Ўзбекистон янгиликлари

Ҳадис илми мактабига қабул имтиҳонлари бошланди.

Бугун, 22 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Ҳадис илми мактабига ҳужжат топширган абитуриентлар учун “Ҳадис ва мусталаҳул ҳадис”ва “Араб тили” фанлари бўйича ижодий имтиҳонлар бошланди.

Қабул имтиҳони жараёнлари Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти биносида ўтказилмоқда.

Имтиҳонлар бошланишидан олдин Қуръон тиловати ва дуо-и хайрлар қилинди. Сўнгра Ҳадис илми мактаби ректори Олимхон Юсупов кириш сўзи билан бошлаб, мактабнинг Президентимиз ташаббуслари билан ташкил этилгани, Ҳадис мактабининг мақсад ва вазифалари, талабаларга қўйилаётган юқори даражадаги талаблар ҳақида тушунтириб берди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мудири Салоҳиддин Шерҳонов Муфтий ҳазратларининг табрикларини абитуриентларга етказиб, қабул имтиҳонларининг тартиб-қоидаларини тушунтириб берди.

Шундан сўнг, Ўзбекистон мусулмонлари идораси қабул ҳайъати томонидан тайёрланган, махсус қопларлардаги имтиҳон материаллари абитуриентлар ва ота-оналар гувоҳлигида очилди.

Ижодий имтиҳонларга Ўзбекистон ҳалқаро ислом академияси ва Тошкент ислом институтининг тажрибали педагог-ўқитувчилари жалб қилинди.

Абитуриентларни саралаб олишда араб тилини пухта ўзлаштирган, ҳадисларни ёд олишга қобилияти бўлган, Қуръони каримни ёд олганлик каби мезонларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Қабул жараёнлари учун Тошкент ислом институтида абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари учун барча шарт-шароитлар яратилган.

Эслатиб ўтамиз, Ҳадис илми мактабига абитуриентларни қабул қилиш бўйича тест синовлари жорий йилнинг 23 ноябрь куни Тошкент ислом институти биносида ўтказилади.

ЎМИ Матбуот хизмати

 

2707 марта ўқилди

Янгиликлар

Top