Ўзбекистон янгиликлари

Хушхабар: бир ойда 7000 нафар киши умрага боради

Фуқароларнинг виждон эркинлиги ва диний эътиқодга бўлган конституциявий ҳуқуқларини тўлиқ таъминлаш, “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ ишлар самарадорлигини янада ошириш, зиёратларни юқори савияда ва тизимли ташкил этиш ҳамда кўрсатиладиган хизматлар нархини арзонлаштириш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6 март кунида № 154-Ф Фармойиши қабул қилинди.
Унга кўра Ишчи гуруҳи тузилиб, улар жорий йилнинг 7-10 март кунлари “Ҳаж” ва “Умра” зиёратларини ташкил этиш механизми ва бозорларни ўрганиш мақсадида Саудия Арабистони қироллигига хизмат сафарини амалга оширишди.
Сафар давомида Ишчи гуруҳ аъзолари Макка ва Мадина шаҳарларида хизмат кўрсатувчи компаниялар томонидан тақдим этилаётган меҳмонхона, транспорт, овқатланиш ва бошқа хизматларнинг сифатига, шу жумладан таклиф этиладиган қўшимча шарт-шароитларга алоҳида эътибор қаратишди.
Аввал хабар қилганимиздек, диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларнинг натижаси ўлароқ, қолаверса фуқароларимизнинг муқаддас зиёратга бўлган эҳтиёжларини тўлақонли қондириш мақсадида Раҳбарият кўрсатмаси ва жамоатчилик кенгаши қарори асосида Умра сафарига борувчи зиёратчиларнинг сонини белгилаш бўйича (квота) чекловлар олиб ташланган эди. Ҳозирда ушбу йўналишдаги ишларни яна ҳам такомиллаштириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, сафарга отланган юртдошларимизга Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлар идораси ходимларидан иборат мутахассислар иштирокида Умра ибодатининг фазилати, уни мукаммал адо этиш, сафар давомида эътибор қаратиш керак бўлган муҳим жиҳатлар ва бошқа мавзуларда тизимли равишда ўқувлар ташкил этилмоқда.
Шу ўринда зиёратчиларимиз Мадина шаҳрида 5 юлдузли “Зам-зам Пулман” ва Макка шаҳрида 4 юлдузли “Аброжул Кисва” меҳмонхонасида истиқомат қилишаётганини алоҳида таъкидлаш лозим. Мазкур меҳмонхоналарда ўзбек ошпазлари тайёрлаган тансиқ таомлар зиёратчиларга тортиқ қилинмоқда. Уларнинг соғлиқларини доимий назорат қилиш мақсадида 24 соат давомида бепул тиббий хизмат йўлга қўйилган.
Юртимиз зиёратчилари учун Мадина шаҳридаги Уҳуд тоғи, Икки қиблали масжид, Қубо масжиди ва Макка шаҳридаги Савр ва Нур тоғлари, Арафот майдони, Мино, Муздалифа водийсига саёҳатлар уюштирилмоқда. Малакали гуруҳ раҳбарлари мазкур зиёратгоҳларнинг ислом тарихидаги аҳамияти, у ерларда содир бўлган муҳим жараёнлар ҳақида атрофлича маълумот беришмоқда.
Энди эса, эътиборингизни бир қатор муҳим янгиликларга қаратмоқчиман.
Шуни мамнуният билан қайд этмоқчиманки, 28 октябрдан ҳафтада 3 та авиақатнов амалга оширилган бўлса, жорий йилнинг 31 март кунидан эътиборан ҳар куни биттадан авиапарвоз йўлга қўйилди. Олдинги йилларда бир йилда 10 000 нафар зиёратчи Умра сафарига борган бўлса, ҳозирда фақатгина бир ойда 7000 нафар юртдошимиз муборак зиёратни адо этмоқда.
Ўтган йилнинг 28 октябрь кунидан жорий йилнинг 4 апрель кунига қадар 15 минг фуқаро Умра зиёратини адо этди. Рамазон ойигача ушбу кўрсаткич 30 мингга етиши режалаштирилган. Бундан кўзланган мақсад – ҳозирги кунда умра сафарига бориш истагида бўлган фуқароларимизнинг кўп йиллик навбатини бартараф этишдир.
Ҳурматли журналистлар, яқин кунларда ишчи гуруҳи томонидан амалга оширилган ишлар бўйича ахборот тақдим этилиб, унда Ҳаж мавсумида Ҳожиларимиз учун яратилган имкониятлар,арзонлашган нархлар ва шароитлар ҳақида батафсил маълумотлар тақдим этамиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2896 марта ўқилди

Янгиликлар

Top