Ўзбекистон янгиликлари

Рамазоннинг баракоти – Мингбулоқдан нефть чиқди

Рамазон ойининг илк кунида Наманган вилоятидаги Мингбулоқ нефть конида олиб борилаётган инвестицион лойиҳалар доирасидаги синаш ишлари мобайнида илк нефть қазиб олинган.
Бой захирага эга Мингбулоқ нефть конида ер ости бойликларини ўзлаштириш тадбирлари анча мураккаб бўлиб, бу ишга Хитой Халқ Республикаси CNPC миллий нефть-газ корпорациясининг бой тажрибага эга мутахассислари, илғор технология воситалари жалб қилинган.
Лойиҳа ижроси масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Мингбулоқнефть” ўзбек-хитой қўшма корхонаси томонидан амалга оширилмоқда. Кейинги икки йил давомида бу ерда М 15-қудуғини бурғилаш ва бошқа бир қатор лойиҳавий ишлар олиб борилди.
Экспертларнинг фикрича, Мингбулоқ кони бир неча сабабларга кўра оддий эмас, деб саналади. Конни ишга туширишда асосий муаммолар қуйидагилардир: унинг ўта чуқурликда эканлиги (6000 м ва ундан ҳам ортиқ); юқори пласт босимлари (115 МПа’дан ортиқ), пласт ҳароратлари (168 даражадан ортиқ) ва бошқа омиллар.
Хитойнинг СNPC нефть компанияси Хитойнинг Торим ботиғида шундай конлар билан ишлаб кўриб орттирган тажрибасини Мингбулоқ конида ҳам қўллаган.
Аллоҳ таоло ушбу нефть конини баракотли қилсин, халқимиз фаровонлигига хизмат қилишини насиб айласин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2296 марта ўқилди

Янгиликлар

Top