Ўзбекистон янгиликлари

Ислом нури газетасининг 1-сони нашрдан чиқди

Бугунги кунда юртимизда юзлаб нашрлар миллионлаб ададда босилиб, ўқувчилар қўлига етиб бормоқда. Бундай нашрлар орасида “Ислом нури” газетасининг ўзига хос ўрни бор. Сабаби газетада босилган диний-маърифий мавзудаги мақолалар юртимиз мусулмонларининг кўнглидан жой олиб улгурган.

2019 йилда янги шаклда чоп этилган ҳамда материаллари устида тинмай ишланган газета муштарийлар томон йўлга чиқди.

Газетамизнинг жорий йилдаги илк сонида қуйидаги мавзулардаги мақолалар билан танишишингиз мумкин:

Юртдошларимиз вақф ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлиш учун таҳририятимизга: “Вақф нима?”, “Қандай мулк вақф ҳисобланади?”, “Вақф молидан кимлар фойдаланиши мумкин?”, деган саволлар билан мурожаат қилишмоқда. Кўпсонли мухлисларнинг талаб ва истакларини инобатга олиб, “Вақф нима?” номли мақолани эътиборингизга ҳавола этамиз.

Газетамизда “Мусулмон одоби” номли рукн кўпчилик учун фойдали бўлиши турган гап. Ушбу рукн остида “Энг енгил садақа” мақоласидан баҳраманд бўлинг.

Муҳаммад ибн Сулаймон Тамимий ҳақидаги «Куёв жаноблари» номли мақолани ўқиб, ўзингиз баҳо берасиз деган умиддамиз.

Ҳаёт чорраҳаларида рукни остидаги “Онаизор мактуби” номли мақолани ўқиб кўнглингизда онангизга бўлган муҳаббатингиз янада ошади. Ушбу ҳикояни ўқиб кўнглингиз юмшаши, ҳаттоки кўз ёшларингизни ушлаб қололмаслингиз ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас.

Бундан ташқари, газетамизнинг илк сонида “Оғиздаги тош”, “Кўзгудаги биз”, “Виждон азобида қолмайлик…”, “Анор” сингари мақолаларни ўқишингиз мумкин.

Ҳурматли муштарийлар, “Ислом нури” газетасига obuna.hidoyat.uz сайти, “Ўзбекистон почтаси”нинг ҳудудий бўлималари ёки ўзингизга яқин бўлган масжидларда обуна бўлишингиз мумкин.

2906 марта ўқилди

Янгиликлар

Top