Ўзбекистон янгиликлари

Шавкат Мирзиёев Туркияда «Йилнинг хорижий давлат арбоби» деб топилди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Туркиянинг Turсomoney молиявий-иқтисодий журналининг йиллик рейтингида “Йилнинг хорижий давлат арбоби” деб топилди. Бу ҳақда Истанбулда ҳукумат, парламент, жамоатчилик ва ишбилармон доиралар вакиллари иштирокида ўтказилган тантанали маросимда эълон қилинди.

Мазкур рейтинг икки асосий — “Йилнинг хорижий давлат арбоби” ва “Туркиянинг атоқли давлат арбоби” — номинация ва 6 та йўналиш бўйича белгиланади. Коллегиал комиссия ва жюри қарори Туркия ҳамда чет эл сиёсатчилари, бизнес вакиллари фаолиятини ўрганиш ва таҳлил қилиш асосида қабул қилинади. Жюри таркибига журнал экспертлари, Туркия ҳукумати ва парламенти аъзолари, мамлакат минтақалари вакиллари киради.

Хабар беришларича, Ўзбекистон давлат раҳбарининг ташқи дунё, хусусан, Туркия ва Марказий Осиё давлатлари билан сиёсий-иқтисодий алоқалар ва ўзаро ҳамкорлик мустаҳкамланишига қўшган салмоқли ҳиссаси эътироф этилган. Туркиянинг собиқ бош вазири, ҳозирда парламент спикери Бинали Йилдирим рейтингдаги иккинчи асосий номинация ғолиби бўлди.

Шавкат Мирзиёев аввалроқ Осиё журналистлари уюшмаси томонидан сиёсат йўналиши бўйича “Осиёда йил одами” деб топилган эди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2408 марта ўқилди

Янгиликлар

Top