2019 йил 8 апрель куни Каримов Рустамбек исмли фуқаро Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти қабулига кириш учун ҳамроҳи “Тўлқин” исмли шахс билан бирга Ўзбекистон мусулмонлари идорасига келади. Масъуллар Р.Каримовни “Фуқаролар қабулини қайд қилиш журнали”га ёзиб қўйишган ва бироз кутишини айтишган. Лекин у одобсиз хатти-ҳаракатлар қилиб, ходимларга ҳурматсизлик қилган. Шунингдек, ўзининг “Фейсбук” ижтимоий тармоғидаги (Rustam Karim) саҳифаси орқали Диний идора ва уламоларни обрўсизлантирадиган, ҳақоратомуз ва истеҳзоли сўзларга тўла онлайн (жонли) чиқишлар қилган.

Жумладан, “Қўштирноқ ичидаги Шайх Аблулазиз Мансур билан учрашдик!...” ва “Диний идорага келдик, Инша Оллоҳ муфтий билан учрашиш ва ҳамма муаммолар ҳақида гаплашайликчи..., нима жавоб берар экан!..”, “Чойла билан кутиб олишаркан, чойини ичмайман, яна шерик бўлиб қолмай буларга (истеҳзомуз кулади)”, “... фалончи бобо” деган ибораларни ўзининг шахсий саҳифасида изоҳ қилиб қолдирган ва онлайн чиқишларида шундай гапларни айтган.

Р.Каримов Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур қабулига кирган.

Мулоқот жараёнида Р.Каримов  ўзининг турли масалалардаги  саволларини берган. Ушбу масалаларга Шайх Абдулазиз Мансур томонидан батафсил жавоб берилган. Шундай бўлсада, суҳбат жараёнида Р.Каримов Шайхга нисбатан одобсиз хатти-ҳаракатлар қилган ва бир неча ўринда суҳбатни бўлган. Мулоқот якунлангандан сўнг, Р.Каримов ҳурмат билан кузатиб қўйилган. Диний идорадан чиққач, у одоб-ахлоқ мезонларини четлаб, яна ўзининг “Фейсбук” саҳифаси орқали онлайн чиқиш қилган.

Аслида, мусулмон кишининг одоби, жамиятда ўзини тутиши, бошқалар билан муносабати қандай бўлишини Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўз амалларида ва ҳадиси шарифларида қатъий белгилаб берганлар. Юқоридаги шахснинг ҳаракатлари ва ўзини тутиши набавий ахлоқ тугул, оддий инсонийлик нуқтаи назаридан ҳам мутлақо ножоиздир. На одоб, на илм, на олимларга нисбатан муҳаббати бор. Аксинча, жамиятда фитна уруғини сочиб, одамларни тарафкашликка чақирадиган шундайларни кўриб, Мир Алишер Навоий ҳазратлари бежиз қуйидаги байтни битмаган эканлар, дейсан киши:

Адаб ўргангилу илм ҳосил қил,

Аҳли маъноға ўзни восил қил.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

2612 марта ўқилди

Янгиликлар

Top