Ўзбекистон янгиликлари

Зиёрат туризмида ҳамкорлик йўлга қўйилади
Покистон Ислом Республикасидаги Ўзбекистон сайёҳлик ахборот маркази директори Ҳамид Маҳмуд бошчилигидаги диний уламолар, ҳадисшунос олимлар, журналистлар, ёзувчилар ва ишбилармонлардан иборат делегация Наманганда бўлди.
 
Ўзбекистон Республикасининг Покистондаги элчихонаси ҳамда Ўзбекистон сайёҳлик ахборот маркази ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур ташриф доирасида меҳмонлар Наманган шаҳридаги “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юртида бўлиб, бу ерда ўқувчиларнинг диний ва дунёвий билимларни пухта эгаллаши учун яратилган шароитлар билан танишди.
 
Вилоят марказининг Оромгоҳ даҳасидаги замонавий мажмуада фаолият юритаётган ўрта махсус ислом билим юрти шаҳарнинг хушҳаво иқлимли, баланд ҳудудига жойлашгани меҳмонлар томонидан алоҳида таъкидланди.
 
 
 
 
Мазкур мажмуа замонавий ўқув хоналари, ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминланган ахборот-ресурс маркази, мажлислар зали, барча қулайликка эга ўқувчилар турар жойи, қишки ва ёзги спорт иншоотлари, ошхона, намозхона ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоят вакиллиги учун махсус биноларни ўз ичига олган.
 
Билим юрти ҳудуди 10 гектардан зиёд бўлиб, унда 10 минг тупга яқин мевали ва манзарали дарахт мавжуд. 
 
Бугунги кунда 150 нафар ёш таҳсил олаётган мазкур билим юртида диний билимлардан ташқари, маънавият асослари, она тили, бухгалтерия ҳисоб-китоби, информатика каби замонавий фанлар ҳам чуқур ўқитилмоқда.
 
– Ўзбекистонда аввал ҳам бўлганмиз, – дейди покистонлик ёзувчи, журналист Муҳаммад Ризвон Азиз. – Бироқ, бугунги ташрифимиздан олган таассуротларимиз ўзгача. Ислом дини тараққиёти йўлида амалга оширилган ишлар, диний таълимни ривожлантириш учун яратилаётган шароитлар, талабаларнинг билим олишга бўлган иштиёқи таҳсинга лойиқ. “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти мисолида Ўзбекистонда ислом дини равнақи, диний-маърифат, маънавият масалаларига катта эътибор қаратилаётганига гувоҳ бўлдик.
 
 
 
 
Шунингдек, покистонлик меҳмонлар Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Наманган вилоятидаги вакили Абдулҳай Турсунов ҳамроҳлигида вилоят марказидаги Мулла Бозор Охунд, Чортоқ туманидаги Султон Увайс Қараний мақбараларини зиёрат қилди.
 
Наманган инвестиция ва инновация марказида вилоят ҳокимлиги, туризм бошқармаси ҳамда сайёҳлик агентликлари вакиллари билан ўтган учрашувда покистонликлар билан зиёрат туризмини ривожлантириш, илмий, адабий-ижодий алоқаларни йўлга қўйиш каби кўплаб йўналишларда ўзаро ҳамкорлик истиқболлари ҳақида фикр алмашилди.
 

 

Акромжон Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат) ЎзА
 
Манба: http://www.uza.uz
2726 марта ўқилди

Янгиликлар

Top