www.muslimuz

www.muslimuz

1 сентябрь – мустақиллик куни мамлакатимиз истиқлолга эришган, жаҳон харитасида янги, мустақил ва суверен давлат – Ўзбекистон Республикаси пайдо бўлган, халқимизнинг асрий орзу-интилишлари рўёбга чиққан буюк тарихий сана бўлиб, эл-юртимиз томонидан энг улуғ, энг азиз байрам сифатида доимо катта шоду хуррамлик билан нишонланиб келади.

Муҳтарам Президентимиз томонидан 2020 йил 17 декабрь куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида”ги қарор бу байрамни файзига файз, нурига нур бахшида этди.

Давлатимиз раҳбарининг ушбу қарори ҳеч бир истисносиз бутун бир халқимиз томонидан эътироф этилаётгани истиқлолимизнинг нафақат умуминсоний, балки, умумжаҳоний қадрият сифатида баҳоланаётганидан далолатдир.

Биз ўтиз йиллик тўйини нишонлаш арафасида турган буюк ва бебаҳо неъмат – мустақилликнинг миллий тараққиётимиз, бугунги ва келгуси авлодлар тақдири, келажаги учун беқиёс аҳамияти йиллар ўтиши билан тобора ортиб бормоқда. Ўзбекистоннинг давлат мустақиллиги халқимизнинг миллий манфаатларини, тинч ва осуда ҳаётини таъминлаш, мамлакатимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтиришнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб келмоқда.

Маълумки, мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти қуришга, эркин бозор муносабатларига ва хусусий мулк устуворлигига асосланган иқтисодиётни ривожлантиришга, халқ осойишта ва фаровон ҳаёт кечириши учун шарт-шароитлар яратишга, халқаро майдонда Ўзбекистоннинг муносиб ўрин эгаллашига қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди. 

Бугунги кунда дунёнинг турли нуқталарида қандай воқеалар бўлиб турганидан барчамиз хабардормиз. Нотинч вазият туфайли инсонлар азият чекмоқда. Ана шундай бир шароитда хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этади, десак, асло янглишмаймиз.

Албатта, Парвардигори олам ҳеч нарсани бесабаб яратмаган. Юртимизнинг тинчлигига ўз навбатида мамлакатимиз раҳбарининг бу соҳада олиб бораётган саъй-ҳаракатлари ҳам муҳим омиллардан саналади. Яратганга беадад шукурлар бўлсинки, ушбу неъмат сояси остида, тинчлик ва осойишталикдан оқилона фойдаланган ҳолда диёримизда қисқа фурсат ичида мислсиз ютуқларга эришмоқдамиз.

Бугун мустақил юртимизда халқимиз тантанавор шиорларни айта олиш неъматига сазовор бўлмоқда. Сўзимизнинг далили сифатида юртимизнинг барча гўшаларида “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!”деган эзгу шиор, эзгу ғоя тантанаси жарангламоқда. Жойлардаги сайлларда, тадбирларда, давра суҳбатларида бу ғоя  фахрланиб, кўтаринки овоз билан зикр қилинмоқда, қалбларга руҳ бахш этмоқда.  Чунки, Ватандан азизроқ макон йўқ бу дунёда. Ер юзида Ўзбекистонимиз – яккаю ягона, биз у билан ҳар қанча фахр-ифтихор қилсак кам. Бунга унинг бой ўтмиши ҳам, равнақ топаётган бугуни ҳам, порлоқ келажаги ҳам тўла асос бўлади.

Мустақиллик, бу йилда бир марта, фақат мустақиллик байрамида эмас, ҳар куни, ҳар соат фикр юритиладиган, ҳар дам шукр қилинадиган, қадри, шарафи, бардавомлиги кўз қорачиғидек асраб-авайланадиган бебаҳо неъматдир. Унинг шарофати билан ижтимоий, маънавий ва диний қадриятларнинг қайтадан тикланиши ва ривожланиши учун кенг йўл очилди. Мустақиллик бизга ўзлигимизни қайтарди. Мустақиллик бизга дину диёнатимизни қайтарди. Мустақиллик – эркин эътиқод ва ибодатларимизни қайтарди. 

Дин соҳасида янгидан-янги хайрли ислоҳотлар давом этмоқда-ки, соҳани тартибга солувчи меъёрий ҳужжатларни замон талабига мослаштириш борасида ҳам саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Бу амалга оширилаётган хайрли фаолиятдан мақсад дин соҳасини сифатни яхшилаш, унинг мутахассисларини тайёрлаш, динимизни муқаддас, пок эканлигини, имон-эътиқодимизни мусаффо бўлишини таъминлашдан иборат. 

Юртимиз ва мусулмон дунёсидан етишиб чиққан улуғ мутафаккир ва алломаларнинг бой мероси, уларнинг жаҳон цивилизацияси, илм-фан тараққиёти ривожига қўшган бебаҳо ҳиссасини чуқур тадқиқ этиш ва кенг тарғиб қилиш имкониятлари яратилди.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ҳадис илми мактаби ва Мир Араб олий мадрасаси каби янги муассасаларнинг ташкил этилгани, ҳадис, калом, фиқҳ ва тасаввуф мактабларига асос солингани, ўнлаб янги масжидлар очилаётгани бу борадаги ишлар кўлами нечоғли кенг эканидан далолат беради.

Инсонларга берилган барча борлиқ ҳаёт Аллоҳ таолонинг неъмати саналади. Шунга кўра оқил инсон илм ва чиройли хулқни, жоҳил эса лаззат ва шаҳватни неъмат деб билади. Истиқлолимиз биз диний ходимларга орзулаб ҳам бўлмайдиган неъматларни берди. Бу ислом дини равнақи, мусулмонларга яратилган эркинликлар ва шароитларда яққол кўзга ташланади.

Бир сўз билан айтганда, давлатимиз томонидан амалга оширилган бу улкан яратувчанлик, инсонпарварлик тамойили натижасида ҳар бир фуқаронинг миллий ва диний асрий орзу-умидлари рўёбга чиқишига мустаҳкам асосланди. Қувонарлиси, бугунги озод ва обод юртимизда миллий қадриятлар ҳам, диний қадриятлар ҳам кенг жамоатчилик қабул қилган қонун билан кафолатланган. Биз миллий ва диний эҳтиёжлар етарли даражада қондирилганлигини, эришаётган ютуқларимизни ҳар қанча эътироф этсак арзийди.    

Шу ўринда, юртдошларимизни Ватанимиз тинчлигини, хотиржамлигини асрашга, мустақиллигимизни қадрлашга чорлаймиз. Фурсатдан фойдаланиб мустақиллигимизнинг ўттиз йиллик тўйи билан бутун ватандошларимизни муборакбод этамиз.

 

Абдулҳай ТУРСУНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Наманган вилоят вакили

Пятница, 20 Август 2021 00:00

Отамиздек  меҳрибон  эдилар

Эслаб...

Муфтий ҳазратлари – Усмонхон Алимов жуда меҳрибон, айниқса, аёлларнинг ҳурматини жойига қўядиган инсон эдилар. У киши устозларнинг дуоларини олишни одат қилган эдилар.

Кечагидек эсимда: 2006 йилнинг август ойида муфтийлик вазифасига тайинланганларида муфтий ҳазратлари Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон, Юсуфхон Шокиров каби устозларининг хонадонларига ташриф буюриб, дуоларини олишни ният қилган эканлар. Ўшанда бизнинг ота уйимизга ҳам келгандилар. Шу куни ҳазрат узоқ йиллар давомида диний идорада фаолият юритган отамиз Абдулғани Абдуллоҳни эслаб ҳақларига дуо қилдилар. Бу ташриф хотирамда мангуликка муҳрланди.

Менга муфтий ҳазратлари билан бирга ишлаб, дуоларини олиш бахти насиб қилди.

Ҳазрат идорада барча ходимларга хушмуомалалик билан муносабатда бўлардилар. Биз у кишига бирор жойда дуч келиб қолсак, беэътибор ўтиб кетмас, албатта, тўхтаб: “Яхшимисиз, оилангиз тинчми, фарзандларингиз яхши юришибдими?” деб ҳол-аҳвол сўрар ва дуо қилар эдилар.

Иш юзасидан хизмат сафарларига чиқишдан олдин муфтий ҳазратларининг олдиларига кириб, маслаҳат сўрардик. У киши ўз маслаҳатларини бергач, доимо: “Она қизим, яхши бориб келинг”, дер ва қўлларини дуога очар эдилар. Сўнг дарҳол масжидлар бўлими ходимларидан бирини чақириб, бизни вилоятда яхши кутиб олишларини, сафар давомида қийналиб қолмаслигимиз учун барча шароитларни яратиб беришлари лозимлигини тайинлардилар. Ҳазрат  доимо ўз маслаҳатларини аямас, иш фаолиятимиз  бўйича керакли ўгитларни беришни канда қилмас эдилар.

Ишда ҳам, сафарда ҳам доимо у кишининг ишончларини оқлашимиз лозимлиги ёдимизда турарди.

Бир воқеани айтиб берсам. Бир неча йил олдин опамнинг ўғли автоҳалокатга  учраб, комага тушиб қолди. Поччам ўша пайтда масжидда имом ноиби бўлиб ишлар эдилар. Муфтий ҳазратларининг ҳузурларига келиб, ўғилларининг ҳаққига дуо қилишларини сўрадилар. Ҳазрат жиянимнинг ҳаққига дуо қилиш билан бирга, Тошкент шаҳридаги масжидлар имомларига жума намозларида ҳам дуо қилиш ҳақида топшириқ бердилар. Кечга бориб, жияним ўзига келиб, комадан чиққани ҳақида хабар беришди.

Ҳа, ҳазратимиз шундай дуогўй, ҳалим, барчамизга отамиздек меҳрибон инсон эдилар... У киши Пайғамбаримиз алайҳиссалом авлодларидан бўлганлари учун ҳам дуолари ижобат эди. Бундан ташқари, Қуръонга ўзгача муҳаббатли эдилар. Кўплаб шогирдларни тарбиялаб, етиштирганлар ҳам. Бу ҳақда аёллари Адолат ҳожи она кўп бор эслайдилар. Фарзандлар тарбиясида-да ўзига хос услубга эга эдилар.

Аллоҳ таоло муфтий ҳазратимизнинг  солиҳ амалларини, динимизга қилган хизматларини, илм-маърифат, зиё таратиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини ҳусни қабул айлаб, Ўз мағфиратига олсин. Чеккан дардларини барча саҳву хатоларига каффорат қилсин. Қабрларини жаннат боғчаларидан қилиб, охиратларини обод этсин!

Ҳақ таоло ўтган барча устоз олимларимизни ғариқи раҳмат, шоҳистайи жаннат қилсин. Омин!

 

Марямхон АБДУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходимаси

 

Шукрона

  

Юртимизда ҳар йили истиқлолга эришган кунимизни бир-биридан гўзал ғоя ва шиорлар остида нишонлаш яхши анъанага айланиб боряпти. Уларнинг ҳар бири қалбимизда алоҳида меҳр уйғотиб, ўзини шу Ватан фарзанди деб билган кексаю ёшни эл-юрт фаровонлиги йўлида жипслаштиришга хизмат қилмоқда.

Шу нурафшон кунларимизда биз учун олис мозий, буюк аждодларимиз мероси ва 30 йил мобайнида босиб ўтган йўлимизга назар ташлаб, шу муқаддас Ватанда яшаётганимизга шукроналар келтиришимиз шарт.

Инсон қаерда дунёга келса ана шу ер унинг учун қадрли Ватан ҳисобланади. Киндик қони тўкилган жой инсон учун ҳеч нарсага алишиб бўлмайдиган, ҳамма нарсадан ҳам қимматли даргоҳдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салам ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу билан Мадинаи мунавварага ҳижрат қилиб кетаётганларида орқаларига ўгирилиб, яъни Маккаи мукаррамага қараб: “Агар қавмим мени Маккадан чиқиб кетишга мажбур қилмаганида, ҳеч қачон ўз ихтиёрим билан уни ташлаб кетмаган бўлур эдим” – деганлар.

Демак, ватанни севиш, уни соғиниб яшаш инсоният фитратида мавжуд бўлган нозик ҳисдир. Бирор сабаб билан Ватанини ташлаб, бошқа юртларга кетган кимса ҳаётнинг оғир дамларида уни қўмсаб, кўз олдига келтириши ва туғилиб ўсган замини хақида бирор қайғули хабар эшитганда қалбан эзилиши ҳам юртга бўлган муҳаббатнинг белгисидир.

Тарихдан маълумки, бирорта миллат бошқа бир миллатни таҳқирламоқчи, ёки оёқости қилмоқчи бўлса, аввало, унинг ватанини босиб олиб, вайрон қилган ёки уни ватанидан қувиб чиқарган. Ўз ватанини душманлар қўлида қолганини кўрган миллат учун бундан ортиқ хўрлик ва таҳқир бўлмаса керак. Зеро, Ватан, миллат, дин тушунчалари инсон учун ҳар нарсадан азиз ва муқаддасдир. Шунинг учун ҳам динимиз таълимотида она Ватан ҳимояси, миллат фаровонлиги ва дин равнақи йўлида фидоий бўлган кишиларга буюк мақомлар берилиши таъкидланган.

Исломда Ватан тушунчаси кенг қамровли бўлиб, аввало, у истиқомат маскани, яъни уй-жой маъносида ишлатилади. Ислом дини таълимотида инсон ўзи яшаб турган ватанини, динини, оила аҳлини ҳимоя қилиши энг улуғ амаллардан эканлиги таъкидланган. Ватан ҳимояси учун ҳарбийлар сафида туриш ҳам динимизда улкан савобли амал саналади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бир кеча кундуз “рибот”, (яъни душмандан қўриқлаб чиқиш) бир ой тутилган нафл рўза ва ўқилган тунги намоздан яхшидир”, деб марҳамат қилганлар» (Имом Муслим ривояти).

Ҳаким зотлардан бири: “Ҳар бир кимсага маълумки, ҳаёт оламида инсоннинг энг севган, қадрли, қимматли тўрт нарсаси бордир. Бу тўрт нарсага эга бўлмаган кишилар инсонлик шарафидан маҳрум бўлурлар. Улар: озодлик ва эркинлик, меҳнат билан топилган молга ўзи эгалик қилмоғи, туғилиб ўсган она Ватани ҳамда ўзи эътиқод қилиб келаётган муқаддас дини”. деган.

Кишининг вафодорлиги унинг ўз Ватани учун қайғуришидан, биродарларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ўкиниб яшашидан билинади.

Инсоннинг ўз халқига бўлган садоқати ва фидойилиги уни Ватанини ҳимоя қилишига, тараққий топиб, ҳар томонлама мустаҳкам ва қудратли бўлишига ҳамда халқининг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришига имконият даражасида ҳисса қўшишга ундаши лозим.

Ўзбекистон аталмиш гўзал замин бир мақсад йўлида бирикиб, муҳтарам Юртбошимиз атрофида жипслашиш натижасида ёрқин келажак, юксак тараққиёт сари йўл тутяпти, Ватан гўё ўз фуқароларига ҳам аҳилликда ҳикмат кўплигидан сабоқ бераётгандек.

Яна бир неча кунлардан сўнг мустақиллигимизнинг 30 йиллик байрамини катта тантана қиламиз. “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” шиори остида муқаддас Ватанимизнинг катта тўйига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.

Аллоҳ таоло шу азиз Ватанни, буюк миллатни Ўз паноҳида асрасин!

 

Нуриддин домла ХОЛИҚНАЗРОВ,

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби

 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Қардош ўзбек халқининг таниқли вакили, Ўзбекистон
мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Темурхон ўғли
Алимовнинг оғир ҳасталикдан сўнг вафоти муносабати билан
Туркманистоннинг барча диндорлари номидан Ўзбекистоннинг
барча диндорлари ва марҳумнинг оила аъзолари, якинларига
самимий ҳамдардлик билдирамиз.

Илмини, билимини дин йўлига бахшида этган Усмонхон Темурхон
ўғлининг хотирасига таъзия кунларида амал қилаётган ибодатларингиз,
дуоларингиз Қудрати кучли Буюк Аллоҳ даргоҳида кабул бўлсин!
Қудрати кучли Буюк Аллоҳ таоло Усмонхон Темурхон ўғлининг
охиратларини обод этиб, жойларини жаннатда қилсин!

Олижаноб инсоний фазилатлари билан қардош ўзбек халқининг
катта обру ҳурматига муносиб бўлган Усмонхон Темурхон ўғли
туғрисидаги унитилмас хотиралар бизнинг калбларимизда мангу
яшайди!

Туркманистон мусулмонлари идораси раиси,
Муфтий Ялқоб ҳожи ХОЖАГУЛИЕВ ҳазратлари

Бисмиллаҳир-роҳмонир-роҳим!

Ўзбекистан мусулмонлари идораси раиси, Ислом оламининг таниқли дин арбоби, илм-маърифат эгаси, муфтий Усмонхон Алимовнинг вафоти Озарбайжон ва бутун Кавказ мусулмонларини чуқур қайғуга солди.

Усмонхон Хўжа билан мени кўп йиллик дўстлик ва қардошлик ришталари ўзаро боғлаб турар эди. У, Озарбайжоннинг дўсти, мамлакатларимиз ўртасидаги анъанавий дўстона муносабатлар тарафдори сифатида халқимиз томонидан тан олинган ва чуқур қадрланадиган шахслардан бири эди.

Биз Озарбайжон ва Ўзбекистонда, шунингдек, турли хорижий давлатларда бўлиб ўтган конференциялар ва расмий тадбирларда бирга катнашдик ва Усмонхон Алимовнинг миллий-маънавий қадриятлар ва тарихий алоқаларимизнинг ҳимоя қилинишига қўллаб-қувватлаганларига гувоҳ бўлган эдик. Хусусан, Ислом маърифатчилиги даъватини қўллаб- кувватлаган ташкилотлар орасида Ўзбекистан мусулмонлари идораси ва унинг раиси, азиз биродарим, муфтий Усмонхон Алимовнинг алоҳида ўрни бор эди.

Ишончим комилки, муфтий Усмонхон Алимов хотираси исломшунос олим, Озарбайжоннинг дўсти ва маънавий бирлигимизнинг фидойи хизматчиси сифатида бизнинг хотирамизда абадий қолади.

Азиз биродарим, марҳум Усмонхон Хўжа билан бошлаган халқларимиз ва диний муассасаларимиз ўртасидаги анъанавий дўстона муносабатларимиз бундан буён ҳам мустаҳкамланиб, ҳамкорлик доим самарали бўлишига ишонаман.

Усмонхон Алимовнинг вафоти ислом олами учун оғир йукотишдир, лекин бу Оллоҳ таолонинг тақдир изнидир. Бизнинг тасаллимиз шундаки, у ҳаёти ва хизмати билан, Муқаддас Китобимизнинг улуғвор каломига содиқ бўлганлар орасидандир, инша Аллох. Куръони Каримда бундай дейилади: “Айтинг: Менинг намозим, ибодатим, ҳаётим ва вафотим оламнинг Роббиси Аллоҳ учундир!” (Анъом сураси, 162-оят).

Ушбу қайғули кунларда мен Кавказ ва Озарбайжон мусулмонлари номидан қардош ўзбек халқига, хусусан, Ўзбекистон давлати раҳбариятига чуқур ҳамдардлик билдириб, азиз дўстимни раҳм дуолари билан ёдга олиб, марҳумнинг оиласига ва қадрдонларига сабр-тоқат тилайман. Оллоҳ раҳматига олган бўлиб, жойлари жаннатдан, руҳи шод бўлсин! Омин!

Вас-салламу алейкум ва раҳматуллоҳи ва баракатуҳу.

Янгиликлар

Top