Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазрат AҚШ Тинчлик институтида нутқ сўзлади

Аввал, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари АҚШга жўнаб кетганлари ҳақида хабар берган эдик.
21 май куни Вашингтон шаҳрида муфтий Усмонхон Aлимов ҳазратлари AҚШ Тинчлик институтида ташкил этилган давра суҳбатида нутқ сўзладилар. Муфтий ҳазратлари муҳтарам Президентимиз раҳбарликларида мамлакатимизда барча соҳалар қатори диний-маърифий ва эътиқод эркинлиги борасида ҳам улкан ислоҳотлар амалга оширилаётганини билдириб, масжидлар сони 2056 тани, диний таълим муассасалари сони 12 тани ташкил этгани, Рамазон ойида барча масжидда таровеҳ намозлари, 1250 та масжидда эса хатми Қуръонлар ўтказилаётгани ҳамда АҚШ, Россия ва Малайзия каби давлатлар таклифлар асосида қориларимиз мазкур давлатларда таровеҳ намозларида хатми Қуръон ўқишаётгани ҳақида маълумот бердилар.
Шунингдек, ўлкамизда 12 та диний таълим муассасаси фаолият олиб бораётгани, буларнинг 3 таси олий, 9 таси ўрта махсус, 2 таси аёл-қизлар билим юрти эканини билдирдилар. Ўтган йилларда Президентимиз ташаббуслари билан Мир Араб олий мадрасаси ва Ҳадис илми мактаби номли иккита олий диний таълим муассасаси ташкил этилганини сўзлаб бердилар.
2018 йили диёримизда 13 та янги масжид очилди, жорий йил эса давлатимиз Раҳбарининг бевосита ташаббуси билан иккита муҳташам жоме масжиднинг очилиш маросими бўлганини алоҳида қайд этдилар.
Бундан ташқари муфтий ҳазратлари юртимизда жаҳолатга қарши маърифат билан курашишнинг аҳамияти ва турли диний конфессиялар вакиллари билан азалдан аҳил-иноқ яшашнинг тинчлик-барқарорликка ижобий таъсири жуда катта эканини муфтий ҳазратлари изоҳладилар.
Давра суҳбати иштирокчилари – экспертлар, таҳлилчилар ва соҳа мутахассислари томонидан Ўзбекистондаги “Жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш" тамойили жуда илиқ қарши олинди ва амалга оширилаётган илоҳотларга юқори баҳо берилди.
Ўзбекистон делегацияси таркибидаги Олий Мажлис аъзолари – Сенат Ташқи ишлар қўмитаси раиси Aлишер Курманов ва Қонунчилик палатаси аъзоси, Инсон ҳуқуқлари миллий маркази директори Aкмал Саидов ҳамда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров ҳам давра суҳбатида сўзга чиқишди ва эътиқод эркинлиги борасидаги саволларга батафсил жавоб беришди.
Ушбу тадбир Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси ва AҚШ Тинчлик институти томонидан ташкил этилди. 20 май куни Тинчлик институти томонидан тадбир иштирокчилари учун ифторлик ҳам уюштирилди.
АҚШ сафари давом этмоқда, жараёнларни сайтимиз орқали ёритиб борамиз.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2505 марта ўқилди

Янгиликлар

Top