Ўзбекистон янгиликлари

Ҳадис илми мавзусида маҳорат дарси

Бугун, 25 феврал куни Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтида Феврал ойи “Ҳадис ва мусталаҳул ҳадис фани ойлиги” муносабати билан “Ҳадис илми ривожида Мовароуннаҳр ҳадис мактаби намояндаларининг тутган ўрни” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирда институтнинг 1-курс талабалари, “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчилари, “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мудири Насриев Муҳаммадамин домла, ҳадис фани ўқитувчиси Мадаминов Шокиржон домла ҳамда мадрасанинг 20 нафар талабалари, Бухоро Мир Араб олий мадрасаси ҳадис фани ўқитувчиси Тўхтасинов Рўзимуҳаммад домла иштирок этдилар.

Тадбирда суҳбат қилиб бериш учун Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот маркази директори, тарих фанлари доктори профессор Убайдулла Муродович Уватов таклиф этилди.  

Тадбирни “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси мудири Баҳодир Аъзамов очиб, келганларни қутлагач, сўз навбатини устоз Убайдулла Уватовга берди.

У.Уватов тадбир иштирокчиларига ҳадис илми, унинг аҳамияти, юртимизга ҳадис илмининг кириб келиши, юртимиздан етишиб чиққан уламолар, муҳаддислар ҳақида атрофлича суҳбат қилиб берди. Толиби илмларга ўзининг қимматли насиҳатларини берар экан, уларни араб тилини пухта ўрганишга чақирди.

Кейинги сўз навбати “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мудири Насриев Муҳаммадамин домлага берилди. У киши ҳам талабаларни илмга янада эътиборлироқ бўлишга чорлади ва ўзи раҳбарлик қилиб келаётган билим юрти жамоаси, устоз ва талабалари номидан ушбу илмий ҳамкорлик учун Тошкент Ислом институти раҳбариятига чуқур миннатдорчилик билдирди.

Тадбир сўнгида “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси мудири Б. Аъзамов мазмунли суҳбатлари учун устоз У.Уватов ҳамда барча меҳмон ва иштирокчиларга ташаккур айтиб, кафедра ўқитувчиси Тошпўлатов Абдурасул домла билан биргаликда меҳмонларга институтнинг эсдалик совғаларини тақдим этдилар.

  

 

 

Маҳмуджон Абдураҳмонов,

“Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчиси

2444 марта ўқилди

Янгиликлар

Top