Ўзбекистон янгиликлари

Диний қўмитада ал-Ҳидоя ширкати раҳбари билан учрашув ўтказилди

Жорий йилнинг 28 сентябрь куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитада ҳаж ва умра сафарлари бўйича Саудия Арабистонидаги ҳамкор “ал-Ҳидоя” ширкати раҳбари Шайх Солим Солиҳ Баҳвайний билан учрашув бўлиб ўтди. Меҳмон Дин ишлари бўйича қўмита раиси Жасур Акромов билан мулоқот олиб борди. Бу ҳақда Дин ишлари бўйича қўмита
Матбуот хизмати хабар берди.

Дастлаб, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Жасур Акрамов “ал-Ҳидоя” ширкати билан кўп йиллардан буён ҳамкорлик қилиб келинаётгани, ўтган давр мобайнидаги жуда катта муваффақиятларга эришилгани, айниқса, Саудия Арабистони ҳукуматининг мутасадди ташкилотлари томонидан ҳар йили ўзбекистонлик ҳожилар намунали деган мақтовга муносиб кўрилаётгани барчани мамнун этганини билдирди.

У сўзида давом этиб, Ўзбекистонда зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича “ал-Ҳидоя” ширкати томонидан ижобий ҳаракатлар қилинаётгани яхши натижаларга олиб келишини таъкидлади. Бу борада билдирилган фикр-мулоҳазалар ва таклифлар икки давлат манфаатлари, ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига қаратилгани билан аҳамиятли эканини айтди.

Мулоқотда сўз олган Шайх Солим Солиҳ Баҳвайний ҳаж ва умра сафарларини ташкил этиш борасида Ўзбекистон ҳукумати томонидан жуда катта ишлар бажарилганини таъкидлади. Жумладан, Саудия Арабистони подшоҳлиги Ўзбекистон томонидан муборак сафарларни ташкил этиш ишларига юқори баҳо бергани, айниқса, жорий йилги ҳаж мавсумида зиёратларни тартибли ва намунали ташкил этиш, Ҳаж ва Умра вазирлиги томонидан қўйилган талабларни тўлиқ бажариш борасида Ўзбекистон қатор давлатлардан ўзиб кетгани, аслида, ҳаж ва умра сафарлари давлатнинг обрў-эътибори эканини чуқур англаган Ўзбекистон ҳукумати, бу борада, жуда кўп амалий саъй-ҳаракатлар қилаётгани таҳсинга лойиқлигини билдирди.

Шунингдек, учрашувда Жасур Акрамов меҳмон томоннинг илиқ фикрларини қўллаб-қувватлаб: “Албатта, Сиз юқорида санаб ўтган ютуқлар – барчамизники, бутун халқимизники. Ҳаж ва умра сафарларининг муваффақиятли амалга оширилаётгани, бу – ўзаро ҳамкорлигимизнинг ижобий самарасидир”, деди.
Шунингдек, Шайх Солим Солиҳ Баҳвайний Ўзбекистонда зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича ўзининг таклифларини тақдим этди. Бу таклифлар томонлар иштирокида муҳокама қилинди ва ҳамкорлик борасида янги келишувларга эришилди. Келишувга биноан, Ўзбекистон орқали Саудия Арабистонига умрага борадиган Индонезиялик зиёратчилар “Ал-Ҳидоя” ширкати билан келишилган ҳолда, ўзаро ҳамкорлик асосида ташкил этилади. Бунда узоқ йиллик ҳамкорлик, албатта, ўзининг ижобий натижасини бериши, томонлар бу борада тажрибага эга эканини ҳисобга олсак, дуч келиши мумкин бўлган айрим камчилик ва муаммолар жойида, ҳамкорлик асосида бартараф этилиши мумкинлиги уқтирилди.

Мулоқот якунида, Шайх Солим Солиҳ Баҳвайний Ўзбекистон Республикаси Президенти, Дин ишлари бўйича қўмита ва Диний идора раҳбарларига яқиндан ҳамкорлик учун алоҳида миннатдорлик билдирди.

Учрашув самимий ва дўстона руҳда ўтгани маълум қилинди.

ЎМИ Матбуот хизмати

2881 марта ўқилди

Янгиликлар

Top