muslim.uz

muslim.uz

Среда, 13 Декабрь 2017 00:00

Пушаймонлик – эзгуликка кўприк

Аллоҳ таоло кечиримли Зот. У бандаларини ҳам бир-бирининг айбу нуқсонларини, хато-камчиликларини кечиришга буюриб, Қуръони каримда: “Албатта, ким (ўзига етган озор-азиятларга) сабр қилса ва (интиқом олмай Аллоҳ учун) кечириб юборса, шак-шубҳасиз бу (иш) ишларнинг мақсадга мувофиғидир” (Шўро сураси, 43-оят). Яна “Кечиримли бўл, яхшиликка буюр ва жоҳиллардан юз ўгир” (Аъроф сураси, 199-оят), деб таълим берган. 

Убода ибн Собит розияллоҳу анҳу ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам  саҳобаларга: “Сизларга Аллоҳ бандаларининг даражасини нима туфайли баландга кўтаришини айтайми?” дедилар. Саҳобалар: “Ҳа айтинг”, дейишди. “Сенга жаҳл қилганга мулойим бўлсанг, зулм қилганни авф қилсанг, сени маҳрум қилганга инъом қилсанг, сендан алоқани узган билан алоқани боғласанг”, деб марҳамат қилдилар. 

Ислом динида ёмонликка яхшилик билан жавоб қайтариш фазилатли амаллардан саналади. Албатта, ёмонликка яхшилик билан жавоб қайтариш фақат сабр-тоқатли, икки дунёда ҳам улуғ насибага эга бўладиган кишиларнинг феълидир. Билиб- билмай айб-нуқсон ва хато-камчиликлар қилган кишиларга бир имконият бериб, уларни кечиришимиз инсоний ва мусулмонлик бурчимиздир. Адашиб жиноят кўчасига кириб қолганлар ҳам орамизда йўқ эмас, албатта. Кечиримлилик эса миллатимизга хос фазилат. Истиқлолнинг дастлабки йилларидан бошлаб мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини муҳофазалаш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб келинаётганига ҳар биримиз гувоҳмиз.

Айтиш жоизки, бир неча йилдан буён Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ қилган жиноятига пушаймон бўлганларга раҳм-шафқат кўрсатиш, бағрикенглик, кечиримлилик бўлиш анъанага айланди. Шу жумладан, хато қилганни суяш, унга тўғри йўл кўрсатиш, инсон сифатида қаддини тиклаб, қайтадан жамиятнинг фаол аъзосига айланиши учун кўмаклашиш давлатимизнинг одилона сиёсатларидан биридир.

Дарҳақиқат, турли-туман хулқ-атворли одамлар орасида яшар эканмиз, албатта, улардан бир қанча озор-азиятлар кўрамиз. Агар ҳар бир кўнгилсизлик бизга қаттиқ таъсир этиб, ғамга ботириб қўяверса, шубҳасиз, бутун ҳаётимиз азобга айланади. Гоҳида бошқалардан бирор ёмонлик ёки зулм ўтса ҳам, синов деб қабул қилишимиз зарур.  Шу боис имкон қадар ён-атрофимиздагиларнинг хатолари, билиб-билмай етказган озорларига сабр қилиб, кечиришга ҳаракат қилайлик. Шунда бир-биримизга меҳр-муҳаббатимиз зиёда бўлади. Ҳеч ким камчилик ва хатодан холи эмас. Инсоннинг олижаноблиги, иззату шарафи унинг кечиримлилигида намоён бўлади ва мартабасини баланд қилади. 

 

Муҳаммадсодиқ РАҲМАТУЛЛАЕВ,

Урганч тумани Эшон бобо масжиди имом-хатиби

Среда, 13 Декабрь 2017 00:00

Тилло эмас, тупроқдир аслинг

Аллоҳ таоло Исломни инсониятни яхшиликка бошлаш, одам зотини энг гўзал фазилатлар соҳиби этиб тарбиялаш мақсадида нозил қилган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақида шундай марҳамат қилганлар: “Мен гўзал хулқларни камолига етказиш учун юборилганман”.

Демак, киши Ислом дини таълимотларига риоя қилиб яшар экан, унда энг гўзал ахлоқ ва фазилатлар намоён бўлиб, ўз-ўзидан иллатлар, ёмон феъл-атворлар йўқолиб боради.

Динимиз таълимотида инсонлар ўртасида зиддият ва адоват уруғини сепишга сабаб бўладиган иллатлар қораланади.

Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилади: “Эсланг, (эй Муҳаммад!) Биз фаришталарга: “Одамга сажда қилингиз!” деб буюришимиз билан улар сажда қилдилар. Фақат Иблис бош тортиб, такаббурлик қилди ва кофирлардан бўлди”.

Дарҳақиқат, такаббурлик куфр билан баробардир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимнинг қалбида зарра мисқолича кибр бўлса жаннатга кирмайди”, деганлар.

Бошқа бир ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом асҳобларига:Сизга дўзах аҳли кимлигининг хабарини берайми? деб сўрадилар. Саҳобалар: “Ҳа”, дейишди. У зот: “Қўпол, мутакаббир ва ўзини катта олувчилар”, дедилар.

Агар банда мутакаббирлик қилиб, Аллоҳнинг оятларини менсимай тан олмаса, гуноҳга ботади. Гуноҳ эса унинг дилини қорайтиради, ҳақни танишдан тўсади. Кўзини тўғри йўлни кўрмайдиган, қулоғини ҳақиқатни эшитмайдиган қилиб қўяди.

Кибрланиш Аллоҳ таолога хос хислат бўлиб, банда зинҳор кибру ҳаво қилишга муносиб эмас.

Аллоҳ таоло: “Одамларга (кибрланиб) юзингни буриштирмагин ва ерда керилиб юрмагин! Чунки, Аллоҳ барча кибрли, мақтанчоқ кимсаларни суймас” (Луқмон сураси, 18-оят).

Кибр шунчалик улкан гуноҳки, биз мўмин-мусулмонлар кибрланишга мутлақо йўл қўймаслигимиз, ҳамиша хокисору камтар бўлиб, ҳаётимизни Аллоҳга чин бандалик қилиш билан безашимиз лозим.

Мақтанчоқлик ва кибр – эгизак тушунчалар ҳисобланади. Агар бирор киши мақтанчоқ бўлса, демак унда кибр бор, шунингдек, кибрли кимса албатта мақтанчоқ бўлади.

Агар биз солиҳ инсонлар ва улардан кейин ўтган улуғ зотлар ҳаётига назар солсак, кўп ибрат оламиз. Улар – биз учун йўлчи юлдуздирлар. Улардан ўрнак олиб, юксак одоблар ила зийнатланамиз, чин инсон бўлиш бахтига эришамиз.

Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг елкасида бир меш сув кўтариб кетаётганини кўрдим ва: “Эй мўминлар амири, бу иш сизга тўғри келмайди”, дедим. У киши бўлса: “Менинг олдимга турли одамлар итоат этган ҳолда таъзим қилиб келишганида, ўзимда манманлик аломатини сезгандек бўлдим. Энди ўшани синдиришни хохлайман”, дедилар.

Кибр – кўпчиликнинг ичида қадр-қиммати баландлиги ва ноёблик ҳисси, буларнинг бари бировдан ўзини устун қўйишдан келиб чиқади. Ўта кучайиб кетган такаббурлик, бировдан нафратланиш, кимнидир камситмоқликни туғдиради.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Қиёмат кунида мутакаббир кимсалар, киши суратидаги чумолиларга ўхшаш ҳолда қайта тириладилар. Уларни ҳар томондан хорлик эгаллаб олади. Улар жаҳаннамдаги "Булис" деб номланадиган зиндонга ҳайдаладилар", деганлар.

Бандалардан илми туфайли такаббурлик қиладиган ва ўзини бошқалардан афзал деб биладиган кимса, энг ёмон мутакаббир, унинг илми ҳам бефойдадир. Зеро, кимки охират учун илм талаб қилса, илми уни босиқ, тавозеъли қилиб қўяди, қалби хушуга тўлади ва нафси хотиржам бўлади. Илм унинг нафсига қўриқчи-посбон бўлиб олади ва ялқовлик қилмасдан ҳар вақт уни назорат қилиб, ҳисоб-китоб қилиб туради. Борди-ю, ғафлатда қолса, нафс ҳақ йўлдан бўйин товлайди ва ҳалок этади.

Кимда-ким фахрланиш, бошлиқ бўлиш, мусулмонларни аҳмоқ қилиш, масхаралаш ва ўзини устун қўйиш учун илм талаб қилса, юқоридаги оят ва ҳадисларда айтилганидек жаннатга кирмайди.

Ҳаддан ташқари кеккайиш, мағрурлик ёки кибру ҳаволаниш одамлар ва жамиятдан ажраб қолишга сабаб бўлади.

Авжига чиққан кибрнинг айрим аломатлари қуйидагилардир:

доимо ва ҳар бир нарсада “ҳақ” бўлиш;

доимо “ғолиб” бўлиш;

барча нарсалар унинг хоҳиш истаклари бўйича бўлиши;

бировларнинг хатти-ҳаракати ва тақдири учун жавобгарликни бўйнига олиши;

маслаҳатга қулоқ солмаслик;

ёрдам кўрсатиш зарурати туғилса, назар-писанд қилмаслик;

ҳеч ким сўрамаса ҳам, маслаҳат бериш;

айтган гапи ва фикрида қатъий туриб олиш;

бировга чин кўнгилдан миннатдорчилик билдириш.

Кибр туфайли атрофдагиларга бўлган нафрат ва одамлардан кўнгил совиб кетиши ҳолатлари юз беради. Бундай одам бошқалар билан муносабатда ички зиддиятлари туфайли кўпроқ низо ва жанжалларга учрайди.

Кибрни ўлдириш йўллари:

  1. Ўзингизга ёқмаган ишларни бажариш.

Ўзининг қадр-қимматидан паст ҳисобланган ишларни бажариш, кибрни йўқотиш учун муҳим ўрин тутади.

  1. Хаёлан таъзим қилиш.

Бирортаси билан учрашганда унга хаёлан таъзим қилинг. Таъзим қилиш азалдан бировни ўзидан юқори олиш таомили ҳисобланган.

  1. Гапираётган одамга эътиборли бўлиш.

Аввал уни тушунишга ҳаракат қилиш ва уни тушуниш. Суҳбатдошни жимгина тинглаб, дарҳол жавоб қайтармай, ҳар бир сўзининг маъносига эътибор қаратиш.

  1. Одамларни тушуниш.

Ҳар ким ҳам сиз айтгандек бўлавермайди. Одамларни қандай бўлса шундай қабул қилиш керак, ҳаттоки сизга ёқмаса ҳам.

  1. Ҳар куни миннатдорчилик билдиринг.

Сизга қилинган ҳар қандай яхшиликлар учун билдирилаётган миннатдорчилик, чин кўнгилдан бўлсин. Ҳаттоки, арзимас бўлса ҳам.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Сизлардан илгари яшаб ўтган бир кишини такаббурлик билан изорини судраб юрганида ер ютди. У қиёмат кунигача ер қаърига кириб кетаверади", деб марҳамат қилганлар.

    Шоир айтганидек:

Фахрланма шеванг билан,

Ё топган пул-молинг билан,

Асли наслинг қора тупроқ,

Кеккаймагин кибринг билан.

 

Ойдан гўзал бўлса-да васлинг,

Ким бўлса-да насабинг-наслинг,

Тилло эмас, тупроқдир аслинг,

Кимлигингни билмоқ истасанг.

 

Агар бўлсанг, ҳаммадан ҳам зўр,

Пашша ясаб, жон киргизиб кўр,

Фиръавиннинг тарихини сўр,

Кимлигингни билмоқ истасанг.

 

Ҳою ҳавас ўтгинчи мато,

Фариштаман, деб қилма хато.

Момо Ҳаво ва Одам Ато,

Кимлигингни билмоқ истасанг.

 

Бу дунёни сўраганлар ким,

Ер остида ётибдилар жим.

Тафаккур қил, кўзларингни юм,

Кимлигингни билмоқ истасанг.

 

Қуръонда кўр, қисматлар баён,

Неки қилсанг, Аллоҳга аён.

Ўйла, сўнгги манзилинг қаён,

Кимлигингни билмоқ истасанг...

 

 

Олимжон КАРИМОВ,

Пешку туман "Бобо-Араб" жоме масжиди имом-хатиби

Бугун, 13 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қирғизистон Республикаси Президенти Сооранбай Жээнбеков расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди.

 

Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов кутиб олди.

 

Қирғизистон Республикаси Президенти Сооранбай Жээнбеков Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ҳамроҳлигида Мустақиллик майдонига ташриф буюрди.

 

Олий мартабали меҳмон ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу ниятларимиз рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйиб, Сооранбай Жээнбеков Мустақиллик майдони тинчлик, дўстлик ва эзгуликни тарғиб қилишда, ўзбек халқининг буюк келажакка ишончини мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга меъморий мажмуа эканини алоҳида таъкидлади.

 

Олий даражадаги учрашув ва музокараларда сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги давлатлараро алоқаларнинг бугунги ҳолати ва янада ривожлантириш истиқболлари, чегараолди ҳамкорлик масалалари, айрим минтақавий ва халқаро муаммоларни муҳокама қилиш режалаштирилган.

 

Ташриф якунлари бўйича давлат раҳбарларининг Қўшма баёноти, турли соҳалардаги ўзаро муносабатларни янада мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга қаратилган қатор ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда.

Ёшликдан ҳаракат қилиб, вақтни ғанимат билиб келажакда ўзи ва эл-юрти манфаати, бахту саодати йўлида фойда берадиган билимни олишга интилмоқ керак.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Беш нарсани беш нарсадан аввал ғанимат билинг:

ўлимдан аввал ҳаётни;

касал бўлишдан аввал соғликни;

банд бўлиб қолишдан аввал бўш вақтни;

кексалик етмасдан аввал ёшликни;

камбағал бўлмасдан аввал бойликни”, деб айтганлар.

Ҳадисда ёшликни ғанимат билишга, уни келажакка ва жамиятга фойда келтирадиган ишларга сарфламоққа буюриляти. Зеро, ёшлик – инсон умрининг гултожидир.

Шеърият мулкининг султони Алишер Навоий: “Умр гулшанининг баҳори” бўлмиш ёшлик айёми ҳар қандай адоват ҳасаддан йироқ бўлиб, фақат эзгуликка, илм ўрганишга, гўзалликка, элу юрт фаравонлиги йўлида ҳалол меҳнатга бахшида этилиши керак, дея таъкидлаган эди.

Ёшликда илм уммони теранликларини кашф этиб, билимлар хазинаси соҳиби бўлиш, ёшларнинг энг эзгу ишларидан бири ҳисобланади.

Истиқлол шарофати ила ёшларимизнинг фақат мамлакатимизда эмас, жаҳоннинг исталган мамлакатида ҳам илм асосларини эгаллашлари учун барча имкониятлар яратиб берилди. Жумладан, АҚШ, Англия, Франция, Германия каби ривожланган мамлакатларнинг нуфузли университетларида таҳсил олаётган юзлаб талабалар ёшлик айёмидан энг қутлуғ мақсадга эришиш йўлида фойдаланмоқда.

Илм олишда инсон фақат ёшлик чоғидагина машғул бўлиш билан чекланиб қолмасдан, доим илм-маърифат учун интилиб яшамоғи даркор. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Бешикдан то қабргача илм изла” деганлар. Бундан маълум бўладики, инсон фақат ёшликда олган илм билан кифояланиб қолмасдан, ёши катталар ҳам ёшлар сингари илм ўрганиши керак бўлади. Илм ҳамма ёшдаги одамларга зарур. Илм ўрганиш инсонга Аллоҳ таоло бахш этган буюк неъмат. Зеро, илм инсоннинг ақлу идрок ва тафаккур неъматини камол топтириб, унинг салоҳиятини юксалтиради.

Аждодларимиз Расулуллоҳнинг ана шу даъватларига амал қилиб кўплаб илмий марказларда умр бўйи турли соҳа илмларни ўрганиб илм даражасини юксалтирган ва дунё тамаддунига ўзларининг беқиёс ҳиссасини қўшганлар.

Мужодала сурасини 11-оятида: “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир”, деб марҳамат қилган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Илм бу дунёда иззат, охиратда шарафдир”, деганлар.

Илм – инсонни юксакликка кўтарадиган, унинг маънавий-маданий даражасини оширишга хизмат қиладиган муҳим омил. Зеро, инсон эл орасида илм билан улуғлик, ҳунар билан шухрат топади ва ҳаётда яхшиликларга эришади. Илм эгасини юртига, халқига, қолаверса, дунёга танитади. Бундай ҳурмат ўзи учун ҳам, юрти учун ҳам катта ютуқ ҳисобланади.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ёшларимизни ёшликдан унумли фойдаланиб, илм-фан чўққиларини эгаллашга ва илм-фан асосларини чуқур ўзлаштиришга даъват этиб, уларнинг касб-ҳунарли бўлишини рағбатлантириш ғоят муҳим вазифадир

Умрбек МАДАМИНОВ,

Боғот тумани “Назар ота” жоме масжиди имом-хатиби

 

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ёзилган мактубларни эшитиб, у кишига бўлган муҳаббатингиз янада жўшиб, кўзингиздан қайноқ ёш оқишини истасангиз, марҳамат «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам – буюк хулқ соҳиби» номли сийрат мусобақасини томоша қилинг.

Янгиликлар

Top