Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистонда Россияда меҳнат қилиш учун патент бериш маркази очилади

Ўзбекистонда Россиянинг кўп тармоқли миграция маркази ташкил қилиниши кутилмоқда. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Марказда Ўзбекистон Республикаси фуқароларига Россия Федерациясида меҳнат қилишга патент берилади.

Ўзбекистон фуқароларига патент бериш ташаббусини 2018 йил 30 октябрь куни Москвада Ўзбекистон бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Муҳиддинов ва Россия меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазирининг ўринбосари Алексей Черкасов муҳокама қилган.

Томонлар эришилган келишувлар бўйича 2018 йил 20 декабрда Тошкентда ишчи гуруҳнинг илк йиғилишини ўтказишга келишиб олишган.

Бундан ташқари, учрашувда Ўзбекистон аҳоли бандлиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш илмий маркази, Россия меҳнат вазирлиги Бутунроссия илмий тадқиқот институти ва Иқтисодиёт олий мактаби ўртасида фуқароларнинг иш стажини ҳисобга олиш ва пенсия ҳуқуқлари бўйича ҳамкорлик битими лойиҳаси, шунингдек икки давлат пенсия жамғармаси ўртасидаги электрон база маълумотларини алмашиш масалалари муҳокама қилинган.

ЎМИ Матбуот хизмати

2398 марта ўқилди

Янгиликлар

Top