Ўзбекистон янгиликлари

Яхшиларнинг энг яхшиси

Аллоҳнинг Каломи бўлмиш Қуръони каримни бутун оламларни ҳидоят қилиш учун нозил қилган Аллоҳ таолога Ўзининг жалолига муносиб ҳамду санолар бўлсин.

Ушбу Китобни умматларига омонат ила етказиб, унга амал қилишни ўргатган Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга мукаммал ва муаттар салавоту дурудлар бўлсин.

Пайғамбаримиздан Қуръони каримнинг бирор ҳарфини ўзгартирмай ўта аниқлик ила қабул қилиб, унга худди шундай аниқлик ва ихлос ила амал қилган саҳобаи киромларга Аллоҳнинг ризвони бўлсин.

Қуръони каримга имон келтирган, уни ўргатган, ўрганган ва унга амал қилган ҳар бир мусулмонга Аллоҳнинг раҳмати, хайри баракаси бўлсин.

Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий «соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганганларингиз ва ўргатганларингиздир», дедилар» (Имом Бухорий ва Имом Термизий ривояти).

Бу ҳадиси шарифнинг иборалари оз бўлгани билан маънолари, далолатлари кўпдир. Унда мусулмонларнинг яхшилари ҳақида хабар берилмоқда.

Ҳадиси шарифнинг маъносидан келиб чиқадиган бўлсак, Қуръони каримни ўрганадиганлар мусулмонларнинг яхшиси бўлади. Қуръони каримни ўргатадиган мусулмонлар яхшиларнинг яхшисининг устози бўлади. Устоз эса ўз шогирдидан қанчалар устун туриши ҳаммага маълум.

Мир Араб мадрасаси асрлар давомида алломалар, машҳур имом ва муфтийларни, фақиҳлар ва муҳаддисларни, қорию қурроларни етиштириб келган.

Халқимиз, нафақат ўзбек халқи, балки собиқ иттифоқ таркибидаги барча халқларнинг маънавий, маърифий, эътиқодий, диний онг ва тушунчасини юксалишига ўз ҳиссасини қўшган буюк шахсларни етиштирган.

Мадрасага ҳар йили 24 нафар талаба қабул қилинар эди. 2017 йил эса 48 нафар талаба қабул қилинди. Ана шу талабалар 4 гуруҳга бўлинган эди. Улардан бири Қуръони каримни ёдлашга иқтидорли ва қобилиятли талабалардан иборат “Таҳфизул Қуръон” гуруҳидир. Бу гуруҳда 12 та талаба бўлиб, улар режа асосида Қуръони каримни 4 йил давомида мустаҳкам ёд оладилар, инша Аллоҳ. “Таҳфизул Қуръон” гуруҳининг ташкил қилиниши неча йиллардан буён кутилаётган орзунинг рўёбга чиқиши бўлди. Чунки сўнгги йилларда Бухоро вилоятида Қуръони каримни тўлиқ, мустаҳкам ёд олган қориларга эҳтиёж сезиларли даражада эди. Масалан, вилоят масжидларида рамазон ойида таровеҳ намозларида Қуръони каримни хатм қилиб бериш учун республикамизнинг бошқа вилоятлари (Андижон, Наманган ва Фарғона)дан қорилар таклиф қилинар эди. “Таҳфизул Қуръон” гуруҳининг ташкил қилиниши, ана шу камчилик ва нуқсоннинг ўрнини тўлдирадиган бўлди. “Таҳфизул Қуръон” гуруҳининг ўзига хос хусусиятларидан бири: талабалар ҳар куни эрталаб биринчи жуфтлик (пара) дарсни Аллоҳнинг каломини ўқиш, ёдлаш ва қалбларига жо айлаш билан бошлайдилар. Бу эса талабаларга кун давомида яхши кайфият, шижоат, илмга бўлган рағбат ва муҳаббатни бахш этади.

“Таҳфизул Қуръон” гуруҳи талабалари ўртасида Каломуллоҳни биринчи ёдлаш бўйича мусобақа эълон қилинган эди. Ана шу мусобақада “Таҳфизул Қуръон” гуруҳи талабалари ўртасида Тўрақулов Абдураҳим бир йил давомида Қуръони каримни тўлиқ ёд олиб мусобақа ғолибига айланди.

Мир араб мадрасаси раҳбарияти тарафидан қиммат баҳо совғалар ва ҳомийлар томонидан икки миллион (2 000 000) сўм пул мукофоти Тўрақулов Абдураҳимга топширилди.

Мир Араб мадрасасида Аллоҳнинг каломига мислсиз хизмат қилаётган, талабаларга қироат ва тажвид фанидан илм бераётган Акромов Мақсуд домла ва “Таҳфизул Қуръон” гуруҳининг раҳбари Тожиддинов Абдусамад домлаларга Аллоҳ таоло икки дунёда барча яхшиликларни берсин ва барча ёмонликлардан Ўз паноҳида асрасин.

 

Аъламбек ҲИКМАТОВ,

Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти талабаси

2537 марта ўқилди

Янгиликлар

Top