Ўзбекистон янгиликлари

Нургоҳо Сукамдани: “Асосий мақсад фойда олиш эмас, Аллоҳ ризолигини топиш”

Куни кеча, 18 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари мамлакатимизга ташриф буюрган Индонезиянинг “Саҳид” номли вақф фонди раҳбари Нургоҳо Сукамданини қабул қилдилар. Меҳмонга Индонезиядаги “Истиқлол” музейи масъул ходими жаноб Сайфуддин ва диний таълим муассасалари мажмуаси раҳбари Анда Хоним ҳамроҳлик қилди.
Муфтий ҳазратлари Ўзбекистонда дин соҳасида амалга оширилаётган ишлар, муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан Ўзбекистонда Ислом цивилизацияси маркази, Халқаро ислом академияси, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот марказлари ташкил этилаётгани, ихтисослашган илмий мактаблар ўз фаолиятини бошлагани ҳақида сўзлаб берди. Яқинда ташкил этилган Ҳадис илми мактаби ҳақида батафсил баён қилдилар. Шунингдек, муфтий ҳазрат ўз сўзларида зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича қилинаётган саъй-ҳаракатлар тўғрисида алоҳида тўхталиб, индонезияликларни руҳий озуқа оладиган ва инсон қалби ором топиб, маънавий юксалишига хизмат қиладиган табаррук қадамжоларимизни зиёрат қилишга таклиф этди.
Мулоқотда муфтий ҳазратлари сўз олиб, Ўзбекистон ва Индонезия ўртасидаги ҳамкорлик кўп йиллардан давом этиб келаётганини билдирдилар. Индонезия давлатининг собиқ президенти жаноб Сухарто 1989-1996 йиллар оралиғида бир неча бор юртимизга ташриф буюргани, хусусан, Самарқанд вилоятига сафарини Имом Бухорий ҳоки поки қўним топган масканга юксак эҳтиром кўрсатиш билан бошлаганини муфтий ҳазратлари алоҳида эҳтимом билан эсга олдилар.
Нургоҳо Сукамдани жаноблари фонди томонидан Ўзбекистонда қурилаётган меҳмонхоналар, зиёрат туризмини ривожлантириш, ҳалол стандартлаш, диний таълим муассасалари талабаларини ўқитиш борасида ҳамкорлик қилиш ва “Истиқлол” музейида Ўзбекистон павилионини ташкил этиш таклифларини билдирди. Шунингдек, Ўзбекистондаги диний таълим бериш тизимига алоҳида қизиқиш билдирди. Нургоҳо Сукамдани жаноблари мана шундай ишларни амалга оширишдан асосий мақсад фойда олиш эмас, Аллоҳ ризолигини топиш эканини билдирди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2837 марта ўқилди

Янгиликлар

Top