Мақолалар

Пушаймонлик – эзгуликка кўприк

Аллоҳ таоло кечиримли Зот. У бандаларини ҳам бир-бирининг айбу нуқсонларини, хато-камчиликларини кечиришга буюриб, Қуръони каримда: “Албатта, ким (ўзига етган озор-азиятларга) сабр қилса ва (интиқом олмай Аллоҳ учун) кечириб юборса, шак-шубҳасиз бу (иш) ишларнинг мақсадга мувофиғидир” (Шўро сураси, 43-оят). Яна “Кечиримли бўл, яхшиликка буюр ва жоҳиллардан юз ўгир” (Аъроф сураси, 199-оят), деб таълим берган. 

Убода ибн Собит розияллоҳу анҳу ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам  саҳобаларга: “Сизларга Аллоҳ бандаларининг даражасини нима туфайли баландга кўтаришини айтайми?” дедилар. Саҳобалар: “Ҳа айтинг”, дейишди. “Сенга жаҳл қилганга мулойим бўлсанг, зулм қилганни авф қилсанг, сени маҳрум қилганга инъом қилсанг, сендан алоқани узган билан алоқани боғласанг”, деб марҳамат қилдилар. 

Ислом динида ёмонликка яхшилик билан жавоб қайтариш фазилатли амаллардан саналади. Албатта, ёмонликка яхшилик билан жавоб қайтариш фақат сабр-тоқатли, икки дунёда ҳам улуғ насибага эга бўладиган кишиларнинг феълидир. Билиб- билмай айб-нуқсон ва хато-камчиликлар қилган кишиларга бир имконият бериб, уларни кечиришимиз инсоний ва мусулмонлик бурчимиздир. Адашиб жиноят кўчасига кириб қолганлар ҳам орамизда йўқ эмас, албатта. Кечиримлилик эса миллатимизга хос фазилат. Истиқлолнинг дастлабки йилларидан бошлаб мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини муҳофазалаш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб келинаётганига ҳар биримиз гувоҳмиз.

Айтиш жоизки, бир неча йилдан буён Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ қилган жиноятига пушаймон бўлганларга раҳм-шафқат кўрсатиш, бағрикенглик, кечиримлилик бўлиш анъанага айланди. Шу жумладан, хато қилганни суяш, унга тўғри йўл кўрсатиш, инсон сифатида қаддини тиклаб, қайтадан жамиятнинг фаол аъзосига айланиши учун кўмаклашиш давлатимизнинг одилона сиёсатларидан биридир.

Дарҳақиқат, турли-туман хулқ-атворли одамлар орасида яшар эканмиз, албатта, улардан бир қанча озор-азиятлар кўрамиз. Агар ҳар бир кўнгилсизлик бизга қаттиқ таъсир этиб, ғамга ботириб қўяверса, шубҳасиз, бутун ҳаётимиз азобга айланади. Гоҳида бошқалардан бирор ёмонлик ёки зулм ўтса ҳам, синов деб қабул қилишимиз зарур.  Шу боис имкон қадар ён-атрофимиздагиларнинг хатолари, билиб-билмай етказган озорларига сабр қилиб, кечиришга ҳаракат қилайлик. Шунда бир-биримизга меҳр-муҳаббатимиз зиёда бўлади. Ҳеч ким камчилик ва хатодан холи эмас. Инсоннинг олижаноблиги, иззату шарафи унинг кечиримлилигида намоён бўлади ва мартабасини баланд қилади. 

 

Муҳаммадсодиқ РАҲМАТУЛЛАЕВ,

Урганч тумани Эшон бобо масжиди имом-хатиби

4451 марта ўқилди

Мақолалар

Top