Ўзбекистон янгиликлари

Хожа Али Ромитаний зиёратгоҳида янги жоме масжиди қурилмоқда

Бухоро вилояти Ромитан туманида жойлашган Хожа Али Ромитаний зиёратгоҳи таъмирланмоқда. Қурилиш ишлари учун 10 миллиард сўм маблағ ажратилган.

Зиёратгоҳ ҳудудида янги жоме масжиди барпо этилмоқда. Ҳозир мажмуа ҳовлисида 15 метр узунликдаги миноранинг тўққиз метри қуриб битказилди. Минора Россия Федерациясининг “Romstar” қўшма корхонаси билан ҳамкорликда тикланмоқда.

19 метр баландликдаги иккита гумбазли мақбара, кенглиги – 13х13 м/кв, 250 куб сув сиғимига эга 2,5 метр чуқурликдаги ҳовуз, уч гумбазли дарвозахона ва кўркам боғ тез кунларда фойдаланишга топширилиши маълум қилинган.

Маълумот учун, зиёратгоҳининг умумий ер майдони 10 гектардан иборат. Объект атрофи 365 метр айланма узунликдаги девор билан ўралди. Зиёратга келувчилар учун 50 кишига мўлжалланган икки қаватли меҳмонхона қурилмоқда.

Ҳозирга қадар миллий услубдаги айвон, тошқудуқ ва ошхоналар қурилиши якунланди. Қадамжога яқин ҳудуд инфратузилмаси ҳам янгиланди. 4500 м/кв ерга асфальт ётқизилиб, пиёдалар қатнов йўлагига оҳактош терилди. 50 та енгил автомобилга мўлжалланган автотураргоҳ фойдаланишга топширилди.

ЎМИ Матбуот хизмати

2970 марта ўқилди

Янгиликлар

Top