muslim.uz
Мавлид тадбирларини рисоладагидек ўтказиш | 2-қисм
Расулуллоҳнинг муҳаббатини қандай ҳосил қиламиз?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муҳаббати мусулмоннинг имонига чиндан ҳам озиқ бўлади. Агар мусулмон кишининг имони зиёда бўлса, Расулуллоҳга бўлган муҳаббати ҳам зиёда бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўриш – тоат ва қурбатдир. Дарҳақиқат, шариат Набий алайҳиссаломнинг муҳаббатини вожиботлардан санайди.
Анас ибн Моликдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирорталарингиз мени фарзандидан, ота-онасидан ва одамларнинг барчасидан кўра кўпроқ яхши кўрмагунча ҳақиқий мўмин бўлолмайди”, дедилар.
Набий алайҳиссаломнинг муҳаббатини қуйидагиларни билиш билан ҳосил қилиш мумкин.
Биринчи: у зот Роббимиз ихтиёр қилган ва танлаган, инсонларга Аллоҳнинг динини етказиш учун бутун оламга юборилган Расулдир. Аллоҳ таоло яхши кўргани учун уни танлади ва ундан рози бўлди. Агар Аллоҳ ундан рози бўлмаганида уни танламаган бўларди. Аллоҳ яхши кўрган кишини яхши кўрмоқлигимиз, рози бўлган кишидан рози бўлмоқлигимиз бизга вожибдир. У зот Аллоҳнинг дўсти эканини билмоғимиз лозим. Ваҳоланки, дўстлик олий мартаба ва у муҳаббатнинг энг юқори даражасидан-да олийдир.
Жундаб розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этишларидан беш кун олдин қуйидаги айтган сўзларини эшитдим. “Мен Аллоҳдан сизлар орангиздан бир халил (дўст) бўлишини рухсатини сўраган эдим. Аллоҳ мени худди Иброҳим алайҳиссаломни дўст тутгани каби дўст тутди. Агар умматимдан халил тутганимда Абу Бакрни ана шундай қилган бўлар эдим”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Одамлар ичида мен учун суҳбатида ва молида энг ишончлиси Абу Бакрдир. Агар мен ўзим учун Раббимдан бошқани халил тутадиган бўлсам, албатта, Абу Бакрни тутар эдим. Лекин у ислом биродарлиги ва муҳаббатидир. Масжидда ҳеч бир эшик қолмасдан ҳаммаси беркитилсин. Илло, Абу Бакрнинг эшиги бундан мутасно», дедилар.
Ушбу ҳадиси шарифдан Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ислом умматининг ичида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга энг яқин шахс экани аён бўлмоқда. Умматга бу намунадир!
Иккинчи: Аллоҳ таоло Набий алайҳиссаломни танлаган манзилини билмоқлигимиз лозимдир. Чунки ул зот башариятнинг энг афзалидир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен Қиёмат куни одам боласининг улуғидирман. Устидан қабр биринчи ёриладиган шахс менман. Аввалги шафоатчи менман. Аввалги шафоат қилинувчи менман», дедилар” (Имом Муслим ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир пайғамбарнинг (ижобат этилиши аниқ бўлган) дуоси бор. Мен эса, иншоаллоҳ, ўша дуоимни қиёмат куни умматимга шафоат бўлиши учун яшириб қўйишни хоҳладим”, дедилар”.
Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен жаннатга одамларнинг биринчиси бўлиб (кирувчиси), шафоат қилувчисиман. Ва яна мен пайғамбарлар ичида энг кўп эргашилувчисиман», дедилар.
Учинчи: бизга динни етказишда машаққат ва қийинчиликка йўлиққанини билишимиз лозим. Худди шундай бўлган ҳам. Расулуллоҳнинг мушриклар томондан озорлангани, сўкилгани, урилгани, ҳақоратланганини, яқин қариндошлари ул зотдан юз ўгирганини, ёлғончи, сеҳргар, мажнун деб туҳмат қилинганини билмоғимиз вожиб. Буларнинг барчаси бизга етиб келадиган диннинг ўчоғини ўчириш учун ул зотни урдилар, аҳлидан, диёридан чиқардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам энг яхши эргашилувчи намунадирлар. У зот бошларига ичак-чавақ ташлаб юборилди, оёқлари қонатилди, юзлари ёриб юборилди, ҳовлиларига қамал қилиб қўйилганидан дарахт баргларини еб кун ўтказдилар, ўзлари туғилиб ўсган Маккадан ҳайдаб чиқарилди, олди тишлари синдирилди.
Тўртинчи: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча суннатларини қанчалик оғир ёки енгил бўлса-да, уни одамлар хуш кўрса-да хуш кўрмаса-да, жиддий бажармоқлигимиз лозим. Суннат Ислом учун, мусулмонлар учун ўта муҳим манбадир. Чунки у Ислом Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гаплари, ишлари, маъқуллашлари, халқий, хулқий сифатлари ва таржимаи ҳоллари мажмуидир.
Аллоҳ таоло кўпгина оятларда мўминларни аввало Ўзига итоат қилишга амр қилганидан сўнг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилишга амр қилган. Қуръони Каримда: «Эй иймон келтирганлар, Аллоҳга итоат қилинглар ва Расулига итоат қилинглар» ояти такрор-такрор келган.
Аллоҳга итоат қилиш Қуръонга итоат қилиш билан бўлади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилиш –суннатларига амал қилиш билан бўлади.
Шу билан бирга ул зотнинг аҳли байтларини, мўминларнинг оналарини, хулофои рошидинларни, ансорлар ва муҳожирларни ҳам яхши кўришимиз ва ҳурмат қилмоғимиз лозим. Абу Шайх розияллоҳу анҳу ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Одамларга нима бўлдики, аҳли байтимни (камситиб), менга озор етказишяпти. Аллоҳга қасамки, банда то мени суймагунича мўмин бўлолмайди. То зурриётимни яхши кўрмагунича мени яхши кўролмайди» (Имом Ҳоким ривояти).
Энг маҳбуб хотинлари Оишаи Сиддиқани зинода айбланганини, саҳобаларидан етмиштаси қатл этилганини, ўғилларидан айрилганини, Умар розияллоҳу анҳу қонга белаб ўлдирилганини, Усмонрозияллоҳу анҳуга суиқасд этилганини, Алига розияллоҳу анҳуга найза санчилганини, умматни кўплаб олимлари қийноққа солиб зиндонга ташланганини билмоғимиз лозим.
Бешинчи: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва тўғри йўлни тутган саҳобалар яхши кўрган нарсаларни яхши кўрмоғимиз лозим. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларида: “Ўзларинигизга мендан кейин менинг ва хулофои рошидиннинг йўлларини лозим тутинглар”, дедилар. Кекса уломаларимиз: “Кимки бирор кишини яхши кўрса, унинг яхши кўрган нарсаларини ҳам яхши кўради ва унга ўхшашга, тақлид қилишга ҳаракат қилади”, деганлар.
Олтинчи: “Мендан бир оят бўлса ҳам етказинглар”, деган васиятига биноан, диннинг асл моҳиятини ул зотдан кейинги умматга етказмоқлигимиз, баъзи ҳукмни олиб бошқасини тарк қилмаслигимиз, ижтимоий ҳаётда динни бекитмасдан очиқ баён этмоғимиз лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга динни ўргатганларида “Огоҳ бўлинг, етказдимми?”, деганларида, саҳобалар: “Ҳа” деб жавоб берардилар. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳим ўзинг гувоҳсан. Сизлардан шоҳид бўлганлар ғойибларга етказсин”, деб динни тўлиқлигича етказдилар.
Ана шуларни пухта билишимиз Расулуллоҳнинг муҳаббатини ҳосил қилишга ноил қилади, иншоаллоҳ.
Хайруллоҳ САТТОРОВ,
ЎМИ Самарқанд вилояти вакили ўринбосари
Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг боқий дунёга кўчишлари
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижратнинг ўн биринчи йили Рабиул аввал ойининг ўн иккинчи санаси, душанба куни чошгоҳ вақтида олтмиш уч ёшларида бу оламни тарк этдилар.
Ҳажжатул вадоъдан уч ой ўтгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қаттиқ касал бўлдилар, ҳатто ўринларидан туришга ҳам қодир бўлмай қолдилар. Вафотларидан тўққиз кун олдин қуйидаги оят нозил бўлди: «(Барчангиз) Аллоҳга қайтариладиган кундан (қиёматдан) қўрқингиз! Сўнгра ҳар бир жон (эгаси)га қилган амалларига яраша нарса (мукофот ёки жазо) берилур ва уларга адолатсизлик қилинмас» (Бақара, 281-оят).
Касаллик аломатлари зоҳир бўла бошлагач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Уҳуд шаҳидларини зиёрат қилишни ирода қилдилар. У ерга бориб, йиғлаган ҳолда қайтдилар. Саҳобалар: “Ё Аллоҳнинг Расули, сизни нима йиғлатди?” деб сўрадилар. Ул зот: “Биродарларимни соғиндим”, дедилар. Улар: “Бизлар сизнинг биродарингиз эмасмизми?” дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлар менинг саҳобаларимсиз. Биродарларим эса, мендан кейин келадиган, мени кўрмай туриб, менга имон келтирадиган қавмдир”, дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёллари Маймуна розияллоҳу анҳонинг уйига келдилар. У ерга барча аёлларини йиғиб, беморлик кунларини Оиша розияллоҳу анҳонинг уйида ўтказишга улардан ижозат сўрадилар. Завжаларининг барчаси бунга рози бўлдилар. Ўринларидан туришга ҳаракат қилдилар. Лекин бунга қодир бўла олмадилар. Шунда Фазл ибн Аббос ва Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳум Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўтариб, аёллари Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳужрасига олиб кирдилар. Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни биринчи марта бундай аҳволда кўриб, қаттиқ хавотирда қолдилар. Масжид одамлар билан тўлиб тошди. Уларнинг хавотир тўла изтиробли овозлари эшитилар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қаттиқ терга ботдилар. Оиша розияллоҳу анҳо ул зотнинг: “Ла илаҳа илла Аллоҳ албатта, ўлим сакаротдир”, деганларини эшитдилар. Масжидда одамларнинг овозлари кўтарилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша розияллоҳу анҳодан бу ҳақда сўрадилар. Оиша розияллоҳу анҳо: “Улар сиздан хавотир олаяптилар, ё Аллоҳнинг Расули”, деб жавоб бердилар. Ул зот: “Мени уларни олдига олиб чиқинглар”, деб яна ўринларидан туришга ҳаракат қилдилар. Лекин тура олмасдан ҳушини йўқотдилар. Ҳушига келтириш учун устиидан сув қуйдилар. Минбарга кўтарилгач, уларга: “Мендан хавотир олаяпсизларми”, деб сўрадилар. Ҳамма бир овоздан: “Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули”, дея жавоб бердилар. Шунда одамларга энг сўнгги хутбасини баён қилдилар: “Эй инсонлар, сизларнинг мен билан бирга бўладиган (абадий) манзилингиз дунё эмас. Мен сизлар билан учрашадиган жой Ҳавза олдидадир. Аллоҳга қасамки, мен у ердаги ўша манзилимни кўраётгандекман. Эй инсонлар, Аллоҳга қасамки, мен сизларга фақирлик етишидан қўрқмайман. Мен сизларга дунё етишидан, сизлардан олдинги умматлар курашганидек, сизлар ҳам дунё учун курашингиздан, алалоқибат дунё уларни ҳалок этганидек сизларни ҳам ҳалок этишидан қўрқаман”, дедилар. Сўнг эса: “Эй инсонлар, намоз масаласида Аллоҳдан қўрқинг, намоз масаласида Аллоҳдан қўрқинг, аёллар ишида Аллоҳдан қўрқинг, аёллар ишида Аллоҳдан қўрқинг. Аёлларга яхши муносабатда бўлишга сизларни буюраман” деб қайта-қайта такрорладилар.
Хутбанинг давомида: “Эй инсонлар, Аллоҳ таоло агар бир бандасига дунёни ёки Ўзининг ҳузуридаги нарсани танлаш ихтиёрини берди, у эса Аллоҳнинг ҳузуридаги нарсани ихтиёр этди”, дедилар. Ул зотнинг бу гапидан нимани мақсад қилганини хеч ким фаҳмламади. Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларини назарда тутган эдилар. Саҳобалардан ёлғиз Абу Бакр розияллоҳу анҳугина буни тушундилар, ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларини бўлиб: “Ота-онамиз, аҳлимиз-болаларимиз, молу жонимиз сизга фидо бўлсин Аллоҳнинг Расули”, деб йиғлай бошладилар. Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларини бўлгани учун Абу Бакр розияллоҳу анҳуга қараб турардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, Абу Бакр розияллоҳу анҳуни ҳимоя қилиб: “Эй инсонлар, Абу Бакр (розияллоҳу анҳу)ни ўз ҳолига қўйинг, сизлардан бирортангизнинг бизга кўрсатган хизмати бўлса, биз уни мукофотладик, лекин Абу Бакргина (розияллоҳу анҳу) бундан мустаснодир. Мен уни мукофотлай олмайман. Уни мукофотлашни Аллоҳга қолдирдим”, дедилар.
Сўнг Аллоҳ таолодан, мусулмонларга нусрат беришини, қадамларини собит қилишини ва уларни қўллаб қувватлашини сўраб дуолар қилдилар. Хутбанинг сўнгида: “Эй инсонлар, то қиёматгача менга эргашадиган умматларимга мени саломимни етказинглар”, деб сўзларини тугатдилар.
Кейин яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўтариб уйларига олиб кирдилар.
Абдураҳмон ибн Абу Бакр розияллоҳу анҳу қўлида мисвок тутган ҳолда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни олдиларига кирдилар. Қаттик хасталанганликлари туфайли мисвокни сўрашга ҳам қодир бўлмадилар. Буни фаҳмлаган Оиша розияллоҳу анҳо мисвокни Абдураҳмондан олиб, оҳисталик билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оғизларини покладилар. Кейин қизлари Фотимаи Заҳро розияллоҳу анҳо кирдилар. Оталарини бу аҳволда кўриб йиғладилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Фотима яқинроқ кел”, дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг қулоғига бир нарсаларни айтдилар. Фотимаи Заҳро розияллоҳу анҳонинг йиғиси кучайди. Бир оздан сўнг унинг қулоғига яна бир нарсаларни айтдилар. Бу сафар Фотимаи Заҳро розияллоҳу анҳо кулдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин Фотима розияллоҳу анҳодан оталари нима деганлари ҳақида сўралганда: “Биринчи марта шу куни вафот этишлари ҳақида гапирдилар. Иккинчи марта эса, менга аҳлимдан биринчи бўлиб сен етишасан дедилар”, деб жавоб бердилар.
Сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мени ҳузуримдан чиқинглар”, дедилар. Оиша розияллоҳу анҳони чақириб, унинг кўксига бошларини қўйдилар. Қўлларини осмонга кўтариб: “Рафиқул аълога Рафиқул аълога...” дея бошладилар. Оиша розияллоҳу анҳо бунинг яхшилик эканини билдилар.
Сўнг Жаброил алайҳиссалом келиб: “Ё Аллоҳнинг Расули, ўлим фариштаси остонада турибди, сиздан киришга изн сўраяпти”, деди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Жаброил, унга изн беринг, кирсин”, дедилар.
Жон олишга тайин қилинган фаришта: “Ассалому алайкум, Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ таоло мени сизнинг ҳузурингизга юборди. Сизга бу дунёда қолиш ёки Аллоҳнинг ҳузурига рихлат қилишдан бирини танлаш имконини берди”, деди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рафиқул аълога, Рафиқул аълога...” дедилар. Ўлим фариштаси, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бош томонларига келиб: “Эй покиза руҳ, Аллоҳдан рози бўлган ва Аллоҳ сендан рози бўлган ҳолда чиқгин”, деди.
Оиша розияллоҳу анҳо: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўллари осилиб тушди. Кўксимдаги муборак бошлари оғирлашди. Бу ҳолатдан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларини билдим. Нима қиларимни билмасдим. Охири ҳужрамдан чиқиб, ташқарида турган саҳобаларга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафот этганлари хабарини беришдан бошқа чорам қолмади”, дедилар.
Масжид йиғи овозлари билан тўлиб кетди. Шунда Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу қиличларини қўтариб: “Ким, Муҳаммад ўлди деса, бошини оламан. Ул зот, Мусо (алайхиссалом) Аллоҳ билан учрашиш учун кетганларидек, кетдилар ва тезда қайтадилар”, дедилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу саросимага тушиб қолган инсонларни тинчлантириб: “Эй инсонлар, ким Муҳаммадга ибодат қилган бўлса, у ўлди. Ким Аллоҳга ибодат қилган бўлса, Аллоҳ тирикдир, ҳеч қачон ўлмайди”, деб хутба қилдилар. Сўнгра Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига кириб, ул зотни бағрларига босиб йиғладилар.
Авазхўжа БАҲРОМОВ,
Тошкент тумани “Холмуҳаммад ота” жоме масжиди имом-хатиби
Тошкентда 80 метрлик карвонни кўриш мумкин бўлди
Бугунги кунда мамлакатимизда туризмни ривожлантириш мақсадида улкан ислоҳотлар олиб борилмоқда. Ушбу ислоҳотлар натижасида ҳудудларда турли рамзий сайёҳлик объектлари барпо қилинмоқда. Шулардан бири Тошкент шаҳрида ўрнатилди.
“Карвон Буюк ипак йўлида” ҳайкалтарошлик композицияси “Олмазор” метро бекати яқинида очилди. Бу ҳақда “Халқ сўзи” онлайн нашри хабар берди.
Ташкент шаҳрининг Чилонзор туманида “Карвон Буюк ипак йўлида” ҳайкалтарошлик композициясини очилишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Композициянинг умумий узунлиги 80 метр бўлиб, унда юриб кетаётган савдогарлар ва туяларнинг ҳайкаллари акс эттирилган. Композиция муаллифи ҳайкалтарошлар Павел Макаров ва Содиқ Номозовлар экани айтилган.
Композициянинг очилиш маросимида Чилонзор тумани ҳокимлиги ҳамда туризмни ривожлантириш Давлат қўмитаси вакиллари иштирок этгани айтиб ўтилган.
Ит ялаган идишни поклаш
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Вақтики, сизлардан бирортангизнинг идишини ит яласа, ундаги нарсани тўкиб юборсин. Сўнгра у (идиш)ни етти марта ювсин», дедилар».
Бошқа бир ривоятда: у(ювиш)лардан биринчиси ёки у(ювиш)лардан биттаси тупроқ билан бўлсин.
Яна бошқа ривоятда: еттинчиси тупроқ билан бўлсин, дейилган (Бешовлари ривоят қилишган).
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ит ялаши оқибатида ҳосил бўлган нажосатни кетказиш йўлини таълим бермоқдалар.
«Вақтики, сизлардан бирортангизнинг идишини ит яласа, ундаги нарсани тўкиб юборсин».
Яъни, ит ялаган пайтда идишда нима нарса бўлса, тўкиб юборсин. Ит ялаши оқибатида ўша нарса нажасга айланиб қолади. Шунинг учун идишнинг эгаси у нарсани тўкиб юбориши шарт.
«Сўнгра у(идиш)ни етти марта ювсин».
Бошқа ҳайвонлардан кўра итнинг нажосати қаттиқ бўлгани учун у теккан идишни етти марта ювмаса кетмайди. Шу билан бирга, ўша етти ювишдан бири тупроқ билан бўлиши шарт, унинг биринчисими, еттинчисими ёки хоҳлаган бирортаси эканлиги ҳақида турли ривоятлар келган. Энг муҳими, етти марта ювишдан бири тупроқ билан бўлиши керак. Тупроқсиз тоза бўлмайди.
Бу ҳадис Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъжизалари эканлигини илм ҳам тасдиқлади. Ит доимо турли нажас нарсаларни танаввул қилиб юради. Шунинг учун унинг оғзи ва сўлаги турли зарарли микробларга тўла бўлади. Бу ҳадисдан хабар топган чет эллик олимлар идишни атай итга ялатиб, уни катталаштириб кўрсатувчи асбоб (микроскоп) остига қўядилар. Қарасалар, идишда микроблар ғужғон ўйнаётган экан. Сўнгра ўша микробларни йўқотиш учун турли кимёвий моддаларни ишлатиб кўрганлар. Лекин бу фойда бермаган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек, тупроқ ишлатишганда ҳеч қандай микроб қолмаганининг шоҳиди бўлганлар. Бу тажриба ўша олимларнинг иймонга келишлари билан якун топди.
Усмонали ЎРАЛОВ
Жиззах тумани “Яккақайрағоч”
масжиди имом-хатиби