Ўзбекистон янгиликлари

АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари аҳволи яхшиланганини эътироф этди

2018 йили дунёдаги инсон ҳуқуқлари вазияти бўйича йиллик маърузада (2019 йил 13 март куни чоп этилган) АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари аҳволи кўп жиҳатдан сезиларли даражада яхшиланганини эътироф этди. Бу эса ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатлар самарадорлиги ва республика раҳбариятининг инсон манфаатларига хизмат қилишига бўлган қатъий содиқлигининг эътирофи бўлди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

Аввало одил судлов, суд жараёнларининг шаффофлик даражасини ортгани, айбловчи далиллар базасидан фойдаланишга ҳимоячи томонига кенгроқ изн берилиши ва натижада оқловчи қарорлар сонининг кўпайиши маърузада объектив баҳо берилишига туртки бўлган.

Ҳужжатда коррупцияга қарши курашнинг самарадорлиги, қийноқлардан ҳамда бошқа муомала ва жазонинг инсонпарварлик тамойилига зид ёки инсон шаънини камситувчи турларидан фойдаланишга йўл қўймаслик бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар қабул қилингани, шунингдек, бундай жиноятлар учун масъулият кучайтирилгани алоҳида қайд этилади.

Сўз ва ифода эркинлигини кучайтириш бўйича чора-тадбирлар доирасида ОАВ эркинлигини таъминлаш билан боғлиқ вазиятнинг яхшиланиши, шунингдек, Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва фуқаролик жамияти фаоллари билан очиқ муносабатлари эътироф этилмоқда.

Маърузада диний экстремизмда гумонланган минглаб шахслар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари рўйхатидан чиқарилиши, шунингдек, кўплаб афв этиш ҳолатлари ва уларнинг ижтимоий мослашувига қаратилган дастурлар юқори баҳоланган.

“Human Rights Watch” ва “Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси” маълумотларига асосланиб, “Ўзбекистонда йигирма йилдан зиёд вақтдан бери илк маротаба журналистлар ва фуқаролик жамияти фаоллари қамоқхоналарда қолмагани” маърузада эътироф этилиши диққатга сазовордир.

Ҳужжатда мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик бўйича муваффақиятли қабул қилинган ҳуқуқий ва маъмурий чоралар алоҳида кўрсатилган. Ўзбекистоннинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги тараққиёти АҚШ Давлат Департаменти ва Меҳнат Департаментининг 2018 йилдаги тегишли баёнотларида бир неча бор эътироф этилган.

Ўтган йилнинг декабрь ойида АҚШ Давлат котибининг Ўзбекистонни “диний эркинлик соҳасидаги алоҳида ташвиш уйғотувчи мамлакатлар рўйхатидан” чиқариш қарори республиканинг инсон ҳуқуқлари соҳасида эришган ютуқларининг яна бир далили бўлди.

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида эришилган натижалар, шубҳасиз, мамлакатда қабул қилинган “2017-2021-йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси” доирасида ҳукумат томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар билан боғлиқ, бу эса чуқур демократик ислоҳотларнинг бошланишига олиб келди.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини мамлакатда таъминлаш тизимини янада такомиллаштиришда қатъийдир ва бундан кейин ҳам “аниқ ислоҳотлар” йўлидан боради, шунингдек, амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар яхлит, барқарор ва ортга қайтмас характерига эга. Республикада инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш институтлари ва механизмларини янада такомиллаштириш, шу жумладан, халқаро ва ноҳукумат ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтириш бўйича ишлар давом эттирилади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлардан келиб чиқувчи энг муҳим топшириқларни амалга оширилишининг ҳал этувчи шартлари шундан иборатдир. Ушбу ислоҳотларнинг асосий мақсади инсон, унинг эҳтиёжлари ва манфаатлари ҳисобланади, дейилади, Ташқи ишлар вазирлиги ахборотида.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2213 марта ўқилди

Янгиликлар

Top