muslim.uz

muslim.uz

Бу йил қутлуғ Рамазон ойида эҳтиёжманд, шу билан бирга ибратли оилалар вакиллари давлатимиз томонидан берилган йўлланма асосида Умра сафарига юборилмоқда. Уларнинг бир қанча гуруҳи муборак зиёратни адо этиб қайтишди. Шулар қаторида Самарқанд вилояти зиёратчилари ҳам бор.
– Мактабда яхши ўқиганман, араб ёзувини ўрганганман, – дейди Пайариқ тумани Кўпаки маҳалласида яшовчи Қандолат Норматова. – Аммо на институтда, на техникумда ўқидим. Қишлоқ қизлари қатори бўй етиб, турмушга чиқдим. 7 нафар фарзандим бор, улардан бири иккинчи гуруҳ ногирони. Раҳматли турмуш ўртоғим билан уларни оғир шароитда катта қилдик. Қуръон тиловати, китоб мутолааси, беш вақт намоз ва рўза ибодатларини канда қилмадим. Муборак Ҳаж ва Умра зиёратларини адо этиб келаётганларга ҳавас қилардим, холос. Маҳалламиз раиси кутилмаганда Умра зиёратига давлат томонидан йўлланма берилишини айтганда, туш кўряпман, деб ўйладим. Қувончим ичимга сиғмади. Зиёрат давомида йиғлаб-йиғлаб, юртимиз тинчлиги, аҳолимиз фаровонлиги, фарзандларимиз саломатлигини сўраб дуолар қилдим.
Самарқандлик зиёратчилар 2 апрель куни тонгга яқин кутиб олинди. Кемтик кўнгиллари тоғдек кўтарилган отахон ва онахонлар давлатимиз томонидан кўрсатилаётган бундай ғамхўрликлардан миннатдор эканлигини билдириб, дуолар қилди.

Хайрулло Сатторов, вилоят бош имом-хатиби ўринбосари,
“Зарафшон” нашри.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Айни кунларда Сурхон воҳасида бўлиб турган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари бошчилигидаги уламоларнинг чекка ҳудудлардаги масжидларда қилаётган маърифий суҳбатларидан минглаб мўмин-мусулмонлар баҳраманд бўлишмоқда.

Хусусан, Муфтий ҳазратларининг Термиз шаҳридаги “Ҳаким Термизий” масжидига ташрифидан намозхонлар жуда мамнун бўлишди. Муфтий ҳазратлари суҳбат аввалида мўмин-мусулмонларга Юртбошимизнинг Рамазон табригини етказдилар. Сўнг муборак ойда ажру мукофот кўп амаллар, инсонларга манфаат етказадиган хайрли ишларни кўпайтириш борасида манфаатли суҳбат қилиб бердилар.

Ана шундай илмий-маърифий суҳбатлар Тошкент шаҳар “Абдулҳамид ҳожи” масжиди имом-хатиби Жамолиддин домла Азимов иштирокида Сариосиё туманидаги “Хўжа Муҳаммад Порсо” масжидида, Тошкент шаҳар “Ҳазрати Имом” масжиди имом-хатиби Ҳабибуллоҳ домла Абдураззоқов томонидан Шўрчи туманидаги “Абу Бакр Сиддиқ” жомесида, Тошкент шаҳар “Қўшқўрғон” масжиди имом-хатиби Ўктам домла Маҳкамов иштирокида Денов туманидаги “Чамбил” масжидида ва Тошкент шаҳар “Гўзал” масжиди имом-хатиби Равшанбой домла Раимқулов иштирокида Сариосиё тумани “Хожа Муҳаммад Порсо” масжидида бўлиб ўтди.

Уламолар самимий мулоқот ва маърифий суҳбатлар давомида ҳудуддаги аҳоли вакилларини муборак Рамазон ойи билан қутлаш билан бирга, мазкур ойнинг фазилати, унда қилиш лозим бўлган хайрли амаллар ҳақида мавъиза қилиб беришди.

Мазкур маърифий учрашувларда диёримизда диний-маърифий соҳада бўлаётган сўнгги янгиликлар, амалга оширилаётган хайрли ишлар хусусида ҳам маълумот берилди.

Ўз навбатида мазкур манфаатли суҳбатлардан мўмин-мусулмонлар катта фойдалар олганини таъкидлашиб, уламоларга миннатдорчилигини билдиришди.

Муфтий ҳазрат бошчилигидаги уламоларнинг воҳа вилоятларига ташрифи давом этмоқда.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Мисрнинг «Ал-Муватин» ахборот агентлигининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида Ўзбекистонда Рамазон ойининг нишонланишига оид кўрсатув эфирга узатилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Унда бошловчи, мисрлик таниқли журналист Фотима Бадавий ўзбек халқининг миллий урф одатлари, муқаддас Рамазон ойини қандай ўтказиши ҳақида томошабинларга батафсил маълумот берди.
«Ўзбекистонда Рамазон ойида ифторлик учун кенг дастурхон ёзилиб турли мевалар ва таомлар тортилиши одат тусига кирган, – дейди бошловчи. – Сомса, шўрва, мастава, манти ва албатта, палов ўзбеклар дастурхонининг шоҳ таомларидир».
Дастур давомида миллий урф-одатларимиз, Рамазон ҳайитини нишонлаш бўйича анъаналар ва мамлакатимизнинг сайёҳлар ўртасида машҳур шаҳарлари ҳақидаги маълумотлар тақдим этилган.
Маълумот учун, «Ал-Муватин» ААнинг «Facebook»да ижтимоий тармоғидаги саҳифасини кунига 1 миллион 200 мингдан ортиқ киши кузатиб боради.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

"Вақф" фонди Сурхондарё вилояти филиали ташаббуси билан ҳомийларни жалб қилган ҳолда Термиз шаҳридаги Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходимлари, Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчи ва талабалари ҳамда диний соҳа ходимлари жами 140 киши учун ифторлик дастурхони ёзилди.

Тадбир сўнгида халқимиз ва юртимиз фаровонлигини тилаб дуолар қилинди.

Вақф фонди сизларни ушбу улуғ ойда, яхшилик йўлида ҳамкорликка чорлаб қолади!

"Вақф" фонди Матбуот хизмати

Муҳаммад Айюб домла Ҳомидов 

“Фурқон” сураси 21-оятидан “Намл” сураси 55-оятигача 

Янгиликлар

Top