Ўзбекистон янгиликлари

Жумадан жумагача

Ассалому алайкум! Бугун декабрь ойининг 28, ҳафтанинг эса муборак жума куни.

Ҳафта давомидаги янгиликлар билан Жумадан жумагача рукни орқали ҳабардор бўлинг!

Президентимиз Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Жорий йилнинг 21 декабр куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ислом цивилизацияси маркази қурилиш жараёни билан танишиш мақсадида қурилиш майдонига ташриф буюрди. Айни пайтда марказ қурилиши жадал олиб борилмоқда. Бош пудратчиси “12-трест” акциядорлик жамияти бўлган иншоот пойдевори қуйилиб, девор кўтарилмоқда. Қурилиш ишлари 3 сменада ташкил этилган, ишчи-муҳандисларга зарур шароитлар яратилган. Қурилиш ишларини кўздан кечириш давомида Президентимиз кўргазмалар залида Ўзбекистон тарихи даврлар бўйича, ҳар бир аср, ҳар бир алломага оид манбалар ва ашёлар асосида намойиш этилиши зарурлигини таъкидлади. “Ҳамма ўз тарихини улуғлайди. Лекин бизнинг мамлакатимиздагидек бой тарих, боболаримиздек буюк алломалар ҳеч қаерда йўқ. Бу меросни чуқур ўрганишимиз, халқимизга, дунёга етказа билишимиз керак. Бу марказга келган одам тарихимиз ҳақида тўла тасаввурга эга бўлиши, катта маънавият олиб кетиши зарур”, – деди Шавкат Мирзиёев. Давлатимиз раҳбари марказни пардозлаш ва жиҳозлашни такомиллаштириш бўйича кўрсатмалар берди. 

Пойтахтда яна бир жоме пойдеворига ғишт қўйилди

Аллоҳ таолога шукрки, юртимизда янги масжидларни бунёд этиш, мавжудларини замонавий шаклда қайта барпо қилиш ишлари давом этмокда. Тошкент шаҳри Уч тепа тумани “Мирбобо ота” жоме масжидининг янги биноси замонавийлик ва миллийликни инобатга олган ҳолда янги лойиҳа асосида қайтадан қуриш ишлари бошлаб юборилди. 21 декабр куни бўлиб ўтган хайрли тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари иштирок этиб, масжид биносининг биринчи ғиштини яхши тилак ва хайрли дуолари ила қўйиб бердилар.  

Марказий Осиёнинг энг йирик масжиди 2019 йилда очилади

2019 йилда Тожикистон Республикасининг Душанбе шаҳрида Марказий Осиёдаги энг йирик масжид намозхонлар учун ўз эшикларини очади. Ҳозирги вақтда қурилиш ишларининг 70 фоизи бажарилган. Ушбу масжидда қурилиш якунлангач бир вақтнинг ўзида 120 минг намозхон ибодатни амалга ошириши мумкин. ушбу мажмуа  4 та ҳар бири 75 метрлик минорага эга бўлади. Мажмуада кутубхона, музей, анжуманлар хонаси ва йиғилиш, маъруза ва меҳмонларни қабул қилиш учун жой ажратилади. 

Ўзбекистон Президенти Индонезия халқига ҳамдардлик билдирди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Индонезия қирғоқларида юз берган кучли цунами оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлгани муносабати билан мамлакат Президенти Жоко Видодога ва Индонезия халқига чуқур ҳамдардлик билдирди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Матбуот хизмати хабар берди. 

Истамбулда Евроосиё Фатво кенгашининг III-йиғилиши бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 21-22 декабрь кунлари Туркия Республикасининг Истанбул шаҳрида Евросиё Фатво кенгашининг III-йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилиш “Замонавий даврда фатво мавзусида дуч келинаётган муаммолар ҳамда долзарб иқтисодий масалалар” мавзуси остида бўлди. Мазкур йиғилишда Европа, Россия, Кавказ, Марказий Осиё, Афғонистон каби бир қатор давлатлардан Фатво масалалари бўйича мутасадди уламолар иштирок этишди. Ўзбекистондан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими мудири Ҳомиджон Ишматбеков қатнашди. Эслатиб ўтамиз, Евроосиё фатво кенгаши 2016 йилнинг октябрь ойида Евроосиё Ислом кенгашининг IX-йиғилишида таъсис этилган. Унинг асосий вазифаси евроосиё ҳудудида истиқомат қилаётган мусулмонларнинг ҳаётида учраётган диний масалаларни ҳамкорликда ҳал этишдан иборатдир. 

Жидда шаҳрида халқаро китоб кўргазмаси

26 декабрь куни Жидда шаҳрида 4-халқаро китоб кўргазмаси ўз ишини бошлайди. Мазкур кўргазмада 40 та давлатдан 400 га яқин нашриёт томонидан тайёрланган 180000 мавзудаги илмий-маърифий нашрлар намойиш қилинади. 2019 йилнинг 15 январига қадар давом этадиган 4-халқаро Жидда китоб кўргазмасида ҳар куни 50000 га яқин зиёратчининг ташрифи режалаштирилмоқда. Мазкур халқаро 4-Жидда китоб кўргазмаси фаолияти мобайнида 50 дан ортиқ маданий суҳбатлар, 60 га яқин амалий санъат, фотолавҳалар ва араб хатлари намуналари намойиш қилинади, оила, болалар ва одоб-ахлоққа доир 55 та ҳужжатли филм тақдим этилади. 

"Вақф" фонди кўмагида масжид қурилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5416 сон Фармонига асосан масжидлар ва диний таълим муассасаларининг биноларини қуриш, таъмирлаш, реконструкция қилиш, ободонлаштириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш"Вақф" фонди томонидан амалга ошириб келинмоқда. ана шундай ҳайрли ишлардан бири сифатида Тошкент вилояти Бўка туманидаги "Равот" масжидини таъкидлаш мумкин. мазкур масжид"Вақф" хайрия жамоат фонди кўмагида қурилмоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан "Кимики масжидга битта ғишт қўйса, Аллоҳ унга жаннатдан бир қаср ваъда қилган" деган ҳадис ривоят қилинган. Азиз ҳайру саховат эгалари ушбу ажру савоби улкан бўлган хайрли ишга сиз ҳам ўз ҳиссангизни қўшинг! 

«Мурувват карвони» хайрия тадбири Зангиота зиёратгоҳида ўтказилди

21 декабрь куни «Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан “Мурувват карвони” хайрия тадбирининг навбатдаги моддий ёрдамлари Тошкент вилоятига етказилди. Хайрия маросими Зангиота туманидаги "Зангиота" зиёратгоҳида бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари иштирок этди. тадбирда кам таъминланган оилаларга зарурий буюмлар, озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечаклар тарқатилди. Бундан ташқари масжидларга диний-маърифий мавзудаги китоблар, аудиокитоблар ҳам топширилди. Шунингдек, ногиронлиги бўлган 20 нафар фуқарога ногиронлик аравачалари тақдим қилинди. Эслатиб ўтамиз “Вақф” фонди хайру эҳсонингизни ўз эгаларига етказишда очиқлик ва холисликни кафолатлайди, маблағларни шаффофлик асосида ҳақдорларга етказилаётганини vaqf.uz сайти орқали кузатиб боринг.

 

 

Унутманг муслим.уз жамоаси сизни комиллик сари етаклайди.

Биз сиз учун ижод қиламиз.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

2649 марта ўқилди

Янгиликлар

Top