muslim.uz

muslim.uz

«Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази, анъанага кўра, якунланаётган йил якунлари бўйича одамларнинг ижтимоий кайфиятини ўрганиш мақсадида мамлакатимиз аҳолиси ўртасида сўров ўтказди.

Сўровда мамлакатимизнинг барча вилоят ва ҳудудларида истиқомат қилаётган турли ижтимоий тоифалар, этник гуруҳлар, конфессия ва касбларга мансуб 18 дан 70 ёшгача бўлган фуқаролар иштирок этди.

Сўров натижаларига кўра, фуқароларимизнинг мутлақ аксарияти (90,5 фоизи) учун 2017 йил фаровонлик йили, ўзи ва оиласи ҳаётида ижобий ўзгаришлар рўй берган йил сифатида эсда қолади. Янги йилни Ўзбекистон аҳолиси яхши, кўтаринки кайфият билан кутиб олмоқда. Фуқароларнинг 83 фоизи ўзларини бахтли ҳис қилмоқда, дейилади сўров натижаларида.

Респондентларнинг 80 фоизидан ортиғи кириб келаётган 2018 йил — Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили янада муваффақиятли бўлишига ишонч билдирган

Ижтимоий сўров натижаларига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Йил одами сифатида эътироф этилган. 

 

ЎзА

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ва унинг раҳбарлигида Ўзбекистоннинг барча соҳаларида амалга оширилган туб ўзгаришлар жаҳон ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотмоқда. Хорижий ОАВ ва интернет-нашрларда эълон қилинган кўплаб мақолалар шундан далолат беряпти.

АҚШнинг "The New York Times" нашри 2017 йил 27 ноябрь куни “Ўзбекистон ўз эшикларини очмоқда” сарлавҳали мақола эълон қилди. Унда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев иқтисодиётни ислоҳ этишни бошлагани таъкидланган.

Жаҳон банки 2017 йилда Ўзбекистон бизнес юритиш шароитларни сезиларли даражада енгиллаштирган ўнта давлат қаторига киргани ҳақида хабар бериб, корхоналарни рўйхатдан ўтказиш, қурилишга рухсат олиш, миноритар инвесторларни ҳимоя қилиш, солиққа тортиш ва электр таъминоти тизимига улаш соҳаларида амалга оширилган ислоҳотларни қайд этди.

Жаҳон банкининг бизнес юритиш шароитларининг қулайлигига баҳо берадиган Doing Business рейтингида Ўзбекистон 190 мамлакат ичида 74-ўринни эгаллаб, Хитой ва Украинани ортда қолдирди, деб хабар қилади Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти.

Суббота, 30 Декабрь 2017 00:00

Диққат эълон!

Ассалому алайкум, азиз Қуръон мухлислари! Жорий йилнинг 22 декабрь куни 2018 йилнинг биринчи ярмида Республикамизда 3 босқичдаги Қуръон мусобақаси ўтказилиши эълон қилинган эди. Унга кўра, 2018 йил 1‒10  январь кунлари мусобақа иштирокчиларини рўйхатга олиш санаси деб белгиланганди. Бироқ, давлатимиз томонидан милодий янги сана кириб келиши муносабати билан йилнинг дастлабки 3 куни ҳам дам олиш куни деб эълон қилингани боис, қабул кунлари 2018 йил 4‒13 январга кўчирилди. Мусобақанинг шаҳар‑туман босқичи санаси ҳам бироз кечга сурилди. Мусобақанинг биринчи босқичи кунлари қуйидаги жадвалда эълон қилинган:

 

Ўзбекистон Қуръони карим қироати мусобақасининг шаҳар ва туман босқичини ўтказиш бўйича

ЖАДВАЛ

 

Вилоят ва шаҳар номи

Ўтказиш жойи

Шаҳар ва туман босқичини ўтказиш санаси

1.

Жиззах вилояти

ЎМИ Жиззах  вилояти вакиллиги

+998973257243

Ботирхон Рўзиев

15-17.01.2018

2.

Сирдарё вилояти

ЎМИ Сирдарё  вилояти вакиллиги

+998911019820

Дилмурод Сулаймонов

15-17.01.2018

3.

Самарқанд вилояти

ЎМИ Самарқанд  вилояти вакиллиги

+9983485870

Ёқубжон Мансуров

18-21.01.2018

4.

Бухоро вилояти

ЎМИ Бухоро  вилояти вакиллиги

+998956000031

Анваржон Нуриллаев

18-21.01.2018

5.

Навоий вилояти

ЎМИ Навоий  вилояти вакиллиги

+998919911555

+998939507303

Музаффар Раҳмонов

22-23.01.2018

6.

Қорақалпоғистон Республикаси

Қорақалпоғистон Республикаси вакиллиги

+998934897670

Зулфиқор Сапашов

24-26.01.2018

7.

Хоразм вилояти

ЎМИ Хоразм  вилояти вакиллиги

+998622284438

+998937572557

Бобожонов Ҳамид

24-26.01.2018

8.

Қашқадарё вилояти

ЎМИ Қашқадарё  вилояти вакиллиги

+998972004716

Назруллоҳ ҳожи Бобомуродов 

27-29.01.2018

9.

Сурхондарё вилояти

ЎМИ Сурхондарё  вилояти вакиллиги

+998912382717

Абдусалом Фатҳуллаев

27-30.01.2018

10.

Андижон вилояти

ЎМИ Андижон вилояти вакиллиги

+998742280196

+998916107040

Нуруллоҳ Қодиров

01-04.02.2018

11.

Наманган вилояти

ЎМИ Наманган вилояти вакиллиги

+998906429977

Обидхон Икромов

04-06.02.2018

12.

Фарғона вилояти

ЎМИ Фарғона вилояти вакиллиги

+998914532870

Ҳусниддин Турсунозода

06-09.02.2018

13.

Тошкент вилояти

ЎМИ Тошкент вилояти вакиллиги

+998903482262

Фаррух Султонов 

10-12.02.2018

14.

Тошкент шаҳри

Тошкент шаҳар вакиллиги

+998712351733

+998974206264

+998949320022

Муроджон Кабиров

13-15.02.2018

Ушбу жадвал асосида шаҳар ва туманларда саралаш босқичи ўтказилгач, улардан ҳар бир йўналишнинг биринчи рақамли ғолиблари вилоят босқичида қатнашади.

 

Вилоятларда мусобақанинг биринчи босқичи учун тайинланган шаҳар ва туманлар ҳамда мусобақа тадбирини ўтказиш манзили 2018 йил 3 январгача сайтимизда эълон қилинади. Ушбу Қуръон мусобақасида иштирок этиш истагида бўлган фуқаролар Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятлардаги вакилликларига мурожаат қилишлари тавсия этилади (Мурожаат учун телефон рақамлар юқорида берилган).

Мусобақа ҳақида ҳайъат котибияти билан боғланиш учун қуйидаги рақамларга мурожаат қилишингиз мумкин:

+998711487770, +998998987277

 

 

Абу Зарр (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: Ким бомдод намозидан сўнг бир гап гапиришидан олдин: “Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳ, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду юҳйи ва юмийту ва ҳува ‘ала кулли шай`ин қодийр”, деб ўн марта айтса, у кишига ўнта яхшилик ёзилиб, ўнта ёмонлик ўчирилади ва ўнта даражага кўтарилади. Шу кунида ёмон кўрган нарсасидан сақланади. Шайтон унга яқинлаша олмайди. Ва шу куни бирорта ҳам гуноҳ қилишга йўлиқмайди. Фақат Аллоҳга ширк бундан мустасно, (Имом Термизий ривояти).

Суббота, 30 Декабрь 2017 00:00

05.01.2018 й. Имом Бухорий буюк аллома

بسم الله الرحمن الرحيم

ИМОМ БУХОРИЙ БУЮК АЛЛОМА

 Муҳтарам жамоат! Муҳаддислар султони, Расулуллоҳ с.а.в. ҳадисларининг саҳиҳларини ажратиб, Қуръони каримдан кейинги иккинчи ишончли манба саналмиш “Саҳиҳи Бухорий” номли ҳадислар тўпламини тузган улуғ аллома, имомуд-дунё, олимлар пешвосининг номи бутун дунёда машҳур ва маълум Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн Муғийра ибн Аҳнаф ибн Бардазбиҳ ал-Жўъфий ал-Бухорийдир.

Бу буюк зот Мовароуннаҳрнинг энг кўҳна ва гўзал шаҳарларидан бўлмиш Бухорои шарифда, ҳижрий 194 йил Рамазон ойининг 13-санада, жума куни таваллуд топдилар. Имом Бухорий бутун ҳаётларини, интилиш ва ҳаракатларини ҳадис илмига бахшида этган эдилар. Жуда оз ухлар, уйқудан ташқари пайтларда эса атрофдагилар у кишини ё устозлардан ҳадис эшитаётган ёхуд ёзиб олаётган, ё ўзлари шогирдларга ҳадис айтаётган, ё ёлғиз ўтириб, қўлда қалам билан жамлаган ҳадисларининг нодир жойларини қайд этиб ўтирган ҳолда кўрар эди. У кишининг ҳар бир куни илм олувчи, таълим берувчи ва китоб таълиф қилувчи мақомида ўтарди. Буларнинг гувоҳи бўлган шогирдлари Ибн Абу Ҳотим бундай дейди: “Бухорий билан сафарда бирга бўлиб, бир уйда тунашга тўғри келди. Ўшанда шунинг гувоҳи бўлдимки, у киши бир кечанинг ўзида ўн беш мартадан йигирма мартагача уйғониб, ҳар гал чақмоқ тошни ишлатиб чироғини ёқар, тўплаган ҳадисларининг саҳиҳларини ажратиб, белгилаб қўяр эди. Сўнг чироқни ўчириб, бошини ёстиққа қўяр эди”. Имом Бухорийнинг ҳадис ёдлаш қобилиятлари, зеҳнларининг ўткирлиги тилларда достон бўлиб кетган эди. У киши ўзларининг шоҳ асарлари бўлмиш “Жомеус-саҳиҳ” таълиф қилиш олдидан жами олти юз минг, шундан юз минг саҳиҳ ва икки юз минг саҳиҳ бўлмаган ҳадисни ёд олганларини зикр этган эдилар. У киши “Саҳиҳ”дага ҳар бир ҳадисни қўшиш олдидан ғусл қилиб, сўнг ҳадисни ёзар эдилар. Ҳадис илми равнақи йўлидаги буюк хизматлари учун “Имомуд-дунё” (Дунё имоми) мақомига мушарраф бўлган эдилар.

Замондошларининг гувоҳлик беришларича, Имом Бухорий ҳазратлари жисман нозик, озғин, ўрта бўйли, нафсини бир маромда ушлаган, таомни жуда кам истеъмол қиладиган фазилатли, тамкинли инсонлардан эдилар. У кишининг зуҳди-қаноати ва тақвоси ҳаммага ибрат эди. Имом Бухорий нафс риёзати, тўғрилик ва ҳалоллик билан зийнатланган ва танилган эдилар. Ҳалоллик йўлида ҳар қандай машаққатни зиммага олардилар. Ҳаётларининг энг оғир дамларида ҳам бировдан бир нарса сўрамас, одамлар миннатидан юзларини сарғайтирмас эдилар. Очликнинг қийноқларига чидаб, кўкат ейиш ёки сув ичиш билан чора топардилар. Ваҳоланки, Абу Абдуллоҳ ҳаётда бой одам эдилар, оталаридан жуда катта мол-давлат мерос қолган эди. Аммо у киши охиратдаги ҳисоб-китобда масъул бўлмаслик учун дунё неъматларидан воз кечган эдилар. Бухорийнинг ўзлари айтишларича, ҳар ойда беш юз дирҳам фойда олганлар ва ҳаммасини илм йўлида сарфлаб юборганлар. “Чунки бу сарфиёт Аллоҳ йўлида бўлгани учун энг яхши ва боқий қолувчи сарфиётдир”, деганлар. Имом Бухорий гўзал хулқли, ҳамма ёқтирадиган одам бўлганлар. Муҳаммад ибн Абу Ҳотимнинг айтишича, Имом Бухорий бундай деганлар: “Ғийбатнинг ҳаромлигини билганимдан буён бирор кишини ғийбат қилмадим. Аллоҳга рўбарў бўлганимда бирор кишини ғийбат қилмаганим ҳақида мени ҳисоб-китоб қилмаслигидан умид қиламан”. Бир гал Абу Маъшар исмли бир ожиз кишининг беихтиёр қилган қилиғига қараб табассум қилиб қўйганлари учун бориб ундан кечирим сўраганлар. Бошқа бир пайт камон отишни машқ қилаётганларида отган ўқлари ўша жойдаги кўприкнинг қозиғига тегиб, уни синдириб қўйди. Шунда у киши шогирдларидан бирига пул бериб, кўприк эгасидан узр сўраш ва кўприкни тузатиш харажатига пулни олиш таклифи билан жўнатдилар. Кўприк эгаси Имомга бўлган ҳурматидан эваз олмай, уни ўзи тузатиб қўйишга ваъда берди. Шунда Имом азбаройи хурсанд бўлганларидан шу куни шогирдларга беш юз ҳадис ўқиб бердилар ва уч юз дирҳам садақа қилдилар. Имом Бухорийнинг Аллоҳ таолога бўлган имон-ишончлари ботину зоҳирларидан яққол кўриниб турар эди. Ибодатда бутун қалблари, ҳар бир аъзолари билан хушуъ-хузуъда, ихлос билан Аллоҳнинг Ўзига юзланар эдилар. Доимо Қуръони каримни тиловат қилардилар. Аллоҳ таолога дуолари ижобат эди. Имом Бухорий ҳазратлари ўзларидан улкан илмий мерос қолдирдилар. Ёш бўлатуриб, дунёга машҳур асарларни ёздилар. Хатиб Бағдодий Имом Бухорийнинг шундай деганларини ривоят қилган: “Ўн саккиз ёшга етганимда саҳоба ва тобеинларнинг масала ва қавлларини тасниф қила бошладим... Ўша пайтда “Китобут-тарих”ни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрлари ёнида ойдин кечаларда тасниф этганман”. Имом Бухорийнинг жами асарлари йигирмадан ошади. Улар орасида “Китобут-тарих”дан ташқари одобга оид бир минг уч юздан ортиқ ҳадисни жамлаган “Адабул-муфрад” алоҳида ўрин тутади. Булардан ташқари, “Китобус-сунан фил фиқҳ”, “Халқу афъолил-ибод”, “Зуафоус-сағир”, “Ал-асмоъ ва куно”, “Биррул волидайн”, “Жомеул-кабир”, “Муснадул-кабир”, “Тафсирул-кабир”, “Китобул-илал” каби йирик асарлар бор. Булар ичида “Жомеус-саҳиҳ” китоби бу асарларнинг гултожи, ҳадис китобларининг энг аълоси ва мукаммали, Имомнинг шоҳ асарларидир. Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг вафотлари ҳижрий 256 (милодий 870) йил Рамазон ҳайити кечасида бўлди, ҳайит куни пешин намозидан сўнг дафн этилдилар. Фано дунёсида ўн уч куни кам олтмиш икки йил умр кечирдилар.

         Муҳтарам жамоат! Мустақиллик йилларида миллий қадриятларимизга эътибор қаратилди, юртимиздан етишиб чиққан ўнлаб улуғ олимлар қаторида ҳадис илмининг султони Имом Бухорий ҳазратларининг ҳаётлари ва бой илмий меросларини ўрганишга киришилди. У кишининг “Ал-жомеус-саҳиҳ”, “Ал-адаб ал-муфрад” каби асарлари ўзбек тилига ўгирилиб, катта нусхада нашр қилинди. Айниқса, 1998 йили Имом Бухорий таваллудининг 1225 йиллик тўйи кенг нишонланиши муносабати билан у зотга бўлган улкан эҳтиром сифатида Имом Бухорий дафн этилган гўшада муҳташам мажмуанинг барпо этилиши бўлди. Мажмуа таркибида Имом Бухорийнинг мақбаралари, катта жомеъ масжиди, музей ва бошқа иншоотлар барпо этилди. Бир вақтлар бировга кўрсатишга ҳам хижолат бўлинган хароба жойлар бугун бутун Ислом оламининг машҳур зиёратгоҳига айланди. Буларнинг ҳаммаси буюк аждодларимизга нисбатан раҳбариятимизнинг эҳтироми ва муҳаббати самарасидир.

2017 йилда Имом Бухорий мажмуаси ёнида Имом Бухорий номидаги Халқаро илмий-тадқиқот маркази қурилиши бошланди. 6 гектар майдонни эгаллаган марказ биносида ҳадис, калом ва қироат илмини ўрганишга мўлжалланган хоналар, қўлёзмалар кутубхонаси, музей ташкил этилади. 2017 йилнинг 19 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида нутқ сўзлаб, жумладан шундай деди: “Марказий Осиё Уйғониш даврининг кўплаб ёрқин намояндаларининг ислом ва жаҳон цивилизациясига қўшган бебаҳо ҳиссасини алоҳида қайд этмоқчиман. Ана шундай буюк алломалардан бири Имом Бухорий ўз аҳамиятига кўра ислом динида Қуръони каримдан кейинги энг мўтабар китоб ҳисобланган "Саҳиҳи Бухорий"нинг муаллифи сифатида бутун дунёда тан олинган. Бу улуғ зотнинг ғоят бой меросини асраб-авайлаш ва ўрганиш, маърифий ислом тўғрисидаги таълимотини кенг ёйиш мақсадида биз Самарқанд шаҳрида Имом Бухорий номидаги Халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилдик. Тошкентда ташкил этилаётган Ислом цивилизацияси марказининг фаолияти ҳам шу мақсадга хизмат қилади”. Ўз навбатида муҳтарам юртбошимизнинг бу чиқишларини барча мусулмон аҳолиси диққат билан кузатди ва катта қизиқиш билдирди.

Муҳтарам азизлар! Қуйида Имом Бухорий р.а.нинг “Адабул муфрад” китобларида келтирилган ҳадислардан зикр қилиб ўтамиз.

عن أَنسٍ رضي الله عنه أن رسول الله صلى الله عليه وسلم قال: "مَنْ أَحبَّ أَنْ يُبْسَطَ لَهُ في رِزقِهِ ويُنْسأَ لَهُ في أَثرِهِ فَلْيصِلْ رحِمهُ".

яъни: Анас р.а.дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ с.а.в. дедилар: “Ким ризқи кенг ва умри узоқ бўлишини истаса силаи раҳм қилсин (қариндошлик алоқасини боғласин).

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عَمْرِو بْنِ الْعَاصِ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ  قَالَ: "مِنَ الْكَبَائِرِ شَتْمُ الرَّجُلِ وَالِدَيْهِ" قَالُوا: "يَا رَسُولَ اللَّهِ  وَهَلْ يَشْتِمُ الرَّجُلُ وَالِدَيْهِ ؟" قَالَ: "نَعَمْ  يَسُبُّ أَبَا الرَّجُلِ فَيَسُبُّ أَبَاهُ  وَيَسُبُّ أُمَّهُ فَيَسُبُّ أُمَّهُ".  

яъни: Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ал-Ос р.а.дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ с.а.в. дедилар: “Киши ўз ота-онасини сўкиши кабира гуноҳлардан саналади”. Саҳобалар: Ё Расулуллоҳ! Киши ўз ота-онасини ҳам сўкадими? – деб сўрашди. Расулуллоҳ с.а.в.: “Ҳа, у бошқа кишининг отасини сўкса у ҳам бунинг отасини сўкади. Унинг онасини сўкса, у ҳам бунинг онасини сўкади”, дедилар.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "مَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ فَلَا يُؤْذِ جَارَهُ وَمَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ فَلْيُكْرِمْ ضَيْفَهُ وَمَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ فَلْيَقُلْ خَيْرًا أَوْ لِيَصْمُتْ".

яъни: Абу Ҳурайра р.а.дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ с.а.в. дедилар: “Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса қўшнисига озор бермасин. Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса меҳмонини ҳурмат килсин. Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса яхши гап гапирсин ёки жим турсин”.

عن أبي هريرة رضي الله تعالى عنه أن رسول الله صلى الله عليه وسلم قال: "لَيسَ الشَّدِيدُ بِالصُّرَعةِ إِنَّمَا الشَّدِيدُ الَّذِي يَملِكُ نَفْسَهُ عِندَ الغَضَبِ".

яъни: Абу Ҳурайра р.а.дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ с.а.в. дедилар: “Курашда енгган киши кучли эмас, ғазаби келганда ўзини тутган киши ҳақиқий кучлидир”.

 

Аллоҳ таоло у зотни раҳмати ва ризвони билан сарафроз қилиб, набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳларнинг ёнидан жой берсин! Бошланган янги йилимизни юртимиз ва халқимиз учун хайрлик ва баракотлик, тинчлик ва омонлик йили қилсин!

Янгиликлар

Top