Рамазон

Қадр кечаси фазилати

Маълумки, муборак Рамазон ойида ислом таълимотининг асосий манбаи – Қуръони карим нозил бўлган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло хабар бериб айтади: 

شَهْرُ رَمَضَانَ الَّذِي أُنْزِلَ فِيهِ الْقُرْآَنُ هُدًى لِلنَّاسِ وَبَيِّنَاتٍ مِنَ الْهُدَى وَالْفُرْقَانِ فَمَنْ شَهِدَ مِنْكُمُ الشَّهْرَ فَلْيَصُمْهُ وَمَنْ كَانَ مَرِيضًا أَوْ عَلَى سَفَرٍ فَعِدَّةٌ مِنْ أَيَّامٍ أُخَرَ يُرِيدُ اللَّهُ بِكُمُ الْيُسْرَ وَلَا يُرِيدُ بِكُمُ الْعُسْرَ وَلِتُكْمِلُوا الْعِدَّةَ وَلِتُكَبِّرُوا اللَّهَ عَلَى مَا هَدَاكُمْ وَلَعَلَّكُمْ تَشْكُرُونَ *(سورة البقرة/185)

яъни: “Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир. Бас, сизлардан ким бу ойда (ўз яшаш жойида) ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Кимки бемор ёки сафарда бўлса, (тута олмаган кунларининг) саноғи бошқа кунлардандир. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди. Бу – ҳисобни тўлдиришингиз ҳамда ҳидоятга бошлагани учун Аллоҳга такбир (ҳамду сано) айтишингиз ва шукр қилишингиз учундир”.

Ояти карима баёнида Имом Хозин ўз тафсирида қуйидаги ривоятни Абдуллоҳ ибн Аббосдан нақл қилади:

اِنَّ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَبَّاسٍ قاَلَ : اُنْزِلَ الْقُرْآنَ جُمْلَةً وَاحِدَةً مِنَ اللَّوْحِ الْمَحْفُوظِ فىِ لَيْلَةِ الْقَدْرِ مِنْ شَهْرِ رَمَضَانَ ، فَوُضِعَ فىِ بَيْتِ الْعِزَّةِ فىِ السَّمَاءِ الدُّنْيَا ثُمَّ نَزَلَ بِهِ جِبْرِيلُ عَلىَ مُحَمَّدٍ (صلعم) نُجُومًا (مَنَجَّمًا مُفَرَّقًا حَسْبَ اقْتِضَاءِ اَسْبَابِ النُزُولِ) فىِ ثَلاَثٍ وَعِشْرِينَ سَنَةً (مِنْ تَفْسِيرِ الْخَازِنْ ج|ص 126)

яъни: “Қуръони карим тўлалигича Рамазон ойида Қадр кечасида Лавҳул-маҳфуздан нозил қилиниб, дунё осмонидаги Байтул-иззага қўйилди. Сўнгра Жаброил (а.с.) Муҳаммад (сав)га оятларни муқтазои ҳол тақозосига яъни, турли ҳолатларга  мувофиқ бўлак-бўлак қилиб олиб келди”.

Демак, муборак Қуръони каримнинг пайғамбаримиз Муҳаммад (сав)га нозил бўлиши Рамазон ойида бошланган. Шу муборак ой шарофатидан барча муқаддам нозил бўлган илоҳий китоблар ушбу ойда нозил бўлгани ҳикматдан холи эмас.

Рамазон ойи фазилатларидан яна бири “Лайлатул-қадр”нинг шу ойда бўлишидир. “Лайлатул-қадр”йилнинг бошқа ойларидаги кечалардан шарофатли ва улуғ эканлиги ояти карима ва ҳадиси шарифлар билан собитдир. Зеро, Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади:

إِنَّا أَنْزَلْنَاهُ فِي لَيْلَةِ الْقَدْرِ * وَمَا أَدْرَاكَ مَا لَيْلَةُ الْقَدْرِ * لَيْلَةُ الْقَدْرِ خَيْرٌ مِنْ أَلْفِ شَهْرٍ * تَنَزَّلُ الْمَلَائِكَةُ وَالرُّوحُ فِيهَا بِإِذْنِ رَبِّهِمْ مِنْ كُلِّ أَمْرٍ * سَلَامٌ هِيَ حَتَّى مَطْلَعِ الْفَجْرِ * (سورة القدر1-5/)

яъни: “Албатта, Биз уни (Қуръонни “Лавҳул-маҳфуз”дан биринчи осмонга) Қадр кечасида нозил қилдик. (Эй, Муҳаммад!) Қадр кечаси нима эканини Сизга не ҳам англатур?! Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир. У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (Жаброил) Парвардигорларининг изни билан (йил давомида қилинадиган) барча ишлар (режаси) билан (осмондан ерга) тушарлар. У (кеча) то тонг отгунича саломатликдир”.

Оятдаги улуғ кеча Рамазон ойининг 27-кечаси эканига далолат қиладиган ҳадислар кўпдир. Қадр кечаси Рамазон ойининг нечанчи кечаси эканини Аллоҳ ва Расули томонидан сир тутилган эди. Лекин саҳобалар Расулуллоҳ (а.с.)дан уни аниқлаб беришларини кўп сўрашганидан кейин дастлаб ойнинг учинчи ўн кунлигидан, кейинроқ тоқ кечаларидан излаш кераклигини айтганлар. Охири у кечанинг аломатларини айтганларидан сўнг 27-кеча экани маълум бўлган (Имом Бағавий тафсиридан).

“Лайлатул-қадр” сўзининг маъноси “белгилаш кечаси”, яъни йил давомида турли амал, ҳукм, ризқ, тақдир белгиланадиган кеча деган маънони билдиради.

Имом Хозин тафсирида қуйидагиларни ёзган: “Бу оятнинг маъноси шуки, Аллоҳ таоло йил давомида бўлиши лозим бўлган азалий тақдирларни малоикаларга билдириб, уларни ёзишга амр этади. Буни Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти каримаси ҳам баён қилади:

حم * وَالْكِتَابِ الْمُبِينِ * إِنَّا أَنْزَلْنَاهُ فِي لَيْلَةٍ مُبَارَكَةٍ إِنَّا كُنَّا مُنْذِرِينَ * فِيهَا يُفْرَقُ كُلُّ أَمْرٍ حَكِيمٍ * أَمْرًا مِنْ عِنْدِنَا إِنَّا كُنَّا مُرْسِلِينَ *(سورة الدّخان/1-5)

яъни: “Ҳо, Мим. Аниқ Китоб (Қуръон) билан қасамёд этурманки, албатта, Биз уни муборак кечада нозил қилдик. Дарҳақиқат, Биз огоҳлантирувчидирмиз. Унда (муборак кечада) барча ҳикматли иш(лар) ажрим қилинур. (У ишлар) Бизнинг ҳузуримиздан бўлган ишлардир. Дарҳақиқат, Биз (пайғамбар) юборувчидирмиз”.

Бу оятдаги “لَيْلَةٍ مُبَارَكَةٍ”дан мурод Қадр кечаси бўлиб, унинг фазилати нақадар буюк эканига далолат қилади. Бу кечанинг улуғлигига яна:

تَنَزَّلُ الْمَلَائِكَةُ وَالرُّوحُ فِيهَا بِإِذْنِ رَبِّهِمْ مِنْ كُلِّ أَمْرٍ * سَلَامٌ هِيَ حَتَّى مَطْلَعِ الْفَجْرِ *

(سورة القدر/4-5)

яъни: “У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (Жаброил) Парвардигорларининг изни билан (йил давомида қилинадиган) барча ишлар (режаси) билан (осмондан ерга) тушарлар. У (кеча) то тонг отгунича саломатликдир” – ояти каримаси ишора қиладики, бу муборак кечада Аллоҳнинг фаришталари ва Жаброил (а.с.) Парвардигорнинг изни билан ер юзига тушадилар. Улар Аллоҳнинг дўстларига, барча аҳли тоат мўминларга тонг отгунга қадар салом берадилар.

Лайлатул-қадрни Рамазон ойининг қайси кунларида кутиш ҳақида жаноби Расулуллоҳ (с.а.в.)дан бир қатор ҳадисларни Имом Бухорий (р.з.) ўз “Саҳиҳ”ларида ривоят қилганлар.

Ибн Умар (р.з.) ривоят қиладилар: “Набий (сав)нинг бир қанча саҳобалари Лайлатул Қадрни Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг еттисида бўлишини тушларида кўришган экан. Шунда, Расулуллоҳ (сав): “Сизларнинг тушларингиз Лайлатул Қадр Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг еттисида эканига мувофиқ келади, деб ўйлайман. Кимки Лайлатул Қадрни кутмоқчи бўлса, Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг еттисида кутсин!” – дедилар”.

Оиша (рз.) ривоят қилган бошқа бир ҳадисда эса: “Расулуллоҳ (сав) Лайлатул Қадрни Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг тоқ кунларида кутинглар, деб айтдилар”, - дедилар.

Абу Ҳурайра (р.з.) ривоят қиладилар. Набий (сав):

"مَنْ قَامَ لَيْلَةَ الْقَدْرِ إِيمَانًا وَاحْتِسَابًا غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ " (رواه مسلم و البخارى و الترمذى)

яъни: “Ким Лайлатул Қадр кечасини имон ва ихлос билан бедор ўтказса, унинг шу кечагача қилган гуноҳлари мағфират қилинур” – дедилар.

Аллоҳ таборака ва таоло хабар бериб айтганидек, Қадр кечаси то тонг отгунга қадар тинчлик, осойишталик ва саломатлик кечасидир. Умуман олганда Рамазон ойини барча кечалари ва ва кундузлар раҳмат, мағфират ва тинчлик-омонликка юз ўгириладиган ой бўлиб ҳисобланади. Шунинг учун ҳам ойлар султони бўлган Рамазонни хотиржамлик ва осойишталикда ўтказишимиз, уни ҳар бир кун ва соатларни ғанимат билмоғимиз лозим. Агар тинчлик, эминлик бўлмаса, турли ихтилоф ва келишмовчиликлар мавжуд бўлса, у вақтда неъматлар завол топади, ўртадан тотувлик, ҳамжиҳатлик ва барака кўтарилади. Имом Бухорий (рҳ.) Жаноби Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)дан ривоят қилган ушбу ҳадис маъно ва мазмуни бунга ёрқин далилдир. Унда бундай дейилган: “Набий (с.а.в.) Лайлатул Қадр қайси куни бўлишини хабар қилиш учун чиқдилар. Йўлда икки мусулмоннинг жанжаллашаётганини кўриб, ўша кун ёдларидан чиқиб қолди. Жаноб Расулуллоҳ саҳобаларга: “Мен сизларга Лайлатул Қадр бўладиган кунни айтмоқчи бўлиб чиққан эдим, бироқ йўлда фалончи билан пистончининг жанжаллашаётганини кўриб, ёдимдан кўтарилиб кетди. Қадр кечасини Рамазоннинг йигирма тўққиз ёки йигирма етти ёки  йигирма бешинчи кунларида кутинглар”!-дедилар.

Демак, Рамазон ойининг ҳар бир кунини ғанимат билиш, уни тоат-ибодат, кишиларга яхшилик қилиш, мурувватли бўлиш, хайрли ва савобли ишларни амалга ошириш, рўзадорларга ифторлик бериш каби солиҳ амаллар билан бирга, унинг охирги ўн кунлигида тоат-ибодат қилишга қаттиқ киришиш ҳам лозим бўлади.

Бу ҳақда жаноби Расулуллоҳ (сав) дедилар. Оиша онамиз (рз.) ривоят қиладилар. “Расулуллоҳ (сав) Рамазоннинг охирги ўн кунлиги келса, кечалари ухламас эдилар ва уйдагиларни ҳам ибодат қилишга уйғотар эдилар” – дедилар.

Рамазон ойи кечаларида жамоат билан ўқилган таровеҳ намозлари фазилати ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар нақл этилган. Абу Ҳурайра (р.з.) ривоят қиладилар: Расулуллоҳ (с.а.в): “Рамазон кечасининг фазилатига ишониб ва савобидан умид қилиб (таровиҳ ўқишга) турган кишининг илгари қилган барча гуноҳлари мағфират қилинади” – деганлар.

Ибн Шиҳоб (р.з.) ривоят қилган бошқа бир ҳадисда эса бундай дейилади: “Расулуллоҳ (сав) вафот қилгунларича ҳам, Абу Бакр (рз.) халифалик даврларида ҳам, Умар ибн Хаттоб (рз.) халифалик қилган дастлабки йилларда ҳам кечаси туриб таровиҳ ўқиш тартиби ўзгармади”.

Аллоҳ таборака ва таоло Рамазон ойида холис ниятлар билан тутаётган рўзаларимизни, кечалари қоим туриб адо этаётган таровеҳ намозларимизни ва хатму Қуръонларимизни Ўзининг лутфу карами ила қабул қилишини, барча мўмин ва мўминаларни мағфират айлаб, жойларини жаннатда қилишини сўраб дуолар қиламиз. Зеро, фақат унинг Ўзигина ижобат қилувчи ва гуноҳларни мағфират қилувчи зотдир.

 

 

86533 марта ўқилди

Янгиликлар

Top