www.muslimuz

www.muslimuz

Бугун, 7 февраль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари ташаббуслари билан юртимиздаги барча масжидларда пешин намозидан сўнг жамоат билан Туркиядаги зилзила оқибатида мусибатга учраган қардош турк халқи ҳаққига Қуръони карим хатмлари бағишланиб, Ҳақ таолодан марҳумларни раҳмат қилишини, беморларга тезроқ шифои комил ато этишини сўраш баробарида бало-офатлардан сақлашини сўраб, дуолар қилинди.

Таъкидлаш лозимки, мўмин банда биродари мусибатга, балога учраганини кўрганда уларнинг ҳаққига дуои хайрлар қилиши лозим бўлади.

Қардошларимизнинг ушбу улкан қайғу ва йўқотишларига шерик бўлган ҳолда Ҳақ таолодан уларга сабр-матонат ва офият тилайлик.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Пятница, 03 Февраль 2023 00:00

Аллоҳ мақтанчоқларни суймас

«Бирор мусибатни пайдо қилмасимиздан олдин у Китобда битилган бўлур, акс ҳолда, Ер юзида ва ўз шахсларингизда сизга бирор мусибат етмас. Албатта, бу иш Аллоҳ учун осондир. Токи кетган нарсага қайғуриб, келган нарсадан хурсанд бўлмаслигингиз учун. Аллоҳ барча димоғдор ва мақтанчоқларни суймас. Улар бахилдирлар ва кишиларни ҳам бахилликка буюрурлар. Ким юз ўгирса, Аллоҳ ҳеч бир нарсага муҳтож бўлмаган, мақталган Зотдир» (Ҳадид сураси, 22–24-оятлар).

“Бирор мусибатни пайдо қилмасимиз­­дан олдин Ер юзида...” Муқотил раҳима­ҳул­лоҳ оятни: “Ер юзига тушувчи мусибат: қа­ҳатчилик, ўсимлик ва меваларнинг оза­йиб кетиши”, деб тафсир қилган.

“У Китобда битилган бўлур”. Яна ушбу мусибатлар Лавҳул маҳфузда битилгандир.

Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумо “Пай­до қилмасимиздан олдин” оятини: “Муси­батни пайдо қилмасимиздан олдин”, деб тафсир қилган. Саид ибн Жубайр раҳи­маҳуллоҳ: “Ер юзи ва жонни пайдо қил­масимиздан олдин”, деган.

“Ва ўз шахсларингизда сизга бирор муси­бат етмас”. Шахсга етадиган мусибатдан му­род турли касаллик ва қийинчиликлардир.

“Албатта, бу иш Аллоҳ учун осондир”. Рабиъ ибн Солиҳ айтади: «Саид ибн Жу­байр розийаллоҳу анҳуга мусибат етганида йиғладим. У мендан: “Нега йиғ­лаяпсан?” деб сўради. Мен: “Сенга етган ва сендан кет­ган нарсани кўриб йиғла­япман”, дедим. У: “Йиғлама, Парвардигорнинг ушбу сўзи­ни эшитмаганмисан, деб: “Бирор мусибатни пайдо қилмасимиздан олдин у Китоб­да битилган бўлур, акс ҳолда, Ер юзида ва ўз шахсларингизда сизга бирор мусибат етмас” оятини сўнгигача ўқиди».

Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумо бундай дейди: «Аллоҳ таоло қаламни яратганидан сўнг, ун­га: “Ёз”, деди. У қиёмат кунигача бўладиган нарсаларни ёзди. Аллоҳ банда­ларнинг ка­саллик кунлари ва соғлик кун­ларини бел­гилаб қўйган. Агар одамлар уларни камай­тириш ёки кўпайтиришга ҳа­ракат қилсалар, уддасидан чиқолмайдилар.

“Токи кетган нарсага қайғуриб...” Қўл­ларидан кетган моллари сабабли хафа бўл­ма­синлар. Агар улар буни билганларида эди, қўлларидан кетган ризқ сабаб туш­кунликка тушишмасди. Ибн Масъуд ро­зийаллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳиссалом: “Сизга етган нарса етмаган бўлмаслигини, етмаган нарса сизга етган бўлмаслигини билмагунингизча бирортангиз иймоннинг ҳаловатини топмассиз”, дедилар. Сўнг: “Токи кетган нарсага қайғуриб” оятини ўқидилар. Яъни дунёда қўлингиздан кетган нарса учун қайғурманг. Чунки у сизларга тақдир қилинмаган эди. Тақдир қилинганида, уни қўлдан чиқармаган бўлардингиз.

“Келган нарсадан хурсанд бўлмаслигин­гиз учун”. Ибн Аббос розийаллоҳу ан­ҳумо оятни: “Дунёдан келган нарсадан”, деб тафсир қилган. Саид ибн Жубайр: “Соғлик ва ҳосилдорликдан”, деб тафсир қилган. Ик­рима ибн Аббосдан ривоят қилинади: “Хафа бўлмайдиган ва хурсанд бўлмайдиган би­рор киши йўқ. Фақат мўмингина етган му­сибатга сабр қилади. Қўлга киритган наси­баси учун шукр қилади”.

“Аллоҳ барча димоғдор ва мақтанчоқ­ларни суймас”. Димоғдор ва мақтанчоқлар дунёда уларга берилган насиба сабаб мута­каббирлик қиладилар ва одамлар орасида фахрланадилар.

Жаъфар ибн Муҳаммад Содиқ: “Эй Одам боласи, нима учун қўлингдан кетган нарсага қайғурасан? Сенга қайтариб бер­майдиган нарса учун қайғурмоқдасан ёки ўлим йўқ қиладиган нарса билан фахрланмоқдасан”, деган. Бузругмеҳрдан: “Эй Ҳаким, нима учун йўқотган нарсангизга хафа, келган нарсага хурсанд бўлмаяпсиз?” деб сўрашди. У бундай жавоб қилди: “Боиси йўқотилган нарсани кўз ёши билан қайтариб бўлмайди, келган нарсани кетказиб бўлмайди”. Фузайл ибн Иёз бундай деган: “Дунё йўқ бўлувчидир. Йўқ қилганини қайтариб бўлмайди. Фойда берганига эса қайтишига изн берилади”.

Димоғдор ўзидан фахр­ланади. Мақтанчоқ эса одамларга паст на­зар билан қарайди. Ик­кисининг амали ҳам яширин ширкдир.

“Улар бахилдирлар”. Аллоҳ мақтанчоқ­ларни яхши кўрмайди. Улар бахилдирлар. Аллоҳ таоло бирор нарсага муҳтож эмас.

Уламолар бахил билан сахийнинг ораси­даги иккита фарқни ажратиб бундай дейи­шади: “Бахил нарсани ушлаб туриш билан, сахий эса уни бериб юбориш билан лаззат олади”. “Бахил фақат сўралганда беради, са­хий эса сўралмасидан олдин беради”.

“Ким юз ўгирса”, яъни имондан юз ўгир­са, “Аллоҳ ҳеч бир нарсага муҳтож бўлма­ган, мақталган Зотдир”.

“Тафсири Қуртубий” асосида

Дилфуза РАҲИМОВА

тайёрлади.

Hidoyat.uz  – http://Hidoyatuz.taplink.ws;

Muminalar.uz – https://t.me/muminalaruzb

Online obuna bo’ling! – https://obunahidoyat.taplink.ws

 

Среда, 01 Февраль 2023 00:00

Огоҳлантирилган уч тоифа

Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумо ривоят қилади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: “Аллоҳ таоло уч тоифа кишиларни қаттиқ ёмон кўра­ди: Ҳарамда катта гуноҳ қилувчини, Исломда бўлатуриб, жоҳилият урф-одат­ларига эргашувчини ва ноҳақдан кишининг қонини тўкишга интилганни” (Имом Бухорий ривояти).

Макка – муқаддас ер. Парвардигор уни одам­лар тўпланадиган, омонлик манзили қилди. Ким у жойга кирса, омонликдадир. Шунинг учун Маккада, Ҳарам ҳудудида маъсият ва тўғри йўлдан оғишни қасд қилган кимса, гарчи ниятини амалга оширмаса ҳам, аламли азобга учрайди”. Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: “У ерда ким зулм ила янглиш йўлга бурилишни ирода қилса, унга аламли азобни торттирурмиз” (Ҳаж сураси, 25-оят).

Ислом динининг таълимотларини пой­мол қилиб, жоҳилият одатларини ўзи ва оила­си учун ҳаёт йўли қилиб олган ки­шини На­бий алайҳиссалом: “Исломда бў­латуриб жо­ҳилият урф-одатларига эргашувчи” деб атадилар. Жоҳилият урф-одати миллатчилик, унинг учун курашиш, фол очиш, шумланиш, мунажжимларни тасдиқлаш, Аллоҳ таолодан ўзгадан сўраш, Қуръони каримда бўлмаган йўлни тутиш каби бузуқ эътиқодлардир.

Айбсиз одамдан ҳақ талаб қилувчи ва ундан шубҳаланувчи шахс ки­шининг қонини но­ҳақ тўкишга интилувчидир. У худди бир киши­дан гумон қилиб, исботи­ни топмасдан Аллоҳ таоло ҳаром қилган қонни ноҳақдан тўкишга интилган кимса кабидир.

Мана шу уч амални қилган бандадан Аллоҳ таоло ғазабланади. Мўмин ўзининг обрўси, қадр-қимматини сақлаши, Аллоҳ таоло ғазабланадиган амаллардан узоқ бўлиши лозим.

 

Мансур МАМАТОВ,

Хатирчи тумани “Изомиддин

мударрис” жоме масжиди имом-хатиби

“Ҳидоят” журнали 2023 йил 1-сонидан

 

Hidoyat.uz  http://Hidoyatuz.taplink.ws;

Muminalar.uz https://t.me/muminalaruzb

Online obuna bo’ling! – https://obunahidoyat.taplink.ws

 

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

Президентимизнинг 2022 йил 20 декабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномаси мамлакатимизни янада ривожлантиришга қаратилган навбатдаги устувор мақсад ва вазифаларни, янги марраларни белгилаб берди.

Давлатимиз раҳбари 2023 йилни “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб эълон қилиб, айни йўналишларни янада тараққий эттиришга қаратилган истиқболли таклиф ҳамда ташаббусларни илгари сургани юртдошларимизни ниҳоятда хурсанд қилди. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки халқимиз азалдан одамзод наслини ҳазрати инсон дея улуғлайди. Илм-маърифатни барча эзгуликларнинг, бунёдкорликларнинг замини сифатида қадрлайди.

Зотан, ислом дини нозил қилинишининг бош сабаби ҳам, бу муқаддас диннинг асл моҳияти ҳам инсонни улуғлаш, уни илму маърифатга, тинчлик-тотувликка, яратувчанликка тарғиб этишдир. Бу эзгу ғоянинг янги Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларга ҳамоҳанглиги, шубҳасиз, халқимизнинг катта бахтидир.

Муқаддас динимизда таълимга, илм-маърифатга алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, Қуръони каримда “илм” сўзи 814 марта зикр этилган. Жумладан, бундай марҳамат қилинади: “Айтинг: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!” Дарҳақиқат, фақат ақл эгаларигина эслатма олурлар” (Зумар сураси, 9-оят).

Ҳадиси шарифларда ҳам илмга тарғиб этилиб, “Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир”, дейилган (Имом Ибн Можа ривояти).

Қуръони карим мўмин-мусулмонларни доимо илмга тарғиб этади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам илм олишга мунтазам даъват қилганлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким илм талаб қилиш йўлига тушса, Аллоҳ унга жаннатнинг йўлини енгиллаштиради”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Исломда илм талаб қилиш ҳар бир мусулмон учун бешикдан то қабргача фарз қилинган. Фарз Аллоҳнинг қатъий амри бўлиб, уни бажариш ҳар бир мўмин учун мажбурий. Шу маънода, ҳар бир мусулмон ўзига керакли, ҳаёти учун зарур илмни, дину диёнатни, ҳалол-ҳаромни билиши, бунинг учун зарур бўлган нарсаларни ўрганиши шарт.

Тарихдан яхши биламиз: буюк алломаларимиз доим илм талабида бўлиб, кўплаб соҳалар ривожига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшган. Зеро, бугунгача ҳадис илмида Имом Бухорий, фиқҳда Бурҳониддин Марғиноний, калом илмида Абу Мансур Мотуридий, тафсирда Имом Замахшарийга тенг келадиган аллома топилмаган. Сўз мулкида Алишер Навоий, тиббиётда Ибн Сино, фалакиётда Абу Райҳон Беруний, Мирзо Улуғбек каби олиму фузалоларимизни ҳам бутун жаҳон тан олиб, уларнинг бой илмий меросини ўрганиб, тарғиб этиб келмоқда.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: бугун ёшларимиз буюк аждодларимизга муносиб бўла оляптими?

Президентимиз Мурожаатномада ушбу масалага эътибор қаратиб, бунинг учун навқирон авлод вакилларига янада кенг шароитлар яратилишини таъкидлади. Бу борада, аввало, янги Ўзбекистон учун энг катта инвестиция бўлган таълимни қўллаб-қувватлаш, янада ривожлантириш белгилаб берилди.

Дарҳақиқат, таълим, маънавият ва маърифат жамият тараққиёти, миллат камолоти ва шахс баркамоллигини белгилаб берувчи асосий омил ҳисобланади. Чунки ушбу тизимлар равнақ топгандагина жамиятда иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий барқарорлик вужудга келади. Яъни ҳар қандай тараққиётнинг ҳаракатлантирувчи кучи маърифатли, билимли, зиёли инсонлардир.

Бу ҳақда улуғ аллома Абу Ҳомид ўаззолийнинг фикрича, инсонларнинг бутун саодати учун икки нарса шарт: биринчиси — илм, иккинчиси — амал. Мутафаккир таъкидлашича, инсоннинг бахтли бўлиши учун илмнинг ўзигина етмайди, балки киши илми ёрдамида тана ва руҳини тарбия қилишга бурчлидир. Аллома ўз асарида Фатҳ Мусалийнинг қуйидаги мулоҳазаларини келтиради: “Касалга обу таом берилмаса, ўладими?” деб сўрадилар. Атрофдагилар: “Ҳа, ўлади”, дейишди. Айтдилар: “Қалбга ҳам уч кун илм берилмаса, ўлади”.

Улуғ аллома Маҳдуми Аъзам таълимотида ҳам илм ва амал бирлиги тарғиби етакчи ўрин эгаллайди. Айниқса, олим “Улуси нафеъ”, яъни эл-улусга фойдаси тегадиган илмни ўрганиш, касб-ҳунар эгаллаш ва уни шогирдларга ўргатиш илмли инсоннинг бурчи эканини уқтиради. Бинобарин, илм ўрганиш ва унга амал қилиш, касб-корга эга бўлиш ва ҳалол ризқ топиш, фарзандлар тарбиясига масъуллик ва фуқаролик вазифасини ҳис этиб яшаш ўзини маърифатли ҳисоблаган ҳар бир инсоннинг муқаддас бурчидир.

Афсуски, ҳозирги вақтда кўз ўнгимизда дунёнинг турли жойларида рўй бераётган иқтисодий ва ижтимоий, ахборот-коммуникация манзарасидаги чуқур ўзгаришлар, турли мафкуралар тортишуви кескин тус олаётган бир вазиятда, фикрга қарши фикр, ғояга қарши ғоя, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш ҳар қачонгидан кўра муҳим аҳамият касб этмоқда. Чунки унга қарши куч ишлатилса, зўравонлик воситасида кураш олиб борилса, жаҳолат аввалгидан ҳам баттарроқ кучайиб кетиши аниқ. Шу ўринда Имом Бухорий хазратларининг “Илмдан бошқа нажот йўқ, бўлмайди ҳам”, деган таъкиди айни ҳақиқатдир.

Президентимиз кейинги йилларда тобора кучайиб бораётган, дунё аҳлини ташвишга солаётган терроризм ва экстремизм таҳдидлари моҳиятини жаҳолат ва муросасизлик ташкил қилишини қайд этиб, бундай ўта хавфли иллатга қарши куч ишлатиш йўли билан эмас, балки “Жаҳолатга қарши — маърифат” билан курашишни, бунда буюк аждодларимизнинг бой маънавий мероси ўзига хос нажот қалъаси ва ҳимоя қўрғони бўлишини таъкидлади.

Дарҳақиқат, бугун уларнинг маънавий меросини ўрганиш, тадқиқ этиш учун юртимизда кўплаб саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Хусусан, Марказий Осиёда ягона бўлган Ўзбекистондаги Ислом цивилиза­цияси маркази барпо этилиши ҳам бу йўлдаги энг самарали лойиҳалардан саналади. Шу билан бирга, Самарқандда Имом Бухорий, Сурхондарёда Имом Термизий, Тошкентда Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, шунингдек, турли ҳудудларда ҳадис, ка­лом, ақида, тасаввуф, фиқҳ илмий мактаблари фаолият юритаётгани келгусида юртимиздан бобокалонларимизга муносиб авлодлар етишиб чиқишига умид уйғотади.

Албатта, мана шундай улкан неъматларнинг бардавом бўлиши Яратган Парвардигорнинг улуғ инояти ва ҳукм сураётган тинчлик-хотиржамликнинг маҳсулидир. Аммо бу билан биз хотиржамликка берилмаслигимиз, халқ орасида тинчлик, барқарорликнинг улуғ неъмат эканлигини такрорлашдан чарчамаслигимиз керак.

“Тинч элнинг боғи гуллар” деган нақл халқимизда асрлар оша яшаб келмоқда. Бугун ана шу пурмаъно ҳикматнинг ҳаётий рўёбига барчамиз гувоҳ бўлиб турибмиз. Мурожаатномада баён этилган режа ва лойиҳалар, ҳеч шубҳасиз, мамлакатимиз тараққиётини, халқимиз фаровонлигини янада оширишга хизмат қилади. Зеро, давлатимиз раҳбари қайд этганидек, шу юртда яшаётган ҳар бир инсоннинг тинч ва бахтли ҳаёт кечириши, унинг соғлиғи жойида бўлиши, яхши таълим олиши, оиласини тебратиши учун қандай шароит керак бўлса, ҳаммасини яратиб беришга ҳаракат қилинмоқда ва бу йўлда асло тўхтаб қолинмайди.

Жалолиддин ҲАМРОҚУЛОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

манба: https://xs.uz/uzkr/post/ilmu-marifat-tinchlik-taraqqiyot-va-inson-kamoloti-asosi

Яқинда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков таржимасидаги Абу Талҳа Муҳаммад Юнус ибн Абдуссаторнинг “Саноқли дақиқаларда тоғдай савоблар” номли китоби чоп этилди.

Китобда киши саноқли дақиқаларда қандай қилиб улкан савобларга эришиш мумкинлиги қизиқарли тарзда баён этилганки, буни китобнинг номидан ҳам англаш мумкин.

Хўш, бир неча сонияда тоғдай савобларга қандай эга бўламиз? Бу ҳақда китобда бундай дейилади: “Кимда ким шу зикрни бозорга кираётганда ёки унда айланиб юрганда бир марта ўқиса, Аллоҳ таоло унга бир миллионта савоб ёзиб, бир миллион гуноҳини авф этади ва жаннатда унинг учун бир қаср бино қилади.

Солим ибн Абдуллоҳ отасидан, отаси бобосидан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким бозорда: Лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду юҳйи ва юмийту ва ҳува ала кулли шайъин Қодийр, деб айтса, Аллоҳ унга миллионта савоб ёзади, миллион гуноҳини авф этди ва жаннатда унинг учун бир уй қуради” дедилар” (Ибн Сунний ва Ҳоким ривояти).

Қаранг, бу нақадар фойдали тижорат! Қисқагина бир зикрни айтганимиз эвазига шунча савобга эришсак, шунча гуноҳдан халос бўлсак, жаннатда бизга атаб қаср қурилса!”

Мазкур китобни мутолаа қилар эканмиз, бундай манфаатли тавсияларни кўплаб учратамиз. Агар Қуръон ўқисак, зикру тасбеҳлар билан машғул бўлсак, нафл намозларни адо этсак қанча савобларга эга бўламиз? Нашрда бу ҳақда ҳам батафсил сўз юритилган.

Яна бир ўринда эса бундай дейилади: “Ҳар биримиз бир кеча-кундуз ичида Парвардигоримиз азза ва жалла учун бир соат вақт ажратайлик. Бу соатда қалбимиздан дунё ташвишларини чиқариб, ўй-хаёлимизни Аллоҳ таоло ҳузурида жамлаб, бошқа барча нарсадан узилишга интилайлик. Шу йўл билан инсон Аллоҳ ҳузуридаги ўз ҳоли ва мақомини билиб олса бўлади. Қайси инсоннинг Аллоҳ ҳузуридаги мақоми бўлса, У зотга яқинлиги бўлса, ўша соатда тоат ибодатга ғайрат жўш уради, Аллоҳ азза ва жалланинг таъзими ва муҳаббати билан қалби яйрайди.”

Бундай гўзал тавсиялар ҳар бир ўқувчини руҳлантириб, кўпроқ амал қилишга ундайди.

Хуллас, китобни мутолаа қилган киши ғанимат дақиқаларда дунё ва охират саодатига эришиш йўлида ҳар сонияда улкан савоблар қилиб, гуноҳлардан тавба қилишни ўрганади. Динимизда айтилган ҳар бир амалларни ўз вақтида ихлос билан адо этиш кераклигини ўқтиради. Бир сўз билан айтганда мазкур нашр ҳар бир мўмин-мусулмон учун кўплаб манфаат келтиради.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Страница 50 из 637

Янгиликлар

Top