Ўзбекистон янгиликлари

Тилга ҳурмат – элга ҳурмат

Билим юртида ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 29 йил тўлиши муносабати билан устоз ва мураббийлар ҳамда талабалар иштирокида “Тилга ҳурмат – элга ҳурмат” шиори остида 20 октябрь куни тадбир бўлиб ўтди. Унда она тилининг аҳамияти ва унинг инсон ҳаётидаги ўрни ҳақида суҳбат ўтказилди.   

Она – дунёдаги энг буюк ва қадрли сўз. Бу сўзни ўз тилида айтиш инсонга бениҳоя сурур бахш этади. Бундай бахтни ҳис этиш ҳаммага ҳам насиб этмайди. Тарихдан маълумки, ҳар бир тузум ўзининг тўсиқларини қўйиб келган. Бу борада миллатимиз ҳам кўпдан-кўп тазйиқларга учраб, ўз ҳис-туйғуларини ўзгалар тилида айтишга мажбур бўлганлари ҳеч биримизга сир эмас.

Халқимизнинг узоқ йиллар интиқиб кутган орзуларидан бири 1989 йил, 21октябрда ушалди. Чунки шу кунда жонажон халқимиз ўз орзу-умидлари-ю, қувонч-шодликларини, онажон деган улуғ сўзни ўз тилида эмин-эркин айтишдек улкан бахтга эришди. Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши, ҳам диний, ҳам дунёвий масалаларда ўзининг ижобий таъсирини кўрсатди. Халқимиз Алоҳнинг каломи – Қуръони карим маъноларини ўзбек тилида ўқишдек, шарафли толега мушарраф бўлдилар. Элимизнинг бундай нуфузли чўққига чиқишлари учун мустабит тузум ғояларига қарши курашиб, не-не буюк аждодларимиз қатағонга учраб, қурбон бўлдилар. Биз бугун ўша улуғ зотларнинг муборак номларини айнан ўзбек тилида фахр билан мадҳ этамиз. Тилимизнинг бугунги кундаги аҳамияти ҳақида сўз бошласак, унинг ижобий таъсирларини санаб адоғига етолмаслигимиз аниқ. Аждодларимиз қазиб кетган илм чашмасидан тўйиб-тўйиб ичиб, ташна дилимизни қондиришимиз ҳам бунга ёрқин далил бўла олади. Ўзбекистон қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов тил ҳақида бундай деган:

 “Она тилим, сен борсан, шаксиз

Булбул куйин шеърга соларман.

Сен йўқолган кунинг шубҳасиз,

Мен ҳам тўти бўлиб қолурман”.

 Ҳа, ҳар бир шахснинг айтар сўзи ва ҳис туйғуларини ифодалашга ўз тили бўлмоғи зарур. Йўқса, шоир айтганидек тўтидан ҳеч қандай фарқи қолмайди. Бизни ўз сўзимизни ўз тилимизда айтишимизни таъминлаш йўлида қанчадан-қанча аждодлар жон фидо қилдилар! Энди ўша аждодларимизга муносиб авлод бўлиб, жонажон тилимизни кўз қорачиғимиздек ҳимоя қилиш бизнинг шарафли вазифамиздир.

Янги нашр қилинган китоблар тақдимоти мазкур вазифанинг давомий босқичи бўлди десак муболаға бўлмайди. Жумладан, Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар”, “Меҳробдан чаён”, “Диёри бакр”, “Обид кетмон” ва “Адибни хотирлаб” каби беш жилддан иборат китоблар жамланмаси, Қаландар Абдураҳмоновнинг “Буюклар каҳкашонида” асари, Доктор Айман Рушдий Сувайднинг “Қуръон ўганиш қоидалари” ва “Фалсафа асослари” каби рисолалар китобхонларга тақдим этилди.

Тадбир сўнгида она тилимиз ҳақида ва тақдимоти ўтказилган китоблар тўғрисида савол-жавоблар ўтказилди. Китобхонлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

А. ҒАНИЕВ

“Кўкалдош” ўрта махсус

билим юрти мудир ўринбосари

3237 марта ўқилди

Янгиликлар

Top