Ўзбекистон янгиликлари

Шавкат Мирзиёев ўзаро ҳамоҳанг икки илм масканини кўздан кечирди

Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида дастлаб Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилди. Қуръон тиловат қилинди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди.

Маълумки, 2016 йили Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессияси очилиш маросимида Шавкат Мирзиёев Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси ёнида илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш таклифи билан чиққан эди. Кейинчалик Президентимиз ушбу марказ лойиҳаси ва қурилиши билан бир неча бор танишди. Унинг мазмун-моҳияти, ҳатто, рангининг қандай бўлишигача белгилаб берди. Бугунги кунда қурилиш ва пардозлаш ишлари ниҳоясига етказилди.

Давлатимиз раҳбари ушбу марказда яратилган шароитларни кўздан кечирди.

Марказ Имом Бухорий ва бошқа мутафаккир алломаларимизнинг бебаҳо илмий-маънавий меросини ўрганиш, улар яратган асарларнинг илмий-изоҳли таржима ва қиёсий матнларини нашр этиш, мамлакатимиз ва хорижий давлатлардаги кутубхоналар, архив фондларида сақланаётган қўлёзмаларнинг электрон нусхаларини тўплаш, уларни халқимиз ва жаҳон жамоатчилигига етказиш билан шуғулланади. Бу ерда аждодларимизнинг бой меросини алоҳида-алоҳида ўрганиш, етук мутахассислар тайёрлаш учун барча керакли шароитлар яратилган.

Марказнинг биринчи қаватида музей ташкил этилган. Унда Имом Бухорийнинг ҳаёти, илмий сафарлари акс этган. Музей марказига «Саҳиҳи Бухорий» китобининг қадимий қўлёзма нусхаси қўйилган.

Музей билан танишар экан, Президентимиз бу жой зиёратчиларга Имом Бухорий ҳақида тасаввур, билим беришини таъкидлади.

- Дунё харитасида яна бир илмий марказ пайдо бўлди. Бу марказ мамлакатимизга илм, барака олиб келади. Ёшларимизга билим, куч беради. Бу ерда ўқиганлар, зиёратга келганлар катта маънавият, маърифат олади, - деди Шавкат Мирзиёев.

Марказ томонидан 2018 йилнинг ўтган даврида буюк алломаларимиз меросини ўрганиш, кенг тарғиб этиш, нуфузли халқаро марказлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилди.

Европа ва Шарқ мамлакатлари, дунёдаги етакчи ислом тадқиқот марказлари, университетлар билан алоқалар ўрнатилди. Жумладан, Буюк Британиянинг Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази, Кембриж университети, “Ал-Фурқон” фонди, Британия музейи, Франциянинг Араб дунёси институти, Франция миллий кутубхонаси ва бошқа илм-фан масканлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилди.

Марказ илмий ходимлари томонидан “Имом Бухорий таърифи”, “Алоуддин Усмандий Самарқандий ҳаёти ва илмий мероси”, “Лубобул ҳадис асари” каби 17 та китоб нашрга тайёрланди.

Хорижий мамлакатларнинг кутубхона фондларида сақланаётган 535 та қўлёзма ва тошбосма асарларнинг электрон нусхалари олинди. Марказда сақланаётган 1 168 та асарнинг каталоги тайёрланди.

Давлатимиз раҳбари қўлёзма китобларни авайлаб сақлаш, таржима қилиб, халққа етказиш бўйича кўрсатмалар берди.

Имом Бухорий илмий-тадқиқот марказига ҳамоҳанг яна бир олий диний таълим муассасаси - Ҳадис илми мактаби ҳам бунёд этилган. Шавкат Мирзиёев ушбу мактаб билан ҳам танишди.

Ҳадис илми мактабида ўқиш муддати беш йил бўлиб, кундузги таълим шаклида олиб борилмоқда. Мактабга араб тилини пухта ўзлаштирган, ҳадисларни ёд олишга салоҳияти бўлган ўрта махсус диний таълим муассасаларининг 10 нафар иқтидорли битирувчилари саралаб олинган.

Мактабда ҳадисшунослик фанлари билан бир қаторда Қуръони карим, фиқҳ, ақида, тафсир, ислом тарихи каби фанлар ҳамда хорижий тиллардан чуқур билим берилади.

Буюк аждодларимиз асос солган Ҳадис илми мактаби фаолиятини ташкил қилиш мамлакатимиз маънавий тараққиётининг бугунги босқичида муҳим аҳамият касб этади. Ташкил этилган муассаса ўз олдига ҳадис илмининг илмий-назарий асосларини чуқур ўрганиш, хорижий тилларни чуқур ўргатиш, «Устоз-шогирд» анъаналари асосидаги машғулотларни ташкил этиш, дунёвий давлатда диний қадриятларни асраб-авайлаш, ҳадис илми уламолари асарларининг илмий-изоҳли таржима ва қиёсий матнларини тайёрлаш, ўзбек ва хорижий тилларда нашр этиш, илмий семинарлар, конференциялар ташкил этиш, энг муҳими, «Жаҳолатга қарши – маърифат» шиори асосида муросасизлик, экстремизм ва терроризмнинг ҳар қандай кўринишларига илм-маърифат, юксак одоб-ахлоқ билан қарши туришдек катта вазифаларни қўйган.

Келажакда Ҳадис илми мактаби битирувчилари диний фанлар, хусусан, ҳадис илми соҳасида таълим бериб, диний ташкилотларда имом-хатиб, илмий ходим вазифаларида ишлаши, шунингдек, илмий-тадқиқот марказларида илмий ходим сифатида фаолият олиб бориши кўзда тутилган.

Битурувчилар таълимни ўз ихтисослигига кўра, Ўзбекистон Ислом академияси магистратурасида, таянч докторантура ва докторантура босқичларида давом эттиришлари мумкин.

Президентимиз мактабда ўқитиш услубларини такомиллаштириш, халқаро илмий марказлар билан ҳамкорликни ривожлантириш зарурлигини таъкидлади

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2533 марта ўқилди

Янгиликлар

Top