Кеча, 22 октябрь куни Малайзиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Хенди Ассан Ўзбекистон мусулмонлари идорасига келди. Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари элчи билан мулоқот ўтказдилар. Учрашувда муфтий ҳазратлари Хенди Ассанни элчи этиб тайинлангани билан қутлаб, диний идора фаолияти, диний ибодатларни эмин-эркин ва тинчлик-осойишталикда адо этиб келинаётгани, муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан жуда катта ишлар қилингани ҳақида гапириб бердилар.
Мулоқот давомида муфтий ҳазратлари бир тарихий воқеани шундай ҳикоя қилиб бердилар:
– Мен Самарқанд вилоятидаги Имом Бухорий масжидида имом-хатиб бўлиб 30 йил ишладим. Кўп давлат раҳбарлари билан учрашдим. Айниқса, 1987 йилда Малайзия бош вазири Муҳаммад Мухатир жаноблари билан бўлиб ўтган учрашув ҳамон ёдимда. У кишининг олийжаноблиги, оқил ва доно сиёсатчи экани менда жуда катта таассурот қолдирган. Шундан менда Малайзия халқига меҳр уйғонган.
Малайзия элчиси Хенди Ассан шундай сўзларни баён қилди:
– Ўзбекистон билан Малайзия давлатларини бир-бирига боғлайдиган жуда кўп ришталар бор, айниқса, Имом Бухорий номини эшитганда, бутун Малайзия халқи қувонади. Муфтий ҳазрат сиз эслаб ўтган Малайзия бош вазири Муҳаммад Мухатир жаноблари эса Ўзбекистон ва Малайзия давлатлари ўртасидаги алоқаларни ўрнатган биринчи дипломат ҳисобланади.
Ўзбекистон ҳукумати томонидан Малайзияга нисбатан визасиз тартиб жорий этилганидан кейин сайёҳлар сони ортди. Бу заминнинг зиёрат туризми борасидаги салоҳияти жуда катта. Шу йил октябрь-ноябрь ойларида Малайзиянинг Салава штати муфтийси Ўзбекистонга келиши режалаштирилган. Ислом уламолари ўртасидаги мана шундай ташрифларнинг кўпайиши жуда яхши натижаларни беради.
Учрашув дўстона ва самимий руҳда ўтди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати