Ўзбекистон янгиликлари

Диний идора мутахассислари Туркияга жўнаб кетди

Сўнгги йилларда халқимизнинг қадимий тарихи ва бой маданиятини тиклаш, улуғ алломаларимизнинг илмий меросини асраб-авайлаш, ҳар томонлама чуқур ўрганиш ва уларнинг мазмун-моҳиятини ёш авлодга етказиш бўйича улкан ишлар амалга оширилмоқда.
Айни вақтда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар самарасини ошириш зарурати бу йўналишдаги ишларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришни талаб этмоқда. Бу борада жаҳон миқёсида ғоят ноёб ҳисобланган, Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган қўлёзмалар фондига эга бўлган Миср ва Туркия давлатларидаги йирик кутубхоналар, илмий тадқиқот марказлари ва музейларнинг тажрибаларини ўрганиш мақсадида, Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим мудирлари Муҳаммад Аюбхон Ҳомидов ва Камолиддин Маҳкамов ушбу мамлакатларга хизмат сафарларини бошладилар.
Маълумки, 2017 йили муҳтарам Президентимизнинг “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори эълон қилинган эди. Қарорга мувофиқ, турли давлатларда сақланаётган қадимий ноёб қўлёзмалар, чет эл фондларидаги мавжуд асарлар нусхаларини айирбошлаш ёки олиш ҳисобидан Ўзбекистондаги қўлёзма ва ёзма манбалар фондларини бойитиб бориш белгиланган. Шунингдек, Ўзбекистоннинг турли ташкилотларида сақланаётган араб ёзувидаги қўлёзма асарлар, тошбосма китоблар ва тарихий ҳужжатларнинг сақлаш ва таъмирлаш ҳолатини янада такомиллаштириш масалалари ҳам белгиланган.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон мусулмонлари идораси китоб фондида 3 минг жилдга яқин қўлёзма, 17 минг жилддан ортиқ тошбосма китоблар сақланади.

 


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2508 марта ўқилди

Янгиликлар

Top