Ўзбекистон янгиликлари

“Меҳр-мурувват карвони” йўлга чиқди

Ислом – меҳр-мурувват ва саховат дини. Инсонларга моддий кўмак бериш, уларнинг оғирини енгил қилиш, қалбларига хурсандчилик киритишга дини мубинимизда тарғиб этилади. Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Модомики бир банда ўз биродарига ёрдам беришга уринар экан, Аллоҳ таоло ўша бандасига ёрдам беради”, деганлар.
Муҳтарам Юртбошимиз ташаббуслари билан ташкил этилган “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан халқимизнинг оғирини енгил қилиш, муаммоларини бироз бўлсада аритиш, дилларига хушнудлик олиб кириш мақсадида кўплаб хайрия ишлари олиб борилмоқда. Шу мақсад доирасида меҳрибонлик, саховат ва нуронийлар уйлари, шифохоналар, беморлар, мактаб-интернатлари, моддий етишмовчилиги бор хонадонлар, боқувчисини йўқотган оилаларга беғараз ёрдамлар кўрсатиб келинмоқда.
Ана шундай хайрия ишларнинг давоми сифатида “Вақф” хайрия жамоат фонди ўзнинг янги “Меҳр-мурувват карвони” номли республикамиз бўйлаб хайрия тадбири бошлади.
Кеча автомашинага ортилган озиқ овқат маҳсулотлари, кийим-кечаклар, ногиронлик аравачалари ва диний-маърифий адабиётлар Қорақалпоғистон ва Хоразм вилояти томон йўлга тушди. Ушбу мурувват туҳфалари орасида “Тафсири Ирфон”, “Ҳазрати Қусам ибн Аббос”, “Ўзбекистон уламолари” сингари диний-маърифий китоблар, спорт кийимлари, ногиронлик аравачалари ҳамда шакар ва ўсимлик ёғ кабиларнинг бўлиши ўксик қалбларга қувонч улашади, албатта.
Ҳафта охирига қадар мана шундай хайриялар юзлаб меҳрга ташна оилаларга тақдим этилади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2793 марта ўқилди

Янгиликлар

Top