Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазрат таълим-тарбия масканига ташриф буюрди

Куни кеча, 19 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот туманида жойлашган Қорақалпоғистон шаҳарчасига ташриф буюрдилар. Сафар давомида муфтий ҳазратлари мактабгача таълим муассасалари, ўқув юртлари, оилавий поликлиникалар ва ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан яқиндан танишдилар.

Қўнғирот туманида “Обод қишлоқ” дастури доирасида жуда кўп бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилганига гувоҳ бўлинди. Айниқса, “Орзулар ороли” номли мактабгача таълим муассасаси фаолияти билан яқиндан танишиш жараёнида бу жиҳатга яна бир бор амин бўлинди. Муфтий ҳазратлари давлатимиз Раҳбарининг мактабгача таълим тизимини ривожлантиришга қаратаётган алоҳида эътиборлари натижасида Қорақалпоғистонда ҳам замонавий болалар боғчалари бунёд этилаётганини алоҳида қайд этдилар.

Мазкур тумандаги “Орзулар ороли” номли мактабгача таълим муассасаси замонавий шаклда барпо этилган. Болаларни қизиқтирадиган, дунёқарашларини бойитадиган ўқув предметлари ва ўйинчоқлар билан жиҳозланган. Болаларнинг яхши таълим-тарбия олиши, тўғри овқатланиши, жисмоний машғулотлар билан шуғулланиши, мароқли дам олиши учун барча шароитлар яратилгани барчанинг ҳавасини келтирди.

Муборак динимизда ёшлар таълим-тарбиясига алоҳида аҳамият қаратилиши ҳам бежиз эмас, албатта. Зеро, Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Кишининг ўз фарзандини чиройли одоб-ахлоқ билан тарбиялаши кўп миқдорда қилган нафл садақасидан яхшироқдир” ва “Болаларингизга одоб беринглар ва одобларини чиройли қилинглар”, деган ҳадисларида ҳам жуда кўп ҳикматлар мужассамдир.

Ташриф давомида муфтий ҳазратлари ушбу шаҳарчада истиқомат қилувчи Есенбай ота Наврўзов, Ажибаев Жоламан, Мамутов Муҳаммадали каби фуқароларнинг хоноданларига ташриф буюриб, улар билан самимий суҳбат қилиб, дуои хайрлар қилдилар.

Шаҳарчадаги “Маданият саройи”да муфтий ҳазратлари маҳаллий аҳоли ва нуронийлар билан учрашди. Муфтий ҳазратлари халқимиз тинчлиги бебаҳо неъмат экани, динимиз софлигини асраш ҳамда турли бидъат ва хурофатларни бартараф этиш ҳақида сўзладилар. Фуқаролар ўзларининг қизиқтирган саволларига батафсил жавоб олдилар.

Қорақалпоғистон мусулмонлар қозиёти қозиси Шамсуддин Бауатдинов ва жойлардаги мутасадди кишилар сафар давомида муфтий ҳазратларига ҳамроҳлик қилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикасига сафар давом этмоқда.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2371 марта ўқилди

Янгиликлар

Top