Ўзбекистон янгиликлари

Шавкат Мирзиёев: Абдухолиқ Ғиждувоний мажмуаси маърифат маркази бўлиши керак

Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 29 март куни Бухоро вилояти Ғиждувон туманига ташриф буюрди. Ташриф давомида Юртбошимизга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари хамроҳлик қилди.

Абдухолиқ Ғиждувоний мақбараси зиёрат этилиб, Қуръон тиловат қилинди.

 

 

Давлатимиз раҳбари мақбарада амалга оширилган қурилиш-таъмирлаш ишларини кўздан кечирди. Бу ерга имом-хатибларни жалб этиб, уларга алломаларимиз маънавий меросини тўғри ва чуқур ўргатиш, халқимизга етказиш бўйича топшириқлар берди.

- Китобда ўқиш бошқа, зиёрат қилиб, юракдан ўтказиб ўрганиш бошқа. Бу жой маърифат маркази бўлиши, одамлар ўзига илм олиб кетиши керак, - деди Шавкат Мирзиёев.
Ўтган йил 16 февраль куни вилоятга ташриф чоғида Президентимиз «Етти пир» мақбараларини обод қилиш, уларни боғловчи туризм йўналиши ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берган эди.

Абдухолиқ Ғиждувоний мазкур етти пирнинг биринчиси саналиб, Хожагон тариқати асосчисидир. Кейинчалик Ориф Ревгарий, Маҳмуд Фағнавий, Али Ромитаний, Муҳаммад Бобои Самосий, Саййид Амир Кулол бу маънавий йўналишни давом эттириб, Баҳоуддин Нақшбанд уни юксак босқичга олиб чиққан. Шу боис бу тариқат Нақшбандия номи остида танилган. Қўшни мамлакатлар, ғарбий ва жанубий Шарқ давлатлари, ҳатто бутун дунёда бу азиз авлиёлар қадамжоларини келиб кўриш истагидагилар кўп.

 

 

Шу ерда мазкур зиёратгоҳларда амалга оширилган ва давом этаётган таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари ҳақида маълумот берилди.

Давлатимиз раҳбари бу масканларни обод қилиш билан бирга «Етти пир» ҳақида китоб яратиш, уларнинг илмий меросини тарғиб этиш зарурлигини таъкидлади.

- Бундай маънавий хазина бошқа ҳеч қаерда йўқ. Бу хазинани мукаммал ўрганиш, одамларга, ёшларга осон тилда етказиш керак. Мақсадимиз - ёшларимиз ўзимизнинг алломаларга эргашсин, меросини билсин, улар билан фахрлансин.

Мамлакатимизда маърифий исломни ривожлантириш, буюк алломалар мақбараларини обод қилишга қаратилаётган эътибор халқаро миқёсда тан олинмоқда. Хусусан, Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти - ISESCO томонидан Бухоро шаҳри 2020 йилда Ислом маданияти пойтахти деб эълон қилинди.

Президентимиз бу санага юқори даражада тайёргарлик кўриш, унинг доирасидаги тадбирларни Абдухолиқ Ғиждувоний таваллудининг 915 йиллиги ва Баҳоуддин Нақшбанд таваллудининг 700 йиллиги билан ҳамоҳанг нишонлаш, халқаро илмий конференция ўтказиш бўйича кўрсатмалар берди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2207 марта ўқилди

Янгиликлар

Top