Ўзбекистон янгиликлари

Тошкентда янги мажмуа очилиш арафасида

Йил бошидан буён қор-ёмғирли кунларга қарамай, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ номлари учун барпо этилаётган мажмуада қурилиш ишлари бир лаҳза бўлсин-да, тўхтагани йўқ. Бир йилдан ортиқ вақт давомида олиб борилган қурилиш, ниҳоят ўз якунига етиш арафасида.

Мажмуа таркибидаги масжидга кириш жойидаги муҳташам ички ва ташқи пештоқ тўла қуриб битказилди.  Мажмуани безаб турадиган иккита минора устига кичик гумбазлар ўрнатилди. Масжид ичидаги безак ишлари якунига етиш арафасида.

Мажмуадаги анжуманлар саройи, минораларнинг қурилиш ишлари якунига етди ҳамда уларнинг қуббасига ҳилол ўрнатилди.

Шунингдек, “Сўгалли ота” мақбарасида  ҳам бунёдкорлик ишлари ўз якунига етди. Масжид ҳудудидаги намозхона, аёллар намозхонаси, таҳорат хоналари, минора, 3 та кириш пештоқи, 200 ўринга мўлжалланган анжуманлар саройи, ташқи ва ички фавворалар, мажмуа саҳни, автоуловлар учун тўхташ жойларида қурилиш ва безак бериш ишлари якунланди.

Мажмуа ҳовлиси тўлиқ кўкаламзорлаштирилди, шунингдек ташриф буюрувчи зиёратчиларга қулайликлар яратиш мақсадида замонавий русумдаги ўриндиқлар, чиқинди қутилари ўрнатилди.

Мажмуа ҳудудида бунёд этилган музейда эса Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг умр йўлига оид қимматли маълумотлар, у кишининг илмий меросини жамлаш режалаштирилган.

Тез кунларда мажмуанинг фойдаланишга топширилиши кутилмоқда.

 

islom.uz портали таҳририяти

Манба: https://islom.uz

2564 марта ўқилди

Янгиликлар

Top