Ўзбекистон янгиликлари

Покистонлик дин уламолари Сурхондарёга келди

Жорий йилнинг 14 октябрь куни Покистон Ислом Республикасидан 45 дан ортиқ ислом дини уламолари Сурхондарё вилоятига ташриф буюрди. Бу ҳақда Turon24 хабар берди.

Покистоннинг Исломобод, Пешовар, Карачи ва бошқа ҳудудларидан келган меҳмонлар Термиз ва Шерободда бўлиб, муқаддас қадамжоларни зиёрат қилди.

Меҳмонлар Термиз туманидаги Х асрда қурилган Султон Саодат мажмуаси ҳамда аллома Ҳаким ат-Термизий зиёратгоҳида бўлишиб, бу ердаги тарихий ёдгорликлар ва музейлар билан яқиндан танишишди.

Шунингдек, уламолар делегацияси Шеробод туманидаги муҳаддис Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий ансамблига ҳам ташриф буюрди.

“Бу зиёратларни кўпдан буён орзу қилардик. Нафақат биз, балки боболаримиз ҳам Абу Исо ат-Термизий, Баҳовуддин Нақшбанд юртида бўлиб, қадамжоларини кўришни, зиёрат қилишни ният қилишганди", дейди делегация раҳбари, исломшунос олим, шайх Абдулҳалим Тишти.

Делегация таркибида оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳам бўлиб, улар Ўзбекистондаги сафар жараёнини ўз нашрларида мунтазам ёритиб боришмоқда.

Покистонлик меҳмонларнинг Қашқадарё, Самарқанд ва Бухорога ҳам сафар қилиши белгиланган.

ЎМИ Матбуот хизмати

2963 марта ўқилди

Янгиликлар

Top