Ўзбекистон янгиликлари

Саудиянинг “Қуръон ва суннатни улуғлаш” вақф фонди Ўзбекистондаги ислоҳотларни эътироф этди

Бугун, 7 январь куни “Вақф” хайрия жамоат фонди раҳбари Искандар Халилов Саудия Арабистони Мадина шаҳридаги Ислом тарихида биринчи қурилган “Қубо” масжиди имоми Шайх Имод Бин Зоҳир ҳазратлари билан мулоқот қилди. Шайх Имод Бин Зоҳир айни вақтда Мадина шаҳридаги “Қуръон ва суннатни улуғлаш” вақф фонди раҳбари ҳисобланади. Шайхга “Вақф” хайрия жамоат фондининг ўтган қисқа даврдаги хайрия ишлари ва истиқболдаги лойиҳалари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Шундан сўнг Шайх Имод Бин Зоҳир ҳазратларига Фонд фаолиятига бағишланган видеолавҳа намойиш этилди. Шунда шайх: – Мен бу лавҳани кўриб ҳайратдаман. Фонднинг хайрия ишларидан яхши хабардор бўлдим. Биз ҳам ёрдамга муҳтож кишиларга кўмак беришимиз зарур экан. Ўзбекистонда бундай улуғ ишларни бўлаётганидан жуда ҳам мамнунмиз”, - деб ўз таассуротларини билдирди.

Шайх Имод Бин Зоҳир ҳазратлари дунёнинг 36 мамлакатига интернет ва телевидения орқали Қуръони карим ва тажвид бўйича дарс бериши, машҳур қориларни дунёга намойиш этишини билдириб, ўзбекистонлик Қуръон ҳофизларининг қироатларини бутун оламга намойиш қилишдан бахтиёр бўлишларини изҳор қилди.

Шайхга Ўзбекистондаги ижобий ўзгаришлар ва хайрли ишлар, айниқса, кенг кўламдаги Қуръон мусобақаси, Ҳадис беллашуви ва Самарқанддаги Имом Бухорий зиёратгоҳи яқинида муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан ташкил этилган олий диний таълим муассасаси – Ҳадис илми мактаби ҳақида сўзлаб берилганда, Имод Бин Зоҳир ҳазратлари, албатта, Имом Бухорий диёрига боришини билдирди.
Сафар давом этмоқда.

 

“Вақф” хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати

2449 марта ўқилди

Янгиликлар

Top