Ўзбекистон янгиликлари

Шайх ҳазратларининг асарлари Россияда тасдиқланган исломий адабиётлар рўйхатига киритилди

Гап шундаки, бу рўйхат Россия Федерациясидаги жазони ижро этиш муассасалари маҳкумлари учун тузилган янги исломий адабиётлар рўйхати ҳисобланади. Татаристоннинг Булғор шаҳрида Россия Жазони ижро этиш федерал хизмати (ЖИФХ) қошида марказлашган мусулмон ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш бўйича ишчи гуруҳининг йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда жазони ижро этиш тизими муассасалари кутубхоналари фондини тўлдириш учун исломий адабиёт рўйхати тасдиқланди. Тасдиқланган китоблар рўйхатидан Қуръони каримнинг маънолари таржималари, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёт фаолиятлари, аҳли суннатнинг мазҳаблари, ислом фиқҳи каби исломий адабиётлар ўрин олган. Шунингдек, рўйхатдан мумтоз ва замонавий ёзувчиларнинг машҳур диний-маърифий асарлари, диний қарашлари замонавий талқинда акс эттирилган бадиий адабиётлар ҳам жой олган.

Маълум бўлишича, ишчи гуруҳи томонидан адабиётлар рўйхати уч қисмга бўлинган. Биринчи қисмга тегишли китоблар жазони ижро этиш муассасасининг ибодат қиладиган хонасида туради. Иккинчи қисмга тегишли китоблар эса муассасанинг кутубхонаси фондида туради ва маҳбуслар уларни буюртма бериш орқали олиб ўқишлари мумкин. Учинчи қисмга тегишли бўлган махсус китобларни имом-домлалар ўзлари билан муассасага олиб келадилар. Адабиётлар рўйхатига жами 150 та янги китоб киритилган бўлиб, шу тариқа маҳбусларга диний мавзуда қизиқарли ҳар қандай адабиётдан кенг фойдаланиш имконияти яратилмоқда.

Ўтган давр мобайнида “Ал-Васатия – мувозанат” маркази томонидан РФ жазони ижро этиш муассасалари учун кўплаб исломий адабиётлар тайёрланиб, етказиб берилган. Жумладан, 42 та мусулмон муаллифларининг асарлари катта ададларда нашр этилиб ЖИМга бепул тарқатилган.

Муҳим жиҳати шундан иборатки, Россия Федерацияси жазони ижро этиш муассасаларида туриши зарур бўлган китоблар қаторидан, айнан мана шу “Ал-Васатия – мувозанат” маркази тавсиясига кўра, марҳум устозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг учта китоблари ҳам ўрин олган. Булар “Васатыя – путь жизни”, “Ислам, Иман, Коран” ва “Разногласия: причины и решения” китобларидир. Бу китоблар жазони ижро этиш муассасидаги ибодат қилиш хоналарида туриши керак бўлган биринчи қисм китоблар рўйхатига киритилди. Бу рўйхатдан жами 24 та китоб ўрин олган.

Шунингдек, Марказ томонидан Шайх ҳазратнинг «Открытое послание», «Религия – насиха», «Хадисы и жизнь, 1 том», «Счастливая семья» номли китоблари ҳам жазони ижро этиш муассасалари кутубхонаси фондларида сақланишига тавсия қилинган. “Ал-Васатия – мувозанат” марказининг кўрсатмасига биноан, бу китоблар барчага тушунарли, равон тилда ёзилган бўлиб, имом-домлаларнинг изоҳлаб беришларига ҳожат йўқ.

IslamNews хабарига кўра, ушбу федерал хизмат қошидаги ишчи гуруҳ озодликдан маҳрум этиш жойларида ўтказиладиган диний-маърифий тадбирларнинг мониторингини олиб бориш, қамоқхоналардаги имомларнинг фаолиятига кўмаклашиш, муассаса ходимларининг малакасини оширишда иштирок этишади. Ишчи гуруҳ доимий асосда иш олиб бориб ҳар чоракда ҳисоботлар тақдим этиб турилади. Тингловчиларни ислом тарихи, мусулмон маданияти ва ислом ахлоқи билан таништиришади.

 

Islоm.uz портали таҳририяти

2462 марта ўқилди

Янгиликлар

Top