Ўзбекистон янгиликлари

Саудия Арабистони делегациясига Ўзбекистоннинг зиёрат туризми имкониятлари тақдим этилди

Мамлакатимизга ташриф буюрган Саудия Арабистони Қироллиги Савдо-саноат палатаси кенгаши раиси Сами бин Абдуллоҳ ал-Убайдий бошчилигида делегация билан Ўзбекистон Республикаси Давлат туризм қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари вазифасини бажарувчи У.Қосимхўжаев учрашув ўтказди.
Давлат туризм қўмитаси матбуот хизматига кўра, учрашув давомида мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳияти тўғрисида роликлар намойиш этилди. Хусусан эркин иқтисодий ҳудудлар, туристик ҳудудлар ва зиёрат туризмини ривожлантириш имкониятлари ҳақида ахборотлар тақдим этилди.
Саудия томони Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти ва ҳамкорлик учун имкониятларни юқори баҳолашди.
– Саудия Арабистонининг 2030 йилгача белгиланган режалари мамлакатга инвестицияларни жалб қилиш билан бирга чет давлатларига сармояларни йўналтиришни ҳам ўз ичига олган, – деди Сами бин Абдуллоҳ ал-Убайдий. – Ўйлайманки, мамлакатларимиз ишбилармон доиралари ўртасидаги учрашувлар, музокаралар Саудия Арабистонининг Ўзбекистонга инвестиция киритишини енгиллаштиришга хизмат қилади.
ЎзА билдиришича, Саудия Арабистони делегацияси таркибида озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик саноати, минерал ресурслар, қурилиш, электроника каби соҳаларда фаолият олиб борувчи 20 дан зиёд компания вакиллари ўрин олган. Саудия Арабистони Қироллиги Савдо-саноат палатаси вакиллари азим пойтахтимизнинг диққатга сазовор жойларини, хусусан, "Ҳазрати Имом" мажмуасини зиёрат қилдилар. Меҳмонлар мажмуадаги тарихий обидалар, мақбаралар ва "Ҳазрати Усмон Мусҳафи" тарихи билан таншидилар.


Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати

2355 марта ўқилди

Янгиликлар

Top