muslim.uz

muslim.uz

Диннинг яратувчилик, бунёдкорлик, уюштирувчилик  ва йўналтирувчилик салоҳияти ҳамиша жамият ривожи, инсон камолотига хизмат қилган. Биринчи президентимиз Ислом Каримов “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида: “Бугунги кунда ёшларимиз нафақат ўқув даргоҳларида, балки радио-телевидения, матбуот, интернет каби воситалар орқали ҳам ранг-баранг ахборот ва маълумотларни олмоқда. Жаҳон ахборот майдони тобора кенгайиб бораётган шундай бир шароитда болаларимизнинг онгини фақат ўраб-чирмаб, уни ўқима, буни кўрма деб бир томонлама тарбия бериш уларнинг атрофини темир девор билан ўраб олиш, ҳеч шубҳасиз, замоннинг талабига ҳам, бизнинг эзгу мақсад-муддаоларимизга ҳам тўғри келмайди. Нега деганда, биз юртимизда очиқ ва эркин демократик жамият қуриш вазифасини ўз олдимизга қатъий мақсад қилиб қўйганмиз ва бу йўлдан ҳеч қачон қайтмаймиз”, деб таъкидлаган эди.

Ёшларнинг интернетдан унумли фойдаланиши таъминлаш ҳар бир ота-она. устоз ёки тарбиячининг бурчидир. Бу ҳақда марҳум Биринчи президентимиз шундай деган эди: “Тўғрисини айтадиган бўлсак, ёшлар бугун ахборот ва маълумотларни асосан интернет орқали  олаяпти, дунёни телевидение ва компютер орқали танияпти. Ота-онаси, ўқитувчилари минг  тарғиб-ташвиқ қилмасин, бугунги ёшлар “Ўткан кунлар”, “Уруш ва тинчлик” каби мумтоз  романларни ёппасига ўқияпти, деб айта оламизми? Модомики, шундай экан, энди одамлар, ёшлар  китоб ўқимай қўйди, деб фақат нолиб ўтирмасдан, ана шу таъсирчан замонавий ахборот воситалари орқали адабиётимизни кенг тарғиб этиш, хусусан, интернет имкониятларидан фойдаланиб, етук бадиий асарларни ёшларга етказиш устида ҳам жиддий бош қотириш зарур, деб ўйлайман”.

Хулоса қилиб айтганда, ёшларни ёт таъсирларга берилиб кетишдан асраш учун уларда соф исломий кўникма ҳосил қилишга ҳаракат қилиш, Қуръони карим хулқи билан хулқлантириш, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини чуқур ўрганиб, ҳаётга татбиқ қила билиш, аждодларимизнинг бизгача қолдириб кетган асарларидан, уларнинг ҳаётларидан ибрат олиш зарур омиллар ҳисобланади.

Саҳобахон МУҲАММАДОДИЛОВА,

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ислом билим юрти талабаси

Суббота, 30 Декабрь 2017 00:00

Эркакларга нима бўляпти?

Яқинда ижтимоий тармоқларнинг бирида “Ўзбек аёлларига нима бўляпти?” сарлавҳали бир видео ролик эътиборимни тортди. Қизиқиб очиб кўрдим. Экранда бир-бирини куракда турмайдиган, хақоратли сўзлар билан сўкаётган, уст-бошини йиртган, шарму-ҳаё деган инсоний хислатларни унутганча уришаётган уч нафар ўзбек аёлини кўриб, ёқамни ушладим. Кейин билсам, бу сарлавҳа остидаги бир-биридан жирканчли, бир-биридан вахший видеолавҳалар жуда кўп экан. Минг афсус, надоматлар бўлсинким, бу аёлларнинг урушини тамоша қилиб турганларнинг аксарияти эркаклар эди. Негадир уларни ажратиш, тарбияга чақириш ўрнига беҳаёларча ярим-ялонғоч аёлларни тамоша қилаётган, “текин тамоша” жангини тасвирга олаётган эркаклардан нафратландим. Эссиз, эркак деган ном, эр деган шараф...  Наҳот, бу одамлар  ўзларининг ким эканини унутган?

Ахир, Аллоҳ таоло уларни аёллардан динда ҳам, фаҳм-фаросатда ҳам, куч-қувватда ҳам бир пағона устун қилиб яратганини англамайдиларми?

Ҳакимлардан бири айтади: “Тўрт нарсада шукр қилдим:

  • Аллоҳ таоло махлуқлардан минг хилини яратди, сўнг, уларнинг ичида одамни улуғ этди ва мени ҳам одам фарзандидан яратди.
  • Эркакларни хотинлардан фазилатли қилди ва мени эркак қилиб яратди.
  • Исломни динларнинг афзали этди ва мени муслмонлардан қилди.
  • Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларини умматлар ичида энг афзал уммат қилди ва мени ҳам у зотнинг умматларидан қилди”.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло эркакларни Пайғамбар, авлиё, солих кишилар чиқариш билан фазилатли этди. Эркак кишига юксак ишонч билдириб, уларнинг зиммасига маъсулиятни юклади. Фарзандини ва аҳли аёлини нафақаси, ота-онасининг хизмати, гувоҳликдаги устунлик, талоқ лафзи ва бунга ўхшаган шаърий масалаларда аёллардан устун қилиб қўйди ва аёлларга раҳбар қилди. Аллоҳ таоло айтади: “Эркаклар хотинлари устида раҳбардирлар. Бунга сабаб Аллоҳ таоло уларнинг бировларини бировларидан (яъни, эркакларни аёллардан) ортиқ қилгани ва эркаклар (хотинлари ва оилалари учун) ўз мол-мулкларидан сарф-харажат қилганларидир” (Нисо сураси, 34-оят).

Энди бугунги кунимизда эрлик маъсулиятини хис қилмасдан, оиласи ва фарзандлари нафақасини таъминламасдан, аёлини турли-туман, аёлларга хос бўлмаган юришига рози бўлиб, мардикорчилик учун турли жойларга юбораётганларни ким деб атаймиз? Аёлларга хос бўлган ғийбат, миш-миш, уруш-жанжал каби қабих хислатларга тўғаноқ бўлиш ўрнига гўёки бу воқеаларни ким биринчи тарқатишда мусобақа ўйнаётгандек, уялмай тасвирга олиб,  бутун дунёга тарқатаётганларини эркак дея оламизми? Ота-боболаримиз азал-азалдан эркак кишини “номус қўриқчиси” деб аташган. Чунки ҳар бир эркак ўз оиласи, маҳалла куйи, эл юрти ва миллатининг номусини, шанини, обрўсини ҳимоя қилган. Айниқса аёл-қизларни ниҳоятда авайлаган. Бирор-бир ёмон отлиқ аёлни унинг маҳалласига, қишлоғига нисбат берилишини ўзлари учун ор деб билган. Бугун эса айрим “эркаклар” бундай хунук воқеаларни яшириш ўрнига, ўзгалар кўриб қолса хижолат бўлиш ўрнига, “Ўзбек аёлларига нима бўляпти?” деган ёзув остида бутун дунёга овоза қилиши ниҳоятда аянчли воқеадир. Қолаверса, муқаддас динимизда ўзгаларни айбини яшириш, хато-камчиликларини беркитишга катта аҳамият қаратилган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир мусулмонни айбини беркитса, Аллоҳ таоло унинг айбини бу дунё-ю охиратда беркитади” (Имом Муслим) деганлар.

Қолаверса, бировнинг обрўсини, шаънини тўкиши мутлақо ҳаром. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло бир бандасига бирор неъматни берса, ўша бандасида берган неъматини асари кўриниб туришини яхши кўради”, деганлар.

Шундай экан, Аллоҳ таоло бизга берган бу эркаклик неъматининг асари ҳар қандай холатимизда ҳам кўриниб турсин.

 

Ёрбек ИСЛОМОВ                                                                                                   Учкўприк тумани

“Шоҳ муқаддам” жоме масжиди имом ноиби

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 29 декабрь куни миллий кино санъати ва киноиндустриямизни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлили ва бу борада мавжуд муаммоларни ҳал этиш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда President.uz сайтида хабар берилди.

Йиғилишда Бош вазир, тегишли вазирлик ва идоралар, “Ўзбеккино” миллий агентлиги ва унинг тизимидаги ижодий ташкилотлар раҳбарлари, киноижодкорлар вакиллари иштирок этди.

Дунё миқёсида турли ғоя ва мафкуралар кураши, одамлар, айниқса, ёшларнинг қалби ва онгини эгаллаш учун турли кучлар ўртасида рақобат кескин тус олган бугунги кунда энг оммавий санъат бўлган кинонинг беқиёс имкониятларидан самарали фойдаланишимиз керак, деб таъкидлади давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев.

Президентимиз соҳа мутахассисларига мурожаат қилар экан, буюк боболаримиз ҳаёти ҳақида ҳам фильмлар олиш кераклигини билдирди.

“Нега Имом Бухорий ҳақида фильм йўқ? Имом Термизий, Имом Мотуридий ва Имом Насафий ҳақида нега фильм ишланмаяпти? Биз Ислом цивилизация марказини қуряпмиз. Исломни тараннум этиш жуда катта тарбия воситаси. Фильмлар ишланса, уни масжидларда ҳам кўрсатса бўлади. Биз шу орқали Бухорий, Термизий, Мотуридий ва Насафий боболаримизнинг қилган ишларини одамларга етказамиз. Биринчидан, онгимиз ўзгаради. Иккинчидан, биз ўз устимизда ишлаш орқали атрофимизда муҳит яратамиз ва одамларни ёмон иллатлардан сақлаб, ижодга йўналтирамиз. Энг асосийси, биз ўзлигимизни англамас эканмиз, айтилган гапларни меъёрига етказа олмаймиз”, – деди Шавкат Мирзиёев.

 

Манба: azon.uz

Саъд ибн Абу Ваққос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким азонни эшитганда, Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва Расулуҳу. Розийту биллаҳи Роббан ва би Муҳамадин Расулан ва бил Ислами дийнан” деса, унинг гуноҳи мағфират қилинади, дедилар.

Пятница, 29 Декабрь 2017 00:00

Ҳалол меҳнат – икки дунё саодати

Халқимизда “Меҳнатдан келса бойлик – турмуш бўлар чиройлик”,  деган ажойиб мақол бор. Албатта, меҳнат кишини улуғлайди. Аммо меҳнат қилиш учун ҳам кишида илм, ақл, фаҳму фаросат бўлиши керак. Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 172-оятида “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангиз, сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан еб, Унга шукр қилингиз!” деб марҳамат қилган.

Демак, меҳнатимиз ҳалоллик асосида бўлиши ва поклик мезонида ўлчанишлиги керак экан.

Тарихга назар соладиган бўлсак, Одам алайҳиссалом деҳқончилик, Идрис алайҳиссалом хаттотлик, Нуҳ алайҳиссалом дуродгарлик, Довуд алайҳиссалом эса темирчилик билан шуғулланган. Пайғамбарлар меҳнат билан шуғулланиб бизларга ўрнак бўлган экан, бизлар ҳам ўзимиз ёқтирган касбнинг устаси бўлиб, оиламизни ҳалол покиза ризқ билан боқишимиз керак.

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Кимки тиланчилик қилишдан сақланиш, оиласини боқиш ва қўни-қўшниларига мурувват қилиш мақсадида ҳалол йўл орқали ризқ топиш билан машғул бўлса, қиёмат кунида у Аллоҳ таолога юзи тўлин ойдек ёруғ бўлган ҳолда йўлиқади”. Бу ҳадиси шариф ҳар биримизнинг дастурул амалимиз бўлиши зарур.

Ҳалол меҳнат кишини улуғлайди ва жаннатга етаклайди. Табароний ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Гуноҳлар ичида шундайлари борки, унга фақат ҳалол ризқ топиш мақсадида қилинган ҳаракатгина каффорат бўлади”. Шундай экан, келажагимиз бўлмиш жондан азиз фарзандларимизга ҳалол касб-ҳунар ўргатиб, уларни ҳеч қачон ўзгаларнинг ҳақига кўз тикмайдиган, ватани, халқи, дини учун жон фидо қиладиган руҳда тарбия қилмоғимиз лозим.

Ашраф ТОШМУРОДОВ,

Булунғур туманидаги “Пойга тепа” жоме масжиди имом-хатиби

 

 

Янгиликлар

Top