Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазрат “Абдухолиқ Ғиждувоний” масжидида жума намозини адо этди

Бугун, 29 март куни муҳтарам Президентимиз Бухоро вилояти Ғиждувон туманида жойлашган “Абдухолиқ Ғиждувоний” зиёратгоҳига ташрифлари чоғида “Етти пир” алломаларининг қадамжоларини обод этиш, бой маънавий меросларини халқимизга етказиш ва ушбу табаррук жойда маърифат маркази ташкил этиш борасида тавсиялар бердилар. Мана шундай улуғвор ишларни кенг халқ оммасига етказиш мақсадида, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Ғиждувон туманидаги “Абдухолиқ Ғиждувоний” жоме масжидидаги жума намозида иштирок этдилар. Ушбу табаррук жомеда муборак кун ибодатини адо этиш учун юзлаб намозхонлар жам бўлдилар.
Муфтий ҳазратлари жума мавъзисида бугунги кунда муҳтарам Юртбошимиз раҳнамоликларида мўмин-мусулмонларга жуда катта имкониятлар берилаётгани ҳақида гапириб, юртимизда янги масжидларни қуриш, мавжудларини замонавий кўринишда қайта барпо қилиш ишлари жадал давом этаётганини сўзлаб бердилар. Хусусан, бугун Президентимизнинг Ғиждувон туманига ташрифлари чоғида Абдухолиқ Ғиждувоний мақбарасини зиёрат қилганлари, амалга оширилган қурилиш-таъмирлаш ишларини кўздан кечирганлари, бу жойда маърифат маркази бўлиши, одамлар ўзига илм-маърифат олиб кетиши, ушбу марказда имом-хатиблар учун ҳам машғулотлар ташкил этиш тавсия этилгани ҳақида атрофлича сўзлаб бердилар. Давлатимиз раҳбари “Етти пир” алломалари ҳақида китоб ёзиш ва уларнинг илмий меросини тарғиб этиш бўйича топшириқ берганларини барча намозхонларга етказдилар.
Муфтий ҳазратлари сўзларида давом этиб, Абдухолиқ Ғиждувоний етти пирнинг биринчиси ва Хожагон тариқати асосчиси экани, кейинчалик Ориф Ревгарий, Маҳмуд Фағнавий, Али Ромитаний, Муҳаммад Бобои Самосий, Саййид Амир Кулол бу йўналишни давом эттириб, Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари эса уни юксак босқичга олиб чиққанлари ҳақидаги маълумотларни тақдим этдилар.
Муфтий ҳазратлари мавъиза якунида, бугунги кунда муҳтарам Юртбошимиз бошчиликларида мамлакатимизда олиб борилаётган муборак динимиз тараққиёти йўлидаги хайрли ишлар, улкан ислоҳотлар ва ижроотлар учун ҳар бир киши туну кун Яратган Парвардигорга шукрона қилиши лозимлигини таъкидлаб, халқимизни доимо шукроналик ҳисси билан яшашга даъват этдилар.
Ушбу табаррук жойга келган зиёратчилар билан муфтий ҳазратлари самимий суҳбат қуриб, уларнинг ҳақларига дуолар қилдилар.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2368 марта ўқилди

Янгиликлар

Top