тарафларига ёйилди.

Имомимиз тақвода Аллоҳдан қўрққанида ҳар бир мусулмон учун бир мактаб, юксак намуна бўла оладиган ҳаётни яшаб ўтганлар. Имомимиз тижорат билан ҳам шуғулланган эдилар, аниқроғи, тужжорлик Имоми Аъзамнинг касблари эди.

Имоми Аъзамнинг тижоратдаги ҳалолликлари тарихда достон бўлиб қолган. Бу ҳақда замондошлари – дўстлари ҳам, душманлари ҳам ёзиб қолдирганлар. Мана баъзи лавҳалар: Имомимиз бир тожир шериклари билан бошқа юртга мол юборибдилар. Мол икки хил навли бўлиб, бири сифатли, иккинчи хили сифатсизроқ экан. Имомимиз шерикларига молни икки хил нархда, яхшисини қимматроқ, ёмонини арзонроқ сотасан, деб тайинлабдилар. Лекин мол етказилган юртда айнан шу нарса тақчил бўлганлигидан, молнинг ҳаммаси бир хил – қиммат нархда сотилиб кетибди. У киши ўттиз минг кумуш тангалик савдо қилиб, Куфага қайтибди. Шунда Имомимиз ўша шерикларидан: "Икки хил навли молни икки хил нархда сотдингми?" деб сўрабдилар. У киши: "Йўқ, одамлар ўша қиммат нархга хам рози бўлиб, сотиб олавердилар", деб жавоб берибди. Шунда Имоми Аъзамнинг дили оғриб, ўша ўттиз минг тангани Аллоҳ йўлида садақа қиладилар. "Лекин мен бу садақадан савоб умид қилишга Аллоҳдан ҳаё қиламан, одамларни алдаб савдо қилибсиз, шунинг учун энди орамиздаги шериклик ҳам битди", деган эканлар. Бировнинг ҳаққидан қўрқиш, яъни, Аллоҳдан қўрқиш Имоми Аъзамда, раҳматуллоҳи алайҳ, шу даражада қувватли экан.

Савдогарлик билан шуғулланиб юрган даврларида Имомимизнинг газлама дўконлари бўлар экан. Ўша дўкондаги ходимлари бир куни газламаларни тахлай туриб, матолардаги гулларга махдиё бўлиб қолибдида: "Бу дунёнинг гуллари шу қадар гўзал бўлса, Жаннат гуллари қандай бўлар экан? Эй Хўдо, бизга ҳам Жаннатингдан насиб эт!" деб дуо қилиб юборади. Ходимларининг бу дуосини эшитган Имомимизнинг ранглари қув ўчиб, дўконни ёпиб, уйларига кетиб қоладилар. Эртасига келганларида Имомимиздан ходимлари кечаги воқеанинг сабабини сўрайди. Шунда Имоми Аъзам, раҳматуллоҳи алайҳ: "Эй биродар, биз қайси қилган ибодатимиз учун Аллоҳдан Жаннатни сўрашга ҳаддимиз сиғади? Биз фақат Аллоҳдан гуноҳларимизни афв қилишни сўрашга ҳақлимиз, холос", дейдилар. Имоми Аъзам, раҳматуллоҳи алайҳ, шу қадар гўзал хулқли инсон эканларки, замондошлари у кишининг фазилатларини тан олиб, энг чиройли хулқ Имоми Аъзамнинг хулқидир, деб эътароф қилганлар. Бу хусусда кўп катта уламолардан баёнотлар қолган. Имомимиз Аллоҳ таоло берган неъматлар шукронаси ташқи кўринишда ҳам кўрсатиб ўтганлар. Доимо чиройли ва покиза кийимларда юрганлар. Бу ҳақда ҳам замондошлари гувоҳлик бериб кетганлар. Шундай баланд мақомга эришган зот ниҳоятда тавозели, хокисор, камтар бўлган эканлар. Маълумки, кишига Аллоҳ таоло фазилат бериб, у қанчалик баланд мақомга кўтарилса, унинг ҳасадгўйлари ҳам шунчалик кўпаяди.

Имомимиз эса ўшандай ҳасадгўйларни кўрганларида: "Бизларни ёмонлаган кишиларнинг гуноҳини Аллоҳ кечирсин, бизларни яхши кўрганларни Аллоҳ раҳмат қилсин", деб дуо қилар эканлар. Яъни, ёмонликка ёмонлик билан жавоб қилмас эканлар.

Яна бир мисол: ҳалолни ҳаромдан ажрата олмайдиган, ўзи камбағал, бечора бўлса ҳам, калондимоғ, бировларга озор етказадиган кишилар бўлади. Имомнинг ҳам бир қўшнилари бор экан. У Аллоҳ таоло ҳаром қилган ичкиликка гирифтор, ҳар кеча маст экан. Имоми Аъзам шаънларига ҳажвлар айтар, бақир-чақир қилиб, у зотга озор берар экан. Имомимиз тоқат билан унинг ҳақоратларини эшитаверар эканлар. Иттифоқо, бир куни қўшнининг хонадонидан одатдаги бақир-чақир, сўкиниш, ҳақорат саси келмай қолибди. Имомимиз хавотирланиб, хабар олдирадилар. Маълум бўлишича, қўшниси бадхулқлиги туфайли миршаблар қўлига тушиб, ҳибсга олинибди. Имоми Аъзам уни Худо жазолабди, деб қўя қолмасдан, дарҳол амирнинг хузурига борибдилар. Менинг бир аёлманд косиб, камбағал қўшнимни қандайдир айб билан зиндонбанд қилибдилар. Ўша қўшнимни озод қилинг, унга менинг ўзим кафилман, деб илтимос қилибдилар. Куфанинг амири, албатта, Имоми Аъзамнинг ким эканини билар эди. Шунинг учун у кишининг ҳурматидан нафақат бадхулқ қўшнини, балки кейинги икки кун давомида ҳибсга олинганларнинг ҳаммасини қўйиб юборадилар.

Шундан сўнг у қўшнига Худо инсоф беради. У зиндондан тўғри Имоми Аъзамнинг ҳузурига келади. Тавба қилиб, Имомимизга шогирд бўлади.

Имоми Аъзамнинг масала бобида беқиёс бўлганликларига яна бир мисол. Бу мисол Имомимиз яшаган давр учун анча мушкул эди. Куфада бир аёл эгазак фарзанд кўрибди. Эгизаклар бир-бирларига белларидан ёпишган ҳолда туғилибдилар. Ҳозир бундайларни Сиём эгизаклари деб атайдилар. Бир оз фурсат ўтгач, ўша икки чақалоқдан бирининг ажали етиб ўлади, иккинчиси эса тирик. Агар бу ҳолат бизнинг замонда рўй берса, дарҳол жарроҳлар аралашиб, масалани наштар билан ҳал қилиб қўя қоладилар. Лекин гап 1300 йил аввал бўлган воқеа ҳақида кетяпти. Хуллас, ҳамма ҳайрон. Ўликни қабрга қўймоқчи бўлсалар, унинг тирик шериги бор. Кўммасалар...

Шунда ҳеч ким жўяли бир жавоб айтолмаган мазкур масалага Аллоҳнинг илҳоми билан Имоми Аъзам жавоб қиладилар. У киши, бу ўлган бола кўмилади, лекин шундоқ кўмиладики, тирик бола ернинг устида қолади, дейдилар. Худди шундай кўмадилар ва Аллоҳнинг қудрати билан саноқли кундан сўнг ер ўша марҳум фарзандни тирик фарзанддан ажратиб олади. Тирик боланинг хаёти мана шундай сақлаб қолинади. Кейин уни Имоми Аъзамнинг ўғли деб атайдилар. Имомимизнинг бу "ўғли" узоқ йиллар умр кўради.

Куфа вилояти ва шаҳрининг ҳокими Ибн Ҳубайа Имоми Аъзамга Куфа вилоятига қози бўлишни таклиф қилади. Таклифимни қабул қилмасангаз, зиндонбанд бўласиз, сизни ҳар куни ўн дарра урадилар, деб таҳдид қилади. Шунда Имомй Аъзам, раҳматуллоҳи алайҳ: "Аллоҳнинг охират диёридаги азобидан бу дунёдаги ҳокимнинг азоби енгил бўлади, мен розиман", дейдилар.

Имоми Аъзамни зиндонбанд қилганларидан сўнг ўн кун давомида ҳокимнинг ҳузурига олиб борар эканлар. Ҳоким у зотдан: "Ўйлаб кўрдингизми, энди қози бўлишга розимисиз" деб сўрар экан. Рад жавобини эшитгач, ғазабланар, яна ўн дарра уришга буюрар экан.

Имомимиз калтакланиб, зиндонга қайтганидан сўнг йиғлар эканлар. Ҳамхоналари бу ҳолатдан ҳайрон. Ниҳоят, Имомимиздан нега бундай қилаётганларини сўрашга журъат қилибдилар. Ахир сизга лавозим бермоқчилар-ку, уни тезроқ қабул қилинг шу азоблардан қутуласиз, дейишибди. Шунда Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ "Мен калтак зарбидан йиғлаётганим йўқ. Онамга раҳмим келганидан йиғлаяпман. У киши менинг зиндонга тушганимдан, калтакланаётганимдан бохабарлар. Онам қандай чидаяпдилар экан! Мени мана шу нарса йиғлатяпти", деган эканлар. Шу тариқа ўн кунни азобда ўтказибдилар. Ўн биринчи кунга ўтар кечаси ҳокимнинг тушига жаноб Расулуллоҳ, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, кирибдилар. Пайғамбаримиз ҳокимга: "Менинг суннатимни тирилтириб, дунёга ёяётган зотни зиндонга олиб киришдан кўрқмайсан-ми?" деб танбеҳ бердилар. Ҳоким тонг отиши биланоқ, шахсан ўзи зиндонга кириб, Имоми Аъзамдан, раҳматуллоҳи алайҳ, узр сўраб, у зотни озод қилди.

Зиндондан озод бўлганларидан кейин имомимиз Куфани тарк этиб, Маккаи мукаррамага кетадилар ва бу муборак шаҳарда ўн йиллар давомида истиқомат қилдилар. Бу зотнинг ҳаётларидан яна бир нуқта – етмиш йиллик ҳаётларида эллик беш марта ҳаж ибодатини адо қилганлар. Демак, Имомимиз нафақат Куфадага, балки Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварадаги уламоларнинг суҳбатларидан ҳам баҳраманд бўлганлар.

Бизларга минг йиллар давомида Имоми Аъзам мазҳабида таълимот берилди ва шунга биноан бу таълимотга ота-боболаримиз амал қилиб келдилар, биз ҳам амал қилмоқдамиз. Аллоҳ таолонинг буйруқларида қоим бўлиб, Имом Аъзамнинг мазҳабларида бўлишимиз ҳар биримиз учун бир хайрият, яхшилик эканини яхши англаб олсак, ҳаммамиз учун ҳам фойдали бўлади.

Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад (уларни «Соҳибон» дейишади) ҳамда Имом Зуфар каби кўплаб забардаст олимлар Имоми Аъзамдан фиқҳ илмини ўрганадилар.

Абу Ҳанифанинг "Ал-Фиқҳ ал-акбар", «Усмон ал-Бутийга тақцим этилган рисола, "Ал-олим ва ал-мутааллим", «Ар-Радду алал-Қадария» каби асарлари мавжуд.

Имоми Аъзам ҳижрий 150 йили етмиш ёшларида Бағдодда вафот этганлар.

Абу Ҳанифа шаҳардаги Ҳизарон қабристонига дафн қилинади. Олимнинг Бағдоддаги масжиди машҳурдир. Масжиднинг жуда қимматли ва ноёб китобларга бой бўлган кутубхонаси мавжуд.

Аллоҳ таоло мазҳаббошимиз ҳазрати Имоми Аъзам Абу ҳанифага, раҳматуллоҳи алайҳ, улуғ раҳмати ила марҳамат қилсин! Ислом динига ва бизга қилган беқиёс хизматлари учун ул зотга энг гўзал туҳфалар инъом айласин. Омин!

«Имоми Аъзам буюк имомимиз»

китобидан олинди.

 

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

ҲАЖ КИТОБИ

Ҳажнинг фарз бўлиш вақти

Ҳукми ва фарз бўлишининг далили

Каъбанинг қисқача тарихи

Фарз бўлишининг сабаби

Фарз бўлишининг шартлари

Саҳиҳ адо бўлишининг шартлари

Вақти

Рукнлари

Ҳажнинг вожиблари

Ҳажнинг суннатлари

Иҳром

Мийқот

Ҳажни адо этиш тартиби

Ҳажда манъ қилинган амаллар

 

Янгиликлар

Top