Бугун 28 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг Бухоро вилоятига сафарлари бошланди. Аввал Когон туманида жойлашган "Баҳоуддин Нақшбанд" зиёратгоҳига ташриф буюрдилар. Қуръони карим оятлари тиловат қилиниб, савоби Ҳазрати Баҳоуддин Нақшбанд руҳи покларига бахшида этилди.
Ташриф давомида, зиёратгоҳ бошқаруви, ходимлар фаолияти, олиб борилаётган амалий ишлар, биноларнинг ҳолатини кўздан кечириб, амалга оширилган ишлар билан танишдилар.
Бухоро вилояти бош имом-хатиби Жобир Элов, "Баҳоуддин Нақшбанд" жоме масжиди имом-хатиби Абдуғофур Раззақов ва Мир Араб олий мадрасаси мудири Ҳайдархон Юлдашходжаевга муфтий ҳазратлари иш фаолиятни янада такомиллаштириш бўйича ўз тавсияларини бердилар. Зиёратгоҳдаги ободонлаштириш ишларини кўздан кечириб, бу ерда хизмат қилган барча ҳамкор ташкилотлар ва саховатпеша инсонларнинг ҳақларига дуо қилдилар. Келгусида зиёратгоҳни янада ободонлаштириш, халқимизнинг манфаати учун хизмат қилувчи масканга айлантириш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Муфтий ҳазратнинг Бухоро вилояти сафари давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати