Ўзбекистон янгиликлари

Дин пешволарининг сайёр йиғилиши

Бугун, 13 февраль куни диний соҳа ходимлари иштирокида Тошкент шаҳрида бошланган илмий-амалий семинарнинг иккинчи куни Жиззах вилоятидаги “Маърифатли” жоме масжидида сайёр йиғилиш шаклида давом эттирилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти, таниқли уламолар, бош имом-хатиблар ва тажрибали имомлар иштирок этди.
Семинарда муҳтарам Президентимиз бошчиликларида барча соҳалар қатори диний-маърифий йўналишда ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганига урғу берилди. Мана шундай улуғвор ишлардан кўзланган асосий мақсад халқимизни рози қилиш ҳамда ёшларни динимизга муҳаббат ва она-Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш экани қайд этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари имом-домлалар билан мулоқотда, ҳар бир имом-хатиб ўз устида мунтазам ишлаши, замон билан ҳамнафас яшаши, ижобий ўзгаришлар ва дин соҳасидаги ислоҳотларни кенг жамоатчиликка етказиш ҳақида тўхталдилар.
Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари имом-хатиблар халқ билан ишлашда нималарга эътибор қаратиши лозимлиги, жойларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини сақлашда имом-хатибларнинг вазифалари тўғрисида муҳим йўналишларни сўзлаб бердилар.
Шундан сўнг семинар иштирокчиларининг фикр-мулоҳазалари ва таклифлари билан ўртоқлашилди. Ҳудудлардаги муаммо ва камчиликлар муҳокама қилинди, ечими бўйича тавсиялар берилди. Иш фаолиятини янада ривожлантириш юзасидан таклифлар ҳам айтилди.
Жумладан, семинарда қабристонлар ҳолати қандай бўлиши ҳақида ҳам муҳим таклифлар билдирилди. Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган ҳадисларда қабрларни бир-биридан фарқ қилмаган ҳолда бир текис бўлиши, яъни бири баланд, бири паст, бири ҳашамдор, бири қаровсиз бўлиши дуруст эмаслиги баён қилингани тушунтирилди. Ислом дини манбаларида қабр ердан бироз кўтарилиши, қор ва ёмғирларда ювилиб, чўкиб кетмаслиги учун сомон аралаштирилган лой билан суваб туриш жоиз экани айтилди. Қабрни аниқлаш мақсадида дафн рақами ёзилган бетон устунчани ўрнатишнинг ўзи кифоя экани изоҳланди.
Мана шундай меъёрларга тўла жавоб берадиган Жиззах вилояти Зомин туманидаги қабристонлардан бирини ҳудудлардаги бош имом-хатиблар андоза сифатида олишлари тавсия этилди. Мазкур қабристондаги қабрлар бир хилда экани, усти лой сувоқ қилингани, йўлакларга чимлар ётқизилгани алоҳида таъкидланди.
Муҳтарам Президентимизнинг қабристонларни обод қилиш ва қабрларни оддий бўлишига эътибор қаратиш борасидаги тавсияларидан келиб чиқиб, республикамизда жойлашган мозорларни имкон қадар юқорида қайд этилган шаклда қилишга интилиш тавсия этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Жиззах вилояти Зомин туманидаги “Маърифатли” жоме масжидида семинар иштирокчилари ва масжид жамоаси билан пешин намозини адо эттилар. Намоз сўнггида Қуръони карим оятлари тиловат қилиниб, хайрли дуолар қилинди.
Ташкил этилган илмий-амалий семинар бош имом-хатиблар учун ҳар жиҳатдан фойдали бўлиб, айтилган йўналиш ва масалаларни келгусидаги фаолиятларида қўллашларини билдиришди.
Диний соҳа ходимларининг навбатдаги сайёр йиғилишини Самарқанд вилоятидаги давлатимиз Раҳбари ташаббуси билан янги барпо этилган Ҳадис илми олий мактабида ўтказилишига келишилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2562 марта ўқилди

Янгиликлар

Top