muslim.uz

muslim.uz

CАВОЛ: Рамазон ойида ҳарамда витр намозини имомга иқтидо қилиб ўқиса бўладими? Чунки бу ерда, имом икки ракатдан кейин салом бериб, кейин яна туриб, бир ракат ўқир экан. Биз бу ерда қандай йўл тутишимиз керак?

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Мазҳабимизга кўра витр намози худди шом намози каби бир салом билан уч ракат ўқилади. Шофеий ва ҳанбалий мазҳабига кўра эса, витрни асосан 2 хил ўқилиши мумкин:

1. Ҳанафий мазҳабида бўлгани каби бир салом билан уч ракат ўқиш. Кўпчилик фуқаҳоларимизга кўра бу кўринишда витр ўқийдиган имомга ҳанафий мазҳабидаги киши иқтидо қилиши жоиз;

2. Икки салом билан уч ракат ўқиш. Яъни, бунга кўра икки ракатдан кейин салом бериб, кейин яна бир ракат ўқилади. Бу тартибда ўқийдиган имомга иқтидо қилиш ҳукми борасида мазҳабимиз фуқаҳоларида икки хил қараш бор:

1. Агар имом икки ракатдан кейин салом бериб, кейин бир ракатни ўқиса, ҳанафий мазҳабидаги киши унга иқтидо қилиши дуруст бўлмайди. Ушбу масалани Аллома ибн Нужайм раҳимаҳуллоҳ барча далил ва қарашларни келтириб ўтгандан кейин шундай хулоса қилганлар:

"فظهر بهذا أنّ المذهب الصحيح صحّة الاقتداء بالشافعي في الوتر إن لم يسلّم على رأس الركعتين وعدمها إن سلّم" (البحر الرائق، 2/40)

яъни: “Юқорида ўтганлардан маълум бўладики, мазҳабдаги энг тўғри гап бу – витр намозда шофеий мазҳабидаги имомга, у икки ракатдан кейин салом бермаса иқтидо қилиш дуруст бўлади. Агар (икки ракатдан кейин) салом берса, иқтидо дуруст эмас” (“Ал-Баҳрур роиқ” китоби).

Ҳанафий олимлардан Аллома Раҳматуллоҳ Синдий айни мавзуга бағишлаб ёзган “Ғоятут таҳқиқ” номли рисоласида витр намозида икки ракатдан кейин салом берадиган имомга иқтидо қилиб бўлмаслик кўпчилик ҳанафий уламоларнинг ихтиёр қилган йўли эканини таъкидлаб ўтган.

2. Мутақаддим уламолардан Абу Жаъфар Ҳиндвоний, мутааххирлардан Сирожиддин “Қориул-Ҳидоя”, Бадриддин Айний, Ибн Ваҳбон, Анваршоҳ Кашмирий, Абдулҳай Лакнавий, Муҳаммад Тақий Усмоний каби уламолар витр намозида ҳанафий киши бошқа мазҳаб имомига гарчи иккинчи ракатдан кейин салом берса ҳам иқтидо қилиши жоиз эканига фатво беришган.

Ҳозирда икки ҳарам масжидларида витр намози иккинчи кўринишда – икки салом билан, уч ракат қилиб адо этилади.

Иккинчи гуруҳ ҳанафий мазҳаби уламоларининг фатволарига биноан, қолаверса, мусулмонлар бирлигини сақлаш, турли ноқулайликларни олдини олиш юзасидан умра зиёратига борган юртдошларимиз Рамазон ойида витр намозини Ҳарами шарифдаги имомга иқтидо қилган ҳолда ўқишлари жоиз. Шундай бўлсада жумҳур уламоларимизнинг тутган йўлларига кўра, эҳтиёт юзасидан ўзлари қайта ўқиб олишлари мақсадга мувофиқ бўлади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

Манба: "Cамарқанд" телеканали

Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 17 февраль куни Бухоро вилоятига сафарида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаровнинг кам таъминланган оилалар вакилларини Умра зиёратига юборишда давлат томонидан ёрдам бериш борасидаги илтимосини қаноатлантириб, қўллаб-қувватлаган эди.

Шу муносабат билан Хоразм вилоятидан ҳам 100 нафар юртдошимиз умра зиёратини амалга ошириб қайтди.  Уларни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Хоразм вилояти вакили Хайрулла домла Абдуллаев бошчилигида Ҳаж ва Умра бўйича мутасаддилар ва зиёратчиларнинг яқинлари  кутиб олди.

— Бугун мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилди, – дейди  Урганч шаҳар бош имом-ҳатиби Ҳасанбой Кенжаев. – Айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таминланган, кам даромадли оилаларга ёрдам кўрсатиш, иқтисодий, тиббий, таълим борасидаги кўмаклар натижасида юртдошларимиз ҳаёт тарази тубдан ўзгармоқда. Давлатимиз раҳбарининг саъй ҳаракатлари билан Саудия Арабистонига ҳозирда ҳар куни Жидда ва Мадина шаҳарларига икки марта авиапарвоз мунтазам амалга оширилмоқда. Бу эса зиёратчиларимиз сони тобора кўпайиб бораётганидан дарак беради.  Муборак зиёратга отланган юртдошларимиз учун иккала шаҳарда барча шарт-шароитлар яратилган. Бунинг учун Яратганга шукроналар айтмоғимиз, шароитларни қилиб бераётган ҳукуматимиздан миннатдор бўлмоғимиз лозим.  

Дарҳақиқат, ҳар бир мусулмоннинг орзуси бўлган Ҳаж зиёратини адо қилиш кўпчилик учун йиллар давомида фақат орзулигича қолмоқда эди. Улар орасида мана бу юртдошларимиз ҳам бор. Нафақа ёшига етган бўлсалар ҳам бу истаклари амалга ошмаганди. Ушалмас орзу деб ўйланган бу истак давлатимиз раҳбари томонидан амалга оширилди.  

— Ҳеч қачон шундай амал менга насиб этади, деб ўйламагандим, – дейди зиёратчи Шукуржон Юнусова. – Аллоҳ таоло юртбошимизнинг кўнглига солиб бизга шундай ғамхўрлик қилиб, савобга қолдилар. Сафар давомида барча шароитлар юксак даражада яратиб берилди. Бариб келишимизда умуман қйналмадик. Муқаддас амалларни эмин-эркин бажардик. Юртимиз ҳамиша тинч-осуда бўлишини, мамлакатимизнинг янада ривожланишини, давлатимиз раҳбарининг соғ-омон бўлишларини, дастурхонларимиз ҳамиша тўкин бўлишини тилаб қайтдик.  

Нуронийларни яқинлари катта хурсандчилик билан қарши олди. Орзулари ушалаб, фарзандлари, набиралари бағрига қайтган элдошларимиз дили ва тилида шукроналик.  

Маҳалласида йиллар давомида ҳалол меҳнат қилиб, имон-эътиқоди, хулқ-атвори билан ҳурмат қозонган отахон ва онахонларимиз бугун муборак зиёратни адо этиб уйига қайтишлари эришган ҳурмат ва эҳтиромини янада юксалтирди. Муҳими улар Янги Ўзбекистонда ҳеч ким эътибордан четда эмаслигини яна бир бор ҳис қилишди.

Аҳмаджон ШОКИРОВ, ЎзА

Рамазон ойида мусулмонлар кўплаб руҳий, маънавий манфаатлар оладилар. Бу ойнинг яна бир фазилати шуки, саховатпеша мусулмонлар яқинларига, бева-бечора, етим-есирларга қўлларидан келганча эҳсону садақа ва ифторликлар улашадилар. Рўзадорларга ташкил этиладиган ифторлик дастурхонларининг файзи бўлакча. Албатта, ифторликдан сўнг хонадон соҳиби ҳаққига хайрли дуолар қилинади.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва саллам Саъд ибн Убоданикига ифторлик қилгани борганларида, у нон ва ёғ қўйди. Пайғамбар алайҳиссалом улардан тановул қилиб:
أفطر عندكم الصَّائمون، وأكل طعامكم الأبرار، وصلَّت عليكم الملائكة
"Афтора ъиндакум сооимуна ва акала тоъамакумул аброро ва соллат ъалайкумул малааикаҳ", яъни: "Рўзадорлар сизларнинг ҳузурингизда ифтор қилишди. Яхшилар овқатларингиздан тановул қилишди. Фаришталар сизларга салавот айтишди", деб дуо қилдилар (Имом Абу Довуд ривояти).
Анас розияллоҳу анхудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва саллам бирор қавм ҳузурида ифторлик қилиб, оғизларини очсалар: "Афтора ъиндакумум соимун..." деб юқоридаги дуони айтар эдилар.
Биз ҳам Пайғамбаримизнинг суннатларига амал қилиб, ифторликларга борганимизда, мазкур дуоларни айтсак, манфаатли бўлади, иншоаллоҳ.

Мустақим ИСОЕВ,
Шофиркон тумани «Қори Фазлиддин» жоме масжиди имом-хатиби

Саудия Aрабистонида бундан XIII аср муқаддам қурилган қадимий “ас-Сафа” масжиди қайта тикланади, деб хабар бермоқда “The National” нашри.

Масжидни таъмирлаш ишлари 2018 йили валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон ҳазрати олийлари томонидан тарихий масжидларни тиклаш бўйича бошланган лойиҳанинг бир қисмидир. Лойиҳа доирасида қироллик бўйлаб жами 130 та тарихий ва диний аҳамиятга эга масжид ва обидаларни таъмирлаш режалаштирилган.

Мазкур Балжураши вилоятидаги “ас-Сафа” масжиди Саудия Aрабистонидаги энг қадимий масжидлардан бири ҳисобланади.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Янгиликлар

Top