Ўзбекистон янгиликлари

“Ягона олимпиада – 2019” ғолиблари аниқланди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан 2019 йил 15 май куни Бухородаги Мир Араб олий мадрасасида ўрта махсус ислом таълим муассасалари битирувчилари ўртасида “Ягона олимпиада” танловининг республика босқичи ўтказилиши белгиланди.

Бугун 15 май “Ягона олимпиада” танловининг республика босқичи бошланиб, танлов муносабати билан Мир Араб олий мадрасасига Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакиллари, республикамиздаги 9 та ўрта махсус ислом таълим муассасаларидан иштирокчи талабалар, шунингдек, ўқитувчилар ҳамда таълим муассасалари раҳбарлари ташриф буюрди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги ўрта махсус ислом билим юртлари битирувчи босқич талабалари ўртасида ўтказиладиган “Ягона олимпиада” танлови Низомига мувофиқ ягона олимпиада иштирокчилари қуйидаги фанлар бўйича синовдан ўтказилди:

1-блок: фиқҳ, ақоид (тест)                                           50 балл

2-блок: араб тили (ижодий имтиҳон)                            30 балл

3-блок: Ўзбекистон тарихи (тест)                                  20 балл.

Ягона олимпиада иштирокчилари синовдан ўтказилиб, танлов ғолиблари қуйидаги тартибда тақдирланди:

I ўринни эгаллаган иштирокчи “Фахриддин ар-Розий” ўрта махсус ислом билим юрти талабаси Эшбоев Шоҳзод Нормаматович
тўлов-контракт асосида олий диний таълим муассасасига конкурссиз ўқишга қабул қилиш ва 1-даражали диплом;

II ўринни эгаллаган иштирокчи “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти талабаси Узоқов Абдулвосид Абдувоҳид ўғли олий диний таълим муассасасига ўқишга кириши учун имтиҳон натижалари бўйича ўзи тўплаган балнинг 25 фоизи миқдорида қўшимча балл қўшиб бериш имтиёзи,
2-даражали диплом ва микротўлқинли печь;

III ўринни эгаллаган иштирокчи “Мир Араб” ўрта махсус ислом билим юрти талабаси Хамидов Абдулбосит Орифжон ўғли олий диний таълим муассасасига ўқишга кириши учун имтиҳон натижалари бўйича ўзи тўплаган 

балнинг 15 фоизи миқдорида қўшимча балл қўшиб бериш имтиёзи,
3-даражали диплом ва чангютгич билан тақдирланди.

Ўрин эгалламаган иштирокчилар 300.000 (уч юз минг) сўм миқдоридаги китоблар тўплами ва фахрий ёрлиқ билан тақдирланди.

Танлов кун тартибида ташрифнинг маданий-маърифий қисми ҳам назарда тутилган бўлиб, унга кўра Мир Араб олий мадрасасига “Ягона олимпиада” танлови муносабати билан ташриф буюрган барча меҳмонларни кўҳна ва навқирон Бухоройи шариф бўйлаб саёҳат қилдириш, шу жумладан, дунёга машҳур “Етти пир” зиёратгоҳларига олиб бориш режалаштирилган.

Зеро, Президентимиз Ш.Мирзиёев ҳам жорий йилнинг 29 март куни Бухородаги “Етти пир”нинг биринчиси ҳисобланадиган Абдухолиқ Ғиждувоний мақбарасини зиёрат қилиш асносида: “Китобда ўқиш бошқа, зиёрат қилиб, юракдан ўтказиб ўрганиш бошқа. Бу жой маърифат маркази бўлиши, одамлар ўзига илм олиб кетиши керак”, деб таъкидлади
ва Абдухолиқ Ғиждувоний мажмуасига имом-хатибларни жалб этиб, уларга алломаларимиз маънавий меросини тўғри ва чуқур ўргатиш, халқимизга етказиш бўйича топшириқлар берди.

 

 

Мир Араб олий мадрасаси Матбуот хизмати

2711 марта ўқилди

Янгиликлар

Top