Куни кеча Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Хоразм вилояти сафари мобайнида Урганч шаҳридаги “Имом Фахриддин ар-Розий” ўрта махсус ислом билим юртида имом-хатиблар, устоз-мураббийлар ва талаба-ёшлар билан учрашув ўтказдилар.
Мулоқотда муфтий ҳазратлари муҳтарам Президентимиз томонларидан диний-маърифий соҳани такомиллаштириш, мўмин-мусулмонларнинг дарду ташвишларини енгиллатиш, диний саводхонлигини ошириш, имон-эътиқодини мустаҳкамлаш ва Ислом динининг эзгу таълимотларини кенг тарғиб этиш йўлидаги тарихий ишларни теран англаб, бунинг учун эртаю кеч, туну кун Ҳақ таолога шукрона келтириш, бундай кунларнинг қадрига етиш зарурлигини жонли мисоллар билан изоҳлаб бердилар.
Шунингдек, муфтий ҳазратлари ҳамжиҳатликда ҳикмат кўп эканини билдириб, диёримиздаги барча мўмин-мусулмонлар жипс бўлиб яшашлари Яратган Парвардигор неъматларига муносиб шукроналик бўлишини айтиб ўтдилар.
Учрашувда Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари Маҳмуджон Умрзоқов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Хоразм вилояти вакили Хайрулло Абдуллаев ва ишчи гуруҳ аъзолари иштирок этди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати