Ўзбекистон янгиликлари

Халқаро ҳамкорлик кенгаймоқда

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази делегацияси Эрон Ислом Республикасига хизмат сафарини амалга оширмоқда. 10-11 март кунлари делегация Эрон Ислом Республикаси маданият ишлари  вазири, Эрон маданий мерос, ҳунармандчилик ва туризм ташкилоти раисининг маданий мерос бўйича ўринбосари Муҳаммад Ҳасан Талебян, Эрон миллий музейи бош директори Жаброил Ноканди, Эрон миллий кутубхонаси ва архиви директори Ашраф Бароужери, Гулистон саройи тарихий мажмуа директори Масуд Нусратий билан учрашувлар ўтказди.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази раҳбари Ш.Миноваров Эрон томонига сўнгги икки йил ичида Ўзбекистонда диний-маърифий, жумладан илмий-маърифий меросни асраб-авайлаш, ўрганиш ва тарғиб қилиш, исломнинг асл тинчлик, инсонийлик, илм ва бунёдкорликка даъват этувчи моҳиятини очиб бериш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар тўғрисида маълумот берди, Имом Бухорий халқаро тадқиқотлар маркази ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг тақдимотларини ўтказди, берилган саволларга жавоб қайтарди.

Эрон томонига Ўзбекистон делегциясининг ташрифидан кўзда тутилган мақсад баён қилинди, яъни мамлакат кутубхоналари ва музейларида сақланаётган, Ўзбекистондан чиққан олимлар, мутафаккирларнинг ҳаётлари, фаолиятлари, илмий асарларига оид маълумотлар тўплаш, илк ислом ренессанси ва темурийлар даврига оид нодир санъат, хаттотлик, миниатюра, амалий санъатнинг бошқа турларига оид нодир санъат ашёлари билан танишиш, лозим ва мумкин топилганларидан нусха олиш, Эрон орнамент (безак) санъати тажрибаси билан танишиш, жумладан нақш солиш, безакли кошинлар тайёрлаш ва улардан фойдаланиш технологияси, энг иқтидорли эронлик усталар фаолияти билан таниши, Эрон меъморчилигининг энг ёрқин намуналари билан танишиш экани маълум қилинди.

Эрон маданият вазири Ўзбекистон – Эрон орасидаги тарихий ва маданий алоқалар узоқ асрлик тарихга эга экани, ушбу алоқаларнинг икки томонлама манфаатли ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши мумкинлигини қайд қилди. У Президент Ш.Мирзиёев томонидан олиб борилаётган яхши қўшничилик сиёсатини қўллаб қувватлади ҳамда минтақа мамлакатлари ичида Эрон ҳам ушбу сиёсатдан манфаатдор бўлаётганини айтди.

Эрон маданият вазири Тошкентда бунёд этилаётган Ислом цивилизацияси маркази муқаддас ислом дини софлигини ва обрўсини ҳар томонлама ҳимоя қилишда, терроризм ва экстремизмга қарши курашда жуда катта ўрин тутишига ишончи билдирди. “Президентингиз халқаро ва минтақавий тинчликни таъминлаш йўлида катта ишларни амалга оширмоқда. Бизнинг делегациямиз Халқаро “Мақом” фестивалида иштирок этди ва жуда катта таассуротлар билан қайтиб келди. Ислом цивилизацияси маркази лойиҳасининг амалга оширишда иштирок этиш бизга фахр бағишлайди. Барча йўналишларда делегация учун зарур шароитлар яратиб берилади”, деди вазир. Айни пайтда маданий ҳамкорликни янада ривожлантиришда ўзаро маълумот алмашиш, жумладан қўлёзмалар, уларнинг факсимиле нусхаларини яратиш ва айирбошлаш, умумий электрон каталог тузиш, ҳамкорликда тарихий фильмлар яратиш йўналишларида ҳам ҳамкорлик истиқболлари мавжуд эканини таъкидлади.

Учрашувлар жараёнида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Эрон миллий кутубхонаси ва давлат архиви ташкилоти ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Меморандум ўзаро маълумот, каталоглар, факсимиле нусхалар, мутахассислар алмашиш, ҳамкорликда экспозициялар алмашишни назарда тутади. Эрон томони Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази кутубхонаси учун 45 жилддан иборат Эронда сақланаётган 300 мингдан зиёд қўлёзмаларнинг фихристи, Шарқ донишмандлари қомусий луғати, Замонавий ислом энциклопедиясини тақдим қилди. Гулистон саройи фондида сақланаётган Амир Темур ва темурийларга оид вақфномалар тўплами, темурийзода мирзо Бойсунқур томонидан яратилган Қуръон саҳифалариниг факсимиле нусхалари яқин фурсатларда Ислом цивилизацияси марказининг илмий эҳтиёжлари учун тайёрлаб берилиши келишиб олинди.

Учрашувларда Ўзбекистоннинг Теҳрондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Б.Абдуллаев иштирок этди. Хизмат сафари давом этмоқда.

 

Манба: http://www.cisc.uz 

2818 марта ўқилди

Янгиликлар

Top