Ўзбекистон янгиликлари

Исломий молиялашда маблағдан фоиз олинмайди

Айни вақтда Тошкент шаҳрида биринчи марта ўтказилаётган Ислом банкчилиги ва молияси бўйича форум давом этмоқда.

Жаҳон банки гуруҳининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё минтақаси етакчиси Насим Кайсер қуйидаги фикрларни билдирган:

– Биз Ўзбекистонда 1992 йилда маҳаллий ҳамкорлар ва хорижий банклар билан энг биринчи молия институтига асос солган эдик. Ҳозирда “Ўзбеклизинг” бўлиб танилган мазкур ташкилот бизнинг биринчи лойиҳамиз эди. Кейинчалик юртингизда “Амирбанк”, Қозоғистонда эса “Амробанк” ташкил этилди.

Кейинги икки йилда эса муносабатлар яна ўзгарди. Давлат хусусий ташкилотларга эътибор қарата бошлади. Энди микро ва кичик тадбиркорликка эътиборни ривожлантириш керак. Бу эса янги иш ўринлари яратиш ва иқтисодни юксалишига хизмат қилади. Бу омиллар ислом молияси учун жуда муҳим.

Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари ўз аҳолисини банк хизматларидан кенг фойдаланишини истайди. Лекин, бу ҳудудлардаги аҳоли кўп ҳам банкларга ишонавермайди. Шунингдек, аҳолининг асосий қисми ислом молияси ҳақида билмаслигини ҳисобга олсак, уларга буни тарғиб қилишга тўғри келади. Айни вақтда ислом молия муассасалари ялпи активлари миқдори 2,5 триллион долларни ташкил этади ва йилига 15-20 фоизга ўсиб бормоқда. Аҳолисининг асосий қисми мусулмонлардан иборат бўлган давлатлар учун ушбу тармоқларни ривожлантириш, айниқса долзарб.

Ислом молияси тизимини Ўзбекистонда ривожланишини чамалаб кўрсак, энг аввало илмий изланишлар олиб бориш ва қонуний базани мустаҳкамлаш керак. Тўғри, бу жараён осон кечмайди, узоқ вақт талаб этади. Лекин, энг муҳими давлатнинг эътибори бўлса, муаммоларни тез ҳал этиш мумкин. Хабарим бор, Ўзбекистон Марказий банки ўтган йили тизим борасида қонун ва меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқишни бошлади.

Исломий молиялашда маблағдан фоиз олинмайди, бу шаъриятга тўғри келмайди. Бу йўналишда устама қўйилади. Яъни, маҳсулот сотиб олмоқчи бўлган мижоз айтган ускуна ёки хом ашёни банк олиб беради ва устига қанчадир миқдорда устама қўяди. Бунда банк мижоз билан келишув тузади. Кейин у ҳоҳлаган асбоб-ускунани юборади. Бу худди олди-сотди шартномасига ўхшайди. Кейин белгиланган муддатларда маблағини қайтариб бериш керак. Бу муддатлар сумманинг катта кичиклиги ва лойиҳага боғлиқ бўлиб, ўн икки ойдан беш йилга қадар берилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2361 марта ўқилди

Янгиликлар

Top