Юртимизда имконияти чекланган шахслар учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида, кўплаб амалий ишлар олиб борилмоқда. Шундай лойиҳалардан бири "Вақф" хайрия жамоат фонди томонидан амалга оширилаётган "Сурдо-онлайн" лойиҳасидир.
Ўзбекистоннинг учта масжидида имконияти чекланган фуқаролар, эшитиш ва нутқ аъзоларида нуқсони бор кишилар учун жума маърузаси сурдо таржимони воситасида масжидда тўғридан-тўғри кўрсатилиши йўлга қўйилди. Жума намозига келган имконияти чекланган фуқаролар ўзлари учун белгиланган жойда мониторларда имом-хатибни ва унинг ёнида эса сурдо таржимон ҳаракатларини кузатиб бориш имконига эга бўлдилар.
Ушбу хайрли ишларни янада кенг кўламда олиб бориш мақсадида, февраль ойида ҳам бир қатор масжидларга сурдо онлайн дастури доирасида махсус воситалар ўрнатилиши режалаштирилган.
"Вақф" хайрия жамоат фонди IT.uz масъулияти чекланган жамияти билан ҳамкорликда Surdo Online Uzbekistan лойиҳасининг ҳомийси сифатида иш олиб бормоқда. Ушбу лойиҳани ишга туширишда кўмак кўрсатгани учун Фонд раҳбари Искандар Халиловга ташаккурнома ҳамда ҳамкорлик сертификати тақдим этилди.
Эзгулик йўлида қилинаётган ишларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг ризолиги учун амалга оширилмоқда, бу йўлда ўз хизматларини қўшаётган инсонлардан Аллоҳ рози бўлсин!
"Вақф" хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати