Ўзбекистон янгиликлари

Тошкент шаҳрида Рамазон ойида хатми Қуръон ўтказиб бериши режалаштирилаётган қорилар билан учрашув ўтказилди

Муборак Рамазон ойи кириб келишига ҳам бир ойдан камроқ вақт қолди. Диний идорада бу улуғ ойга, унда бўладиган хатми Қуръонларга тайёргарлик анча олдин бошлаб юборилган. Жумладан, масжидларда хатми Қуръон ўтказиб берадиган қорилар рўйхати шакллантирилиб, уларни ўзларига қулай бўлган масжидларга тенг тақсим қилиш ишлари давом этмоқда.

Жараён шуни кўрсатмоқдаки, йилдан-йилга диёримизда Қуръон ҳофизлари кўпайиб бормоқда. Биргина Тошкент шаҳрининг ўзида бу йили 109 та масжидда жами 291 нафар Қуръон ҳофизлари хатми Қуръон ўтказиб бериш учун рўйхатга олинган. Бу эса битта масжидга ўртача 3 нафар қори тўғри келади дегани.

Бундан ташқари ҳар йилгидек, хорижий давлатларнинг таклифларига биноан қориларимиз ўзга юртларда ҳам хатми Қуръонларда иштирок этадилар. Бу шубҳасиз, Яратган Роббимизнинг халқимизга берган энг улуғ инъомидир.

9 апрел куни пойтахтимизнинг “Минор” жоме масжидида Тошкент  шаҳри масжидларида хатми Қуръон ўтказиб бериши режалаштирилаётган қорилар билан учрашув бўлиб ўтди. Кўп йиллар ҳофизи Қуръонларни етиштириб берган устоз қори домлалар, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва унинг Тошкент шаҳар вакиллиги мутасаддилари қориларга зарурий тавсия, кўрсатмалар бердилар. Масжидлар бўлими мудири Муҳаммадназар домла Қаюмов қорилар билан бирма-бир суҳбатлашиб, уларнинг фикрлари, мавжуд имкониятларини ўрганди. Қориларга енгиллик бўлиши учун ўзларига яқин ва қулай бўлган масжидларга бириктирилишлари бўйича таклиф-мулоҳазар тингланди.

Рамазон ойи арафасида муфтий ҳазратлари ҳам қорилар билан шахсан ўзлари учрашиб, суҳбат қилишлари, ўз тавсияларини беришлари режалаштирилаётгани ҳам маълум қилинди.

 

 

 

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

2513 марта ўқилди

Янгиликлар

Top